Райҳон ва Йигитали. Энг машҳур жуфтликка дарз кетди?!

ШОУ-БИЗНЕС 11.02.2015, 19:00
Райҳон ва Йигитали. Энг машҳур жуфтликка дарз кетди?!

Ижтимоий тармоқларда Райҳоннинг турмуш ўртоғи билан ажрашаётгани ҳақида маълумотлар тарқалдики, “Айфон 6” чиққанида ҳам бу қадар катта шов– шув бўлмаганди. “Нега? Нима учун? Афсус! Ие?!” – таажжуб ва саволларнинг кети узилмаяпти.

Райҳон билан боғлиқ воқеалар у ижодга киргандан бошлаб, минглаб мухлисларнинг кўзини четлатиб ўтиши мумкин эмас! Хуллас, Райҳон билан эксклюзив суҳбат уюштиришни лозим топдик. Бу шунчаки анъанавий савол– жавоб эмас, сиз кутаётган, аниқ жавоб излаётган саволларга севимли хонанданинг ўзидан аниқ маълумотлар эшитамиз.

Чарчаганингиз кўриниб турибди. Концертга катта тайёргарлик кўраётганингиздан дарак бу...

– Вокалистлар билан ишлаяпмиз. Менинг янги манерам борасида. Умид қиламанки, ўзгаришимни мухлислар илиқ қабул қилади. Чунки, жуда бошқача бўламан!

– Бошқача? Қанақа бўласиз?

– Максимум даражада жонли мусиқа бўлиши устида ҳаракат қилаяпмиз. Тўғри, тўлиқ жонли ижрога ўтиш осон эмас. Бироқ, 70– 80 фоиз жонли ижро бўлади. Менинг шоумни рақсларсиз тасаввур этиб бўлмаса керак. Шу боисдан ҳар бир қўшиққа рақс саҳналаштиряпмиз. Жонли куйлаётганим сабабли енгилроқ куйлашда рақсга тўлиқ эътибор қаратилади, оғирроқ бўлса, рақсни камайтирамиз. Бу йил иккита балет гуруҳи ишлайди. Бошқача концерт бўлади. Одатий шоуларимдан жуда фарқ қилади.

– Жонли куйлай олишингизга ишоняпсиз?

– Албатта.

Тўрт кун жонли куйлаш қийинчилик туғдирмайдими? Кучингиз етадими?

– Ҳар куни репетиция қилаяпмиз. Тик туриб куйлаш ҳам мухлислар ўйлагани у қадар осон эмас. Бироқ, ҳаракатлар билан жонли куйлаш юракка етарлича юк ташлайди. Нафас олиш тизимини ҳам зўриқтириб қўяди. Бироқ, наилож! Эл ҳурматига муносиб бўлиш учун ҳар қандай қийинчиликни енгиш даркор!

– Жонли куйлашда кимдан ўрнак оласиз? Озодбек, Жаҳонгир...?

– Ҳар бир санъаткор қойил қолдиришни истайди. Юлдуз ва Озодбекнинг жанри ўзгача. Ҳам рақсга тушиб, ҳам жонли куйлаш жуда мураккаб. Таъбир жоиз бўлса, оғиздан юрак чиққудек бўлади. Озодбек ака деярли бир ой “лайв” куйлагани бизларга катта дарс бўлди. Ҳар бир санъаткор бугун ўзининг овоз имкониятларини кенгроқ кўрсатишга ҳаракат қиляпти.

– Концерт афишаларида яна бир бор дидингизни кўрсатдингиз. Бошингиздаги катта шляпани кўпчилик фотошоп деб ўйлаяпти...

– Йўқ. Бу монтаж эмас. 10 йилдан бери “Канаки” фотостудияси билан ишлаб келамиз. Фотоуслубда креатив бўлишини истадик. Бу суратда менинг имижимга ҳеч бир нарса компьютер орқали қўйилмаган.

– Сизнинг ҳеч кимга айтолмайдиган сирларингиз борми?

– Менимча, ҳар бир инсоннинг ичида ўзига аён сирлари бор. Мени омма учун керагича очиқ инсон эдим. Ёшим улғайган сари англадимки, юракни фақат сени чин юракдан тушуна оладиган ва сирингни ҳаммага дастурхон қилмайдиган одамларга очиш керак экан. Бу инсонлар доираси эса йил сайин қисқариб бормоқда. Шундай нарсалар борки фақат ўзинг ва Ўзига аён.

