1

Амударёда янги корхона иш бошлади

ЖАМИЯТ 23.01.2015, 09:20
Амударёда янги корхона иш бошлади

Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида маҳаллий хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлашни таъминлайдиган, юқори технологияларга асосланган янги ишлаб чиқаришларни ташкил этишга қаратилган инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётгани таъкидланди, деб ёзади ЎзА.
Ўтган йили иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқларида замонавий юқори технологияларга асосланган ускуналар билан жиҳозланган кўплаб йирик объектлар фойдаланишга топширилди. Улар қаторида йилига 6 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Amudaryotex” хорижий корхонаси ҳам бор.
Корхонага Буюк Британия томонидан 43,3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция киритилиб, маҳаллий хомашёдан юқори сифатли экспортбоп тўқимачилик ва трикотаж саноати учун ип-калава, хом ва тайёр ип газламалар, техник газламалар, ватин ҳамда бошқа турдаги тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Амударё туманида иш бошлаган мазкур корхонага 29 миллион АҚШ долларилик замонавий дастгоҳлар келтириб ўрнатилди. Компьютерлаштирилган ускуна ва дастгоҳларни маҳаллий ёшлар моҳирлик билан бошқариб, юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқармоқда.
– Ишлаб чиқараётган маҳсулотимизнинг 80 фоизи экспорт қилинади, – дейди корхона бош директори Мақсуд Жуматов. – Корхона тўла қувват билан ишга туширилгач, йилига 30 миллион АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилиш имконияти яратилади. Ишлаб чиқарилган 102 минг АҚШ долларилик дастлабки маҳсулот хорижга экспорт қилинди.
Айни пайтда корхонада 250 киши доимий иш ўрнига эга. Уларнинг 60 фоиздан зиёди касб-ҳунар коллежини битирган ёшлардир. Корхонанинг иккинчи босқичи ишга тушгач, яна юзта янги иш ўрни очилади.
– Корхонанинг ишга туширилиши биз, ёшлар учун жуда кенг имкониятлар яратди, – дейди ишчи Мақсуда Раҳимова. – Коллежни тугатиб, шу ерда иш бошладим. Устозларимдан тўқувчилик сирларини пухта ўрганиб, замонавий дастгоҳларда сифатли ип-калава ишлаб чиқараётганимдан хурсандман. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1