1

"Фуқаролар учун Давлат бюджети — 2020"да нималар акс этди ва у қанчалик назоратда?

СИЁСАТ 25.11.2019, 17:54
"Фуқаролар учун Давлат бюджети — 2020"да  нималар акс этди ва у қанчалик назоратда?

 

Сўнгги кунларнинг муҳим икки янгилиги Президент Шавкат Мирзиёев 31 октябрь куни макроиқтисодий кўрсаткичлар, солиқ-бюджет сиёсати, давлат бюджетининг жорий йилда кутилаётган ижроси ва 2020 йилга мўлжалланган параметрлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди. 1 ноябрь  куни Молия вазирлиги “Фуқаролар учун Давлат бюджети — 2020“ деган ҳужжатни халқ ҳукмига ҳавола этди.

Шу ўринда айтиб ўтишимиз керакки, 2018 йилнинг 22 август куни Шавкат Мирзиёев­ "Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорга имзо чеккан эди. Мазкур қарорга мувофиқ, бюджет маълумотларининг очиқлигини янада ошириш мақсадида бюджет маблағларининг шаклланиши ва сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатишнинг янги тартиби белгиланган. Унга кўра, 2020 йилдан бошлаб давлат бюджети қонун шаклида қабул қилинади ва халқ вакиллари томонидан назоратга олинади. Парламентга тақдим этиладиган Бюджет тўғрисидаги қонун лойиҳасида ва Бюджетномада аҳоли ва ташқи ҳамкорларимизга мамлакат бюджетининг ҳолати очиқ-ойдин, халқаро стандартларга мувофиқ тарзда кўрсатилиши керак.

 

ДАРВОҚЕ...

Сир эмас, одамлар орасида “Бюджетнинг пуллари қаёққа кетяпти?” — деган надоматлар юради. Идораларга бу савол берилса, улар: “Молия вазирлигидан пул олиш қийин”лигини рўкач қилишарди. Мазкур тартиб ўрнатиладиган бўлса, энди қайси соҳага қанча маблағ ажратилгани, соҳагагина эмас, қайси идорага қанча берилиши ва нимага сарфланиши ошкор қилинмоқда ва жамоат назорати ўрнатишга даъват қилинмоқда.

Жорий этилаётган янги тизимнинг яна бир ўзига хос жиҳати — марказлашган бюджет сиёсатидан босқичма-босқич воз кечишдир. Масалан, маҳаллий бюджетлар даромадини мустаҳкамлаш мақсадида автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш йиғимлари маҳаллий бюджетга ўтказилмоқда. Алкоголь маҳсулотлари ва мобил алоқа хизматини кўрсатиш учун акциз солиғи тушумлари аҳоли сонидан келиб чиқиб ҳудудлар ўртасида қайта тақсимланади. Қўшилган қиймат солиғи ва юридик шахс­лардан олинадиган фойда солиғи бўйича прогноздан орттириб бажарилган қисми тўлиқ ҳудудларда қолдирилади. 2020 йилдан бошлаб маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадлари ҳокимлар томонидан эмас, маҳаллий кенгашлар томонидан маъқулланган йўналишларга ажратилади. Фақат кечиктириб бўлмайдиган харажатларгина ҳокимликлар томонидан тасдиқланиши ва кейинчалик уларнинг тўғри сарфлангани ҳақида кенгашлар олдида ҳисобот берилиши лозим.

“Иқтисодиёт тармоқларини "оёққа турғазиш", рақобатбардош қилиш учун кейинги икки йилда уларга барча имкониятлар берилди. Бироқ бу имкониятлардан фойдаланиб, қайси тармоқ меҳнат унумдорлигини оширди, маҳсулотлар рақобатбардош бўлиши ва экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар улуши кўпайишини таъминлай олди? Афсуски, бирорта тармоқни бугунги кунда "зўр ишлади ёки юқори натижа берди", деб айта олмаймиз”. 

