1

Сергей Лавров Ўзбекистонга келяпти

СИЁСАТ 27.12.2019, 14:44
Сергей Лавров Ўзбекистонга келяпти

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 2020 йилнинг 12-13 январь кунлари Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова 26 декабрь куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди, деб ёзмоқда ТАССга таяниб “Kun.uz”

«Вазир Ўзбекистон президенти томонидан қабул қилинади. Ушбу давлат ташқи ишлар вазири билан музокаралар олиб борилади», - деди у.

Захарованинг сўзларига кўра, режалаштирилган мулоқотлар давомида икки томонлама сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг барча жиҳатлари кўриб чиқилиши кутилмоқда. «Россия президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида, 2018 йил 18 октябрь куни эришилган келишувларни амалга ошириш, шунингдек, 2020 йилга режалаштирилган тадбирларга алоҳида эътибор берилади», - деди Россия ТИВ расмий вакили.

Унинг таъкидлашича, икки давлат ташқи сиёсат идоралари ўртасида 2020-2021 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини имзолаш режалаштирилган бўлиб, у ташқи сиёсатнинг кўп томонлама ва минтақавий йўналишларида ёндашувлар ҳамда фаолиятини мувофиқлаштиришни кўзда тутади. «Бу ўзаро ҳамкорлик Россия ва Ўзбекистон ўртасида мавжуд бўлган стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасининг ифодасидир», - дея хулоса қилди дипломат.

Захарова Россия дипломатик идораси раҳбари РФ ТИВ «МГИМО» Тошкент филиалининг ўқитувчилари ва талабаларига маъруза ўқишини қўшимча қилди.
 
Аввалроқ, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов «РИА Новости»га мамлакат Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилишдан фойда кўриши мумкин экани, бу масала ҳозир қизғин муҳокама қилинаётганини хабар берганди.

«Ҳозир бу масала ўрганилмоқда, синчковлик билан ўрганилмоқда. Ўрганиш натижалари кейинчалик тарозига қўйилади ва қарор қабул қилинади», - деди Неъматов «РИА Новости»га.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1