1

Сенатда яна 4 та қонун маъқулланди

СИЁСАТ 14.12.2019, 12:46
Теглар: қонун, миллий гвардия, бож
Сенатда яна 4 та қонун маъқулланди

Айни пайтда давом этаётган Сенат ялпи мажлисида сенаторлар томонидан “Давлат божи тўғрисида”ги, “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги, “Миллий гвардия тўғрисида”ги ҳамда “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари муҳокама қилинди ва маъқулланди.

Таъкидланганидек, “Давлат божи тўғрисида”ги қонун Солиқ кодекси янги таҳрирда ишлаб чиқилиши муносабати билан, шунингдек, давлат божини белгилаш, ундириш, ундан озод қилиш ва уни қайтариш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган. 

Қонунда давлат божи ундириладиган объектлар ва давлат божи ставкаларининг миқдорлари назарда тутилмоқда. Шу билан бирга, фуқаролик ишлари бўйича судларда, иқтисодий судларда ва маъмурий судларда, нотариал ҳаракатлар амалга оширилганда, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этишда, Ўзбекистон Республикаси фуқароси биометрик паспортини расмийлаштириш ва беришда, шу жумладан хорижга чиқиш учун биометрик паспорт расмийлаштириш ва беришда, консуллик йиғимини тўлашда давлат божини тўлашдан озод қилиш тартиби ва озод қилинадиган шахслар рўйхати белгиланмоқда.

Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Қонунмуҳокамасида сўзга чиққанлар бугун Ўзбекистон Республикасидаги инвестиция фаолияти 20 йил аввал қабул қилинган ва ҳозирги замон талабларига жавоб бермайдиган қонунлар билан тартибга солинганини қайд этишди. Шу муносабат билан мазкур Қонун ишлаб чиқилиб, у Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тизимига ягона бирлаштирилган ҳужжат сифатида киритилади. 

Ҳужжатда белгиланишича, пул маблағлари (шу жумладан чет эл валютаси) ва бошқа молиявий маблағлар, шу жумладан кредитлар, пайлар, улушлар, акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар, кўчар ва кўчмас мол-мулк ҳамда бошқа объектлар инвестиция ресурслари жумласига киради. 

“Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Қонун муҳокамасида “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Қонуннинг амалдаги таҳрири эркин иқтисодий зоналар фаолиятини комплекс тартибга солмаслиги ва такомилига етказилиши зарурлиги қайд этилди. Қонуности ҳужжатларининг кўплиги, тўғридан-тўғри таъсир қиладиган махсус қонун ҳужжати мукаммал эмаслиги ва барча зарур масалалар тартибга солинмаганлиги тафовутлар ва потенциал инвесторларда бу соҳадаги қонун ҳужжатлари барқарорлиги тўғрисида салбий фикр пайдо бўлишига олиб келади.

Қонун махсус иқтисодий зоналарнинг турлари ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари, фаолият кўрсатиш муддатини узайтириш, чегараларини ўзгартириш ва уни тугатиш, махсус иқтисодий зоналарнинг фаолиятини ташкил этиш, уларни бошқариш, махсус иқтисодий зонанинг иштирокчиси мақомини белгилаш, божхонада тартибга солиш, солиқ солиш ва ердан фойдаланиш режими бўйича асосий тушунчалар ҳамда қоидалар белгиланмоқда. 

“Миллий гвардия тўғрисида”ги Қонун эса Миллий гвардиянинг мақоми, ваколатлари, вазифалари ва функцияларини белгилаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонунга кўра Миллий гвардия Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи ҳарбий тузилмаларга эга бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органдир. 

Жамоат тартиби ва хавфсизлиги, шу жумладан, оммавий тадбирлар, митинглар, йиғилишлар, намойишлар ўтказилаётганда ҳамда фуқаролар гавжум бўладиган жойларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашда, табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда ҳодисаларни бартараф этишда ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш мақсадида жамоат жойларида патруллик қилишда иштирок этиш Миллий гвардиянинг асосий вазифалари сифатида кўрсатилмоқда.

Қонунга кўра, Миллий гвардиянинг таркиби мустаҳкамланмоқда. Жумладан, Миллий гвардиянинг таркибига марказий девон, ҳудудий бошқармалар, ҳарбий тузилмалар, таълим ва тиббиёт муассасалари, шунингдек Миллий гвардиянинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун ташкил этиладиган бошқа бўлинмалар ва ташкилотлар киради.

Шу билан бирга, Миллий гвардия бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва унга ҳисобдордир, Миллий гвардияга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Миллий гвардия қўмондони раҳбарлик қилади. Миллий гвардия қўмондони мақомига кўра вазирга тенглаштирилади. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1