1

Давлат солиқ қўмитаси раиси андижонлик тадбиркорлар билан учрашди

ИҚТИСОДИЁТ 12.01.2020, 14:39
Давлат солиқ қўмитаси раиси андижонлик тадбиркорлар билан учрашди

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси билан нималар ўзгарди? Тадбиркорлик субъектлари учун қандай қулайликлар яратилди? Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаевнинг навбатдаги манзили – Андижонда вилоят тадбиркорлари билан ўтказган очиқ мулоқотида ана шу каби саволларга батафсил жавоб берилди.

Қўмита раиси сўзи аввалида янги таҳрирдаги Солиқ кодексига мамлакат тараққиётининг таянчи бўлган инсофли, ҳалол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш, яширин фаолият юритаётганларнинг қонуний ишлаши учун шарт-шароит яратишга хизмат қиладиган нормалар киритилганлигига алоҳида тўхталди. Бундан кўзланган мақсад фуқароларимиз солиқдан қочиш эмас, балки уни вақтида тўлашдан манфаатдор бўлишига эришиш эканлигини таъкидлади.

Дарҳақиқат, солиқ органи хўжалик юритувчи субъектлар ҳузурига борган ҳолда муаммо ва таклифларини тинглаб, уларга биргаликда ечим топиб, иш фаолиятига ёрдам берувчи идорага айланганлиги ҳам  Солиқ кодексида белгилаб қўйилганлигини айтди. Хусусан, 9-моддада солиқ органлари солиқ муносабатлари доирасида солиқ тўловчилар билан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини тўғри бажариш мақсадида ҳамкорлик қилиши шарт эканлиги алоҳида қайд этилган. Бу эса янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг бир сўз билан ифодалаганда, шаффоф эканлигига исбот.

Масалан, авваллари солиқ тўловчилар солиқ мажбуриятларини вақтида бажармаган тақдирда пеня ҳисобланиб ундирилар эди. Бироқ солиқ органлари томонидан ортиқча ундирилган солиқларни ўз вақтида қайтариб бермаган ҳолларда, уларга ҳеч қандай чора кўрилмас эди. Бу эса тадбиркорларда айланма маблағлари етишмаслигига олиб келиб, молиявий аҳволига салбий таъсир кўрсатарди.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида ортиқча тўланган маблағларни солиқ тўловчиларга фоизи билан қайтариб бериш  мажбурияти юкланди. Бу – солиқ органларининг солиқ тўловчи олдидаги мажбуриятини оширибгина қолмай, ҳар икки томон ҳам қонун олдида бир хил эканлигини таъминлайди.

Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизматининг хабар беришича очиқ мулоқот самимий ва қизғин баҳс мунозараларга бой ўтди. Тадбиркорлар Янги таҳрирдаги Солиқ кодексидаги ҳар бир ўзгариш ва янгилик ҳақида янада кўпроқ маълумотларга эга бўлиш учун мутахассислар билан алоҳида суҳбатлашдилар ҳам. Уларни қизиқтирган мавзулар бўйича  кенгроқ тасаввурга эга бўлишлари учун махсус ахборот стендлари ҳамда слайдлар орқали батафсил тушунчалар берилиб, буклетлар тарқатилди.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1