1

Пропискаси бошқа ҳудудда бўлганлар сайловда қандай овоз беради?

СИЁСАТ 03.12.2019, 19:30
Теглар: прописка, сайлов, фуқаро
Пропискаси бошқа ҳудудда бўлганлар сайловда қандай овоз беради?

Бугун Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясиси навбатдаги тадбирни ўтказди. 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси М.Абдусаломов ўтган йиғилишларда Ўзбекистоннинг  Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, АҚШ, Корея Республикаси каби мамлакатлардаги элчихоналари томонидан  сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлар батафсил муҳокама қилинганини айтиб ўтди. Худди шундай сайловга тайёргарлик ишлари бошқа мамлакатларда ҳам олиб борилаётганини таъкидлади. 

Йиғилишда Анқара шаҳридаги Ўзбекистон элчихонаси билан ўрнатилган бевосита видеоконференц алоқа орқали Ўзбекистоннинг Туркия Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Аъзамхўжаевнинг ахбороти тингланди. У элчихона томонидан Туркиянинг пойтахти - Анқара ҳамда Истанбул шаҳарларида сайлов участкалари очилгани, уларда овоз берадиган ўзбекистонлик сайловчилар рўйхатини тузиш ишлари изчил давом эттирилаётганини айтиб ўтди

Марказий Сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Маҳмуд Истамов 2019 йил 22 декабрда сайловларда илк бор мамлакат миқёсида Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ва Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими амалда қўлланилаётгани ҳақида ахборот берди.

Унга кўра, сайловчининг қайси сайлов участкаси бўйича (доимий ёки вақтинча прописка (ҳисобда туриш) жойи бўйича) сайловчилар рўйхатига киритилиши участка сайлов комиссияси ўтказадиган уйма-уй юриш натижаларига кўра аниқланади.

Бунда, сайлов участкаси ҳудудида вақтинчалик яшаётган фуқаролар бўлса, уларнинг овоз бериш куни ушбу ҳудудда бўлиши ёки бўлмаслиги ўзаро суҳбат чоғида участка сайлов комиссияси аъзоси томонидан аниқланади ва сайловчини вақтинча яшаб турган жойи бўйича сайловчилар рўйхатига киритиш масаласи ҳал этилади.

Сайлов участкаси ҳудудида вақтинчалик яшаётган фуқаролар билан шахсан суҳбат қуриш имконияти бўлмаса, улар вақтинча яшаш жойидаги сайлов участкаси сайловчилар рўйхатига киритилмайди.

Агар сайловчи яшаб турган жойи бўйича ҳисобга олинган бўлмаса (пропискада турмаса), вақтинча яшаш жойидаги сайлов участкаси бўйича сайловчилар рўйхатига киритилиши ва овоз бериши мумкин.

Бунда сайловчи яшаб турган жойидаги сайлов участкаси бўйича рўйхатга киритилиши учун шу ҳудуддаги участка сайлов комиссиясига сайловга камида уч кун қолгунга қадар (19 декабргача) мурожаат қилиши мумкин.

Фуқаро ҳақиқатан сайлов участкаси жойлашган ҳудудда вақтинча яшаётганлигини қўшимча ҳужжатлар (вақтинча яшаш маълумотномаси ва бошқалар) билан тасдиқлашни талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Участка сайлов комиссияси фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати асосида сайловчининг қайси сайлов участкаси бўйича рўйхатга киритилганлигини сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидан излаб топади ва муддатидан олдин овоз берган ёки бермаганлигини аниқлаштиради. Муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланмаган сайловчиларгина ҳақиқатан вақтинча яшаш жойидаги сайлов участкаси бўйича сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1