АсосийSiyosat

МДҲ Миссияси: "Сайловда оилавий овоз беришга уринишлар бўлди"

'МДҲ Миссияси: "Сайловда оилавий овоз беришга уринишлар бўлди"'ning rasmi

Ўзбекистон парламенти қонунчилик палатасига сайловларга МДҲ Миссиясига Сергей Лебедев раҳбарлик қилмоқда. Миссия таркибига 100 га яқин кузатувчи киритилган. 

Сергей Лебедев бугун 23 декабрь куни Халқаро матбуот марказида бўлиб ўтган брифингдаги баёнотида сайловга тайёргарлик кўришда қонунбузилишларга йўл қўйилганлиги тўғрисида шикоят ва аризалар тушмади, дея маълум қилди. Миссиянинг билдиришича, кузатувчилар сайлов участкалари сайловлар тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, зарур услубий тавсиялар, қўлланмалар, ахборот материаллари ҳамда тегишли қурилмалар билан таъминланганлигига ишонч ҳосил қилган.

–Номзодларнинг барчаси муносиб эканлигини кўрдик, – деди Сергей Лебедев. –Уларнинг кўпчилиги олий маълумотли, бир қатор масъул лавозимларда ишлаган, тажрибали, ўз масъулиятини яхши биладиган шахслар. Ўйлаймизки, сайланиш ҳуқуқига эга бўлган депутатлар Ўзбекистоннинг келажагига, барча соҳалардаги равнақига ўз ҳиссасини қўшади. 

Камчиликлар ҳақида гапирадиган бўлсак, айрим жойларда оилавий овоз беришга уринишлар бўлди. Аммо бу 20 миллиондан ортиқ сайловчилар учун арзимас саноқли ҳолатлар бўлиб, улар яхши тайёргарлик кўрган назоратчилар томонидан ўз вақтида аниқланди ва чора кўрилди. Яна бир партия номзодининг қариндоши машинасига тарғибот варақаларини ёпиштириб сайлов куни шаҳарда юргани аниқланган. Аммо бу айрим ҳолатлар сайлов жараёнига жиддий таъсир кўрсатмайди. Улар қонунбузилиши сифатида шов-шув қилиб кўтариб чиқишга арзимайди.  

Сергей Лебедев МДҲ кузатувчилари 182 нафарни ташкил этганлигини, улар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида, 2076 та сайлов участкаларида кузатувлар олиб борганлигини айтиб ўтди.

С.Лебедевнинг таъкидлашича Сайлов кодексига киритилган ўзгартиришлар Ўзбекистон фуқароларига очиқ ва демократик тарзда ўз ҳуқуқларидан фойдаланишга имкон берди.Шу билан бирга у Ғарб мамлакатларида бўлиб ўтган кўплаб сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этгани, лекин Ўзбекистондагидек байрамона ўтган сайловларни кўрмаганлигини қайд этди.

Манзура Бекжонова

Бошқа янгиликлар