1

Ошқозонда яра бўлса...

САЛОМАТЛИК 09.02.2015, 18:49
Ошқозонда яра бўлса...

“Бир неча ой давомида ошқозонимда ёқимсиз безовталик кузатилаяпти. Баъзан оғриқ хуружи кучаяди. Лекин овқатлансам ўтиб кетади. Ўтган йили онамда ҳам шундай бўлганди. Тиббий кўрикдан сўнг ошқозон яраси дейишган. Наҳот мендаги ўзгаришлар ҳам меъда яраси билан боғлиқ бўлса? Ёки касаллик насл сурадими?”

Нигора Олимова, Навоий вилояти

 

Ошқозон яраси – меъда шиллиқ қаватида яра пайдо бўлиши билан характерланадиган хасталикдир. Касалликнинг қўзғалиш ва ремиссия (тинчланиш) даврлари бўлиб, ҳар иккиси маълум вақтда алмашиниб туради. Ошқозон яраси ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Биргина нотўғри овқатланиш ёхуд нонушта қилмаслик асорати секин-асталик билан яра ҳосил бўлишига олиб келиши мумкин. Статистика маълумотларига кўра, ошқозон яраси энг кўп тарқалган хасталиклар рўйхатига киритилган.

Мавзу юзасидан олий тоифали шифокор гастроэнтролог Нодира АБДУВАЛИЕВА таништиради.

Очликка чидамсиз касаллик!

"Камроқ овқатлансанг, ошқозонинг кичраяди" деган гапларни хойнаҳой сиз ҳам эшитгансиз. Бироқ тиббиёт бу фикрни инкор этади. Зеро организмдаги ички аъзолар ўз-ўзидан шаклини ўзгартирмайди. Шу жумладан ошқозон ҳам. Агар ошқозонда яра аниқланган бўлса, оғриқ хуружлари асосан тунда ва қорин оч бўлганида кузатилади. Таомланиб бўлгач, 30-60 дақиқа ўтиб тўхтайди. Симилловчи, қорин соҳасига қараб тарқалган оғриқ баъзан кескин, баъзида эса суст бўлади. Яра жойлашуви, тузилиши ҳамда ўлчамига кўра оғриқ хуружи бир неча кун ёки ҳафталаб  давом этиши мумкин.

Асабга таъсир этади...

Танамиздаги ҳар қандай оғриқ асабни таранглаштириши, ҳатто стресс ҳолатига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Бироқ ошқозон ярасида бемор одатдагидан ҳам асабийроқ, тажанг ва инжиқ бўлиб қолади. Бундан ташқари кўнгил айниши, қайт қилиш, бош оғриқлари, зарда қайнаши, қорин дам бўлиши гоҳида ич қотиши каби безовталиклар ҳам кузатилади.

Стресс  ҳам сабабми?

Ошқозон яраси пала-партиш таомланишдан ташқари, кучли хаяжонланиш, стресс, Helicobakter piroli инфекцияси,  ирсий мойиллик, гормонал препаратларни узоқ вақт қабул қилиш, спиртли ичимликларга ружу қўйиш, меъда шираси кислоталилигининг ошиши, оч қоринга газланган, аччиқ, шўр ва консерваланган махсулотларни мунтазам истеъмол қилиш кабилар туфайли ҳам юзага келади.

Хасталикнинг қўзғалиши...

Ошқозон яраси билан оғриган беморлар асосан баҳор ва куз мавсумида сергак бўлишлари лозим. Чунки айни шу мавсумларда хасталик хуружлари кўпаяди. Шунингдек, асаб зўриқишлари, ҳолсизлик, сурункали чарчоқ ва парҳезга риоя этмаслик ҳам оғриқ қўзғалишини келтириб чиқаради.

Зонд ютиладими?

Яра ошқозоннинг қайси қисмида ва қай даражада чуқур  жойлашганини аниқлаш учун эндоскопик текширув  ўтказилиб, бемор оч қоринга зонд ютади. Шу билан бирга УТТ текширувини ҳам ўтказиш  мумкин.

Муоалажа шарти

Агар организмингизда юзага келган «қўзғолон» сабабчиси инфекция бўлса, шифокор томонидан инфекцияларни бартараф этувчи, шунингдек шиллиқ парданинг фаол яллиғланишини камайтирувчи, яра ва эрозияларни битирувчи, хуружларнинг олдини олувчи препаратлар буюрилади. Муолажа билан биргаликда қатъий парҳезга риоя этишни ҳам унутманг. Ўз вақтида ва тўғри даволаниш хасталикнинг сурункали тус олишидан ҳимоялайди.

Етарлича даволанмаслик....

Яранинг қонаши – бемор ҳушидан кетиши, баъзан ичакдан қон кетиши ёки қон қусиши (камқонликка олиб келувчи ҳолатлар);

Яранинг тешилиши  – қорин соҳасида кескин, ўткир оғриқнинг пайдо бўлиши, ҳушдан кетиш каби ҳолатлар кузатилиб, бемор зудлик билан касалхонага олиб борилиши керак. Яра тешилганда  жаррохлик амалиёти  ўтказилади.

Вақтида чора кўрилмаса, яра  бошқа аъзоларга тарқаши, шунингдек, малегнизация яъни саратонга айланиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Факт:

Меъда яраси асосан 20-25 ёшлилар орасида кузатилади. Хасталикнинг ўрта ёшлилар орасида аниқланиши эса вақтида даволанмаслик сабаб келиб чиққан асоратидир.

 Н.ИЛЁСОВА тайёрлади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1