– Катта бир омадингиз шундаки, концертларингизга чипталар топиш муаммога айланади. Сунъий томошабин йиғиш муаммоси сизда йўқ! Балки концерт кунларини кўпайтирарсиз?

– Биз бу ҳақда ҳам ўйлаб кўраяпмиз. Вазиятга қараймиз. Чипталар тугаб, сарой иш режасида бўш кун бўлса, албатта, яна бир кун қўшамиз.

– Концертдан кейин янги альбомингизни оммага тақдим этасиз. Қайси қўшиқларингиз хит бўлишидан умидворсиз?

– Сизга ёқмайдиган “Излама” қўшиғим (кулади). Бу қўшиғим ўз тингловчиларини топганидан хурсандман. Ҳақиқатан ишонгандим. Ва шундай натижа берди. Менимча, ҳозир оммага рақсбоп тароналардан кўра, қалбга маҳзунлик улашадиган қўшиқлар ёқяпти.

– Феврал концертларга тўла. Манзура, Шоҳруххон, Гулсанам... Улардан кимнинг концертида томошабин бўлиш иштиёқингиз бор?

– Гулсанамнинг концертини томоша қилганман. Шоҳруҳхон ҳеч қачон таклиф этмаган. Мени ёқтирмаса керак! Агар, таклиф этишни жоиз топса, албатта бораман.

– Манзура 18 йиллик ижодини сарҳисоб қиляпти...

– 18 йил?! Бу иккинчи концерти, менимча. “Туркистон”да илк концерт берганини эшитгандим. 18 йилдан бери ижод қилаётган экан, демак, у анча хитларини тақдим этади.

– Шунча йилдан бери ижоддасиз. Шогирдликка тушиш истагидаги талантларга ёрдам бериш ҳақида ўйлаб кўрмадингизми?

– Мен ҳали ўзимни кимгадир ўргатишга лойиқ ижодкор санамайман. Ҳали ўрганяпман. Икки йилдан бери концерт бермаганим учун рақс ва саҳна ҳаракатларидан узоқлашгандайман. Назаримда, икки йил эмас, 10 йил йўқотдим. Ҳаммасини қайтадан бошлашим керак. Шунинг учун йўқотилган имкониятларимга қайта эга бўлиш учун 10 карра кўпроқ ишлашим керак. Машҳур пианиночи Рихтернинг гапи бор: “Бир ой бармоқларинг пианино клавишаларини босмаса, 1 йил орқага кетасан”! Наздимда, унинг гапи ҳамма соҳага тегишли.

– Митти қорбобочаларингизга нима совға қилдингиз?

– Улар менинг қуёнчаларим! Машиначалар, велосипедлар, караоке– роботлар... Уларга ҳар доим ўйинчоқлар харид қилгим келади. Синглим “Бунча ўйинчоқни нима қиласиз?” деб ҳайратда. (кулади). Мен эса бу ҳайратга парво қилгим йўқ!

– Кўпчиликнинг фикрича, турмуш ўртоғингиз билан муносабатларингизга нуқта қўяётганингиз концерт олди пиар! Шунга ойдинлик кирита оласизмим?

– Пиар дейишларига сабаб, “тўйининг эртаси куни ажрашиб кетишади” деган гап– сўзлар анча олдин болалаганидир. Бироқ, бу гапларнинг концертимга умуман алоқаси йўқ. Ҳозирги вазиятга тўхталсам, мураккаб. Нималар содир бўлаётганини эса бирма– бир оммага дастурхон қилиш ниятим йўқ. Бу шахсий ҳаётим. Ички муносабатлар.

– Турмушнинг “мушт”и ва ширинини ҳам тотишга улгурдингиз. Сизнингча, оилани қайси омиллар мустаҳкамлайди?

– Ҳурмат. Эр– хотиннинг ўзаро ҳурмати. Ҳар қандай вазиятда ҳам уни сақлаб қолишга ҳаракат қилиш керак. Ҳурмат йўқолса, мустаҳкамлик қулайди...

– Сиз яхши рафиқа бўла олдингизми?

– Хотин сифатида менга боғлиқ ҳамма нарсани бажардим. Эрим учун ўз вақтида овқатини ҳозирладим, кийимларини дазмолладим, кирини ювдим... Уйимни сариштали ва шинам тутдим. Кўп аёллар каби эримдан қанча пул топаётганини сўрамадим. Нима бўлишидан қатъий назар уни тушунишга ҳаракат қилдим. Айб изламадим, уни турли важлар билан бошини оғритмадим. Тўғри ёшдаги фарