Бугун, 10 декабрь куни Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенатнинг йигирма бешинчи ялпи мажлисини жорий йил 14 декабрь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Сенат ахборот хизмати хабарига кўра, ялпи мажлисда сенаторлар бир қатор қонун ҳужжатлари ҳамда муҳим масалаларни муҳокама қилади.
- “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси тўғрисида”ги,
- “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун хужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги,
- “Давлат божи тўғрисида”ги,
- “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги,
- “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги,
- “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида”ги,
- “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари шулар жумласидан.
Бундан ташқари, сенаторлар томонидан Сурхондарё вилояти Термиз туманининг чегарасини ўзгартириш, Термиз шаҳрининг чегарасини кенгайтириш ҳамда уларнинг чегараларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилади.
Ҳисоботлар ҳам эшитилади
Ялпи мажлисда Адлия вазирининг давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти, шунингдек, Навоий вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботи эшитилади.
Парламент сўрови натижаси муҳокама қилинади
Сенаторлар сув объектларига оқинди сувларни оқизиш билан боғлиқ муаммолар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларини ҳам муҳокама қилади.