1

"Сайлов кампанияси давомида прокуратурага 65 та мурожаат тушди" — Бош прокурор

СИЁСАТ 22.12.2019, 15:46
"Сайлов кампанияси давомида прокуратурага 65 та мурожаат тушди" — Бош прокурор

Бугун Халқаро матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

Бош прокурор сайлов кампанияси давомида прокуратура органларига сайлов билан боғлиқ 65 мурожаат тушганини маълум қилди.

Мурожаатлар ҳудудлар кесимида қуйидагича:

Жиззах, Навоий  ва Самарқанд вилоятлари - 1 та

Андижон, Наманган, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси  -2 та

Бухоро вилояти - 3 та

Сирдарё ва Қашқадарё вилоятлари - 4 та

Тошкент вилояти ва Тошкентшаҳри - 6 та

Фарғона вилояти - 7 та

Сурхондарё вилояти -  24   та.

Мурожаатларнинг  30 таси бевосита фуқаролардан, шу жумладан, 9 таси сайловда иштирок этаётган номзодлардан ҳамда 35 таси давлат органлари ва муассасалар, хусусан, Марказий сайлов комиссиясидан келиб тушди.

Мурожаатларнинг  12 тасида Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси, 53 тасида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказилаётган сайловларга боғлиқ масалалар ёритилган.

Жумладан, Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидан С.Жумаев, Узун туманидан Б.Сафаров, Денов туманидан Х.Соҳибов ва Х.Хўжақулов, Қумқўрғон туманидан И.Жумаев, Б.Абдуллаев, Ш.Мавлонов ва Ш.Юнусовлар ўз мурожаатларида туман ҳокимлиги мансабдор шахслари сайлов жараёнига аралашиб, номзодларни кўрсатишга тўсқинлик қилганликларини баён қилган.

Худди шундай ҳолат Сирдарё ҳамда Қашқадарё вилоятларида ҳам кузатилган.

Мазкур мурожаатлар прокуратура органлари томонидан холисон ўрганилди. Лекин маҳаллий ижро ҳокимияти органлари вакиллари сайлов жараёнига аралашганлигини тасдиқловчи далиллар аниқланмади. 

Келиб тушган яна 7 мурожаатда номзодлар депутатликка мос эмаслиги важлари келтирилган. Хусусан, Нукус шаҳридан О.Абдумуродова, Беруний туманидан Р.Сафарниёзов, Гурлан туманидан У.Хўжаниёзов, Кармана туманидан Э.Тўхташимов, Бахмал туманидан О.Абдураззоқов, Чироқчи туманидан Б.Сарманов, Данғара туманидан С.Солиевлар депутатликка номзоди қўйилган фуқаролар ҳақида салбий фикр билдирилган мурожаатлар йўллашган. Уларни ўрганишда сайловларда муносиб номзодларнинг иштирок этишига монелик қилувчи бирор бир ҳолат аниқланмади. 

Қолган 10 та мурожаатлар сайловчилар исм-шарифларини қайд этиш ва бошқа техник хатоликлар билан боғлиқ бўлиб, улар жойида бартараф этилди. 

ЭСЛАТМА: Фуқаролар сайлаш ёки сайланиш ҳуқуқлари бузилганда ёки сайлов қонунчилигини бузиш ҳолатларига гувоҳ бўлганда, зудлик билан ҳудудий прокуратура органларига ёки Бош прокураторанинг 1007 ишонч телефонига мурожаат қилишлари сўралади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1