Шавкат Мирзиёев

АЛАЛ-ОҚИБАТ...

Иқтисодиёт тармоқларидаги тизимли муаммолар, инфляция даражасининг 16 фоиздан пасаймагани аҳоли тўлов қобилиятига салбий таъсир этмоқда. Вақт-вақти билан ошаётган маошларни пулнинг қадрсизланиши ортиғи билан ютиб юбормоқда. 

Эслаймиз — Англияда кончилар олти йил тинимсиз намойиш қилганига қарамасдан “темир хоним” — Бош вазир Маргарет Тетчер маошни 5 фунтга ҳам оширишга рози бўлмаганди. Унинг фик­рича, оширилган маош харажатлари яна маҳсулотга юкланади ва кечаги пулга бугун кечагича нарса сотиб олиб бўлмай қолади... Иқтисодиёт ҳали ҳам ўша азалий қоидаларга кўра ривожланади. Маош оширишдан кўра, маҳсулотлар таннархини тушириш керак ва коррупцияни йўқотиш лозим.

Ўзбекистон экспортининг 60 фоизидан юқорисини ҳанузгача газ, олтин, кумуш, мис, рух, полиэтилен, калава ип каби хом­ашёлар ташкил этаётгани ачинарлидир. Ўз газимизни қиммат нархда “Лукойл”дан қайта сотиб олаётганимиз аянчлидир. 

Шавкат Мирзиёев мажлисда мамлакатда чарм-пойабзал экспорти бўйича камида 1,5 миллиард долларлик экспорт салоҳияти борлигини таъкидлади, лекин ҳозирда бу борадаги кўрсаткич 200 миллион долларга ҳам етмайди. "Ўзчармсаноат" уюшмасига терини чуқур қайта ишлаб, аёллар пойабзаллари ва сумкалари, спорт анжомлари ва бошқа тайёр чарм-атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш орқали экспорт ҳажмини 2 баробар ошириш вазифаси қўйилди. Лекин ёдимизда бу уюшма четдан кирадиган пойабзалга давлат божини ошириш таклифи билан чиқди, демак, унинг маҳсулотлари хорижники билан рақобат қила олмайди ва у маҳсулотларини четга эмас, ошиқча нархда халқимизга сотмоқчи.

Тўқимачилик саноати маҳсулотлари икки баробарга ошгани айтилди, аммо 1 миллиард 600 миллион долларлик экспортнинг ярмини ип-калава экспорти ташкил этмоқда.

Яна бир таҳлил: дунёда мева-сабзавот маҳсулотларининг ташқи бозори 205 миллиард долларни ташкил этади. Ўзбекистоннинг бу бозордаги улуши эса бир фоизга ҳам етмайди.

 

"ФУҚАРОЛАР УЧУН 
БЮДЖЕТ — 2020"

Эълон қилинган ҳужжат ҳар йилгидай бир бюджетдир. Келгуси йили ижтимоий соҳалар учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳажми ортиши кўзда тутилган. Масалан, соғлиқни сақлаш тизимига йўналтириладиган харажатлар жорий йилдагига нисбатан 18 фоизга, таълим соҳасига — 10 фоиз­га ва илм-фан ривожига — 47 фоизга кўпаяди... 

Статистиканинг сир-синоатларини оддий фуқаро билиши мушкул. Пулга чақилган кўрсаткичлар аниқ тасаввур бермайди. Дейлик, миллион тонна гўшт ишлаб чиқсак ва ўтган йил 40 минг сўмдан 40 миллиард сўм бўлса, бу йил ҳам шунча ишлаб чиқарсак ва бу бугунги нархларда 60 минг сўмдан 60 миллиард сўм бўлса, гўшт саноати ишлаб чиқариш ҳажми 50% ошди, десак бўладими?! Бир килога ҳам ошмаган-ку! Қолаверса, ҳар йили аҳоли сони 300-400 минг кишига кўпайиши ҳисобига киши бошига янада камайган бўлиб чиқади. 

Инфляциянинг йиллик ўсиши 16 фоиз­га ошгани айтилганига таянсак, таълим соҳасига ажратилган харажатнинг 2020 йилда 10 фоизга ошганлиги аслида харид қувватининг ошмаганлигини, 6 фоизга камайганлигини билдиради. 

БУГУНГИ ҲОЛАТИМИЗНИНГ ҲАҚИҚАТИ

Аёнки, аҳоли сони ошади, нарх ошади, маош ошади, инфляция ошади, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи маҳсулот ошишга улгурмайди, маош нархнинг ортидан улгурмайди — бу бугунги ҳолатимизнинг ҳақиқатидир. Шунинг учун Шавкат Мирзиёев инфляцияни бугунги 16 фоиздан яқин уч йил ичида 9,5 фоизга тушириш вазифасини қўйди. Молия вазири ўринбосари Т.Ишметов инфляциянинг юқорилиги умуман ислоҳотларнинг келажагини хавф остига қўйишини айтанида ҳақдир.

Келгуси йил учун бюджетда инфляциянинг 12,5-13% атрофида бўлиши режалаштирилмоқда. Режаларга иқтисодий вазият қандай жавоб қилиши аниқ эмас. Масалан, ёдимизда, 2018 йилда Ўзбекистон иқтисоди 5,2% ўсгани ҳолда, инфляция — 17,5% ошган эди.

Харажатлар қанча?

“Фуқаролар учун бюджет — 2020”ни кўриб чиқарканмиз, умуман олганда, эл қатори яхши бюджетдай кўринади. 

2020 йилда Давлат бюджети харажатлари 131 трлн. 104,5млрд. сўм миқдорида бўлиши прогноз қилинмоқда, бу эса 2019 йилда тасдиқланган параметрлардан 22,4 фоизга кўпдир.

Шундан 66 трлн. 018, 1 млрд. сўм ижтимоий харажатларга йўналтирилади. Давлат бюджети харажатларнинг қарийб ярми ижтимоий соҳага ёки умумий харажатларнинг 22,9 фоизи таълим соҳасига йўналтирилиши кутилмоқда.

Соғлиқни сақлаш соҳасига эса 14 трлн. 842,6 млрд. сўм кўзда тутилган.

Аҳолига нафақалар, моддий ёр­дам ва компенсация тўловларига 6 трлн. 573,7 млрд. сўм миқдорида маблағ ажратилади, бу эса 2019 йилда тасдиқланган параметрлардан 23 фоизга кўпдир.

2020 йилда арзон уй-жойлар қуриш ишлари давом эттирилади. Давлат бюджетидан 1 трлн. 905,0 млрд. сўм йўналтириш режалаштирилган.

Гап унинг ҳалол ижросида. Ҳар бир кунимиз таскинбахш бўлмаган, қўрқинчли хабарларни олиб келмоқда. Биз давлат ва жамият тизимида монополизм, порахўрлик, коррупция, таниш-билишчилик, непотизм, кўзбўямачилик ва сўзбўямачилик авжига чиққан муҳитда яшаяпмиз. Шу бюджет шу муҳитда жамланади ва шу муҳитда сарфланади-да.

ВА НИҲОЯТ...

Кеча ва бугунги айрим хабарлардан биргина шингил: Самарқанд вилоят ҳокимияти бир қарори билан 2018 йилда харитада умуман бўлмаган уйни бузишга компенсация тариқасида 836 миллион сўмни Давлат бюджетидан ажратиб олган. Яъни уйлари бузилган инсонлар товон пули ололмай овора бўлган, давлатимиздан нолиб турган, давлат бошқа жабҳалардан тежаб ажратган пул ўзлаштириб юборилган. 

Яна бир хабар: “Жамоат ишлари жамғармаси тизимида ноқонуний харажатлар аниқланди... Молия вазирлиги мониторинги вақтинча ишсиз аҳолини жамоат ишларига жалб қилиш билан шуғулланувчи Жамоат ишлари жамғармаси тизимида 4,7 млрд. сўмлик ноқонуний сарф-харажатларни аниқлади”. Гап нимада? Ишсиз, мардикорчилик қилиб юрганларга кўча супуртириш, ободонлаштириш сингари ишларни таклиф этиб, уларга маош бериш учун жамғарма тузилди, бюджетдан — яъни халқнинг пулидан кўп миллиардлар ажратилди. Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида жамоат ишларига 284 минг нафар фуқаро жалб этилган, деб ҳужжатлаштирилган ва уларга жамғарма ҳисобидан 189,4 млрд. сўм иш ҳақи тўлаб берилган, деб билинади. Танлаб текширилганда ҳам ўнлаб суиистеъмолликлар аниқланди. 

Мисол учун, Андижон шаҳар Аҳоли бандликка кўмаклашиш маркази бош ҳисобчиси "Элга хизмат кўмакдош" МЧЖ раҳбари билан келишган ҳолда жамоат ишларини бажарганлик тўғрисида ҳеч қандай ҳужжатларсиз 362,8 млн. сўм маблағни МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб берган. Балиқчи тумани Аҳоли бандликка кўмаклашиш маркази бош инспектори тумандаги 8 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари билан келишган ҳолда 44 нафар фуқаро билан тузилган сохта меҳнат шартномалари ва жамоат ишларини бажарилганлиги тўғрисида ҳисобот маълумотлари асосида 52,4 млн. сўм ўзлаштирилган, яъни ўша фуқаролар иш бажармаган ҳам ва бу пулларни кўрмаган ҳам. Булунғур туманидаги "Агро фаровон замин" агрофирмаси раҳбари агрофирмада ишлаб келаётган 36 нафар ходимни (ходимларнинг бехабарлигида) 22 май­да ишдан бўшатиб, 3 ой муддатга ҳақ тўланадиган жамоат ишларига сохта буюртмани туман Аҳоли бандликка кўмаклашиш марказига тақдим этиб, 27,4 млн. сўм жамғармадан асоссиз олганлиги аниқланди. Одамлар ўзи бехабар ишдан бўшаган, ишсиз сифатида жамғармадан маош олган, деб расмийлаштирилган ва яна жойи­га тик­ланган. Ҳеч бир иш қилинмай, бюджет пули ўзлаштирилган. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Кўриб турибмизки, давлат ва жамоат назоратисиз “айрим” мансабдорлар Давлат бюджетини талош қилиб еб юборади.

Хулоса ўрнида:

Кўп триллионлардан иборат ана шу бюджетнинг сарфланиши устидан давлат назорати билан бирга жамоат назоратини ўрнатиш механизми таклиф қилинмоқда ва уни амалга ошириш керак.

Шавкат Мирзиёев бюджет маблағларини сарфлаш устидан қатъий молиявий-бюджет интизомини ўрнатиш лозимлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, асосий мезон шундай бўлиши керак: иқтисодга йўналтирилган бюджетнинг ҳар сўми фойда келтириши керак, ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағ мактабларга, беморларга ва муҳтожларгача етиб бориши керак. Ишонамизки, агар давлат бюжетининг харажат қисми ёзилгани каби ҳалол сарфланса, ўғирланмаса, юртда фаровонлик уч-тўрт баробар юксалган бўларди.

Давлат бюджети лойиҳасининг остига бир мухлис шундай шарҳ ­қол­ди­рибди: “Давлат бюджетининг эллик фоизи коррупционерларнинг чўнтагидадир”. Айтиш мумкинки, реал жамоатчилик назорати ўрнатилганидан сўнггина бу даъвога қўшилиш ёки уни рад этиш мумкин бўлади.

Карим Бахриев, журналист

"Даракчи" газетасидан олинди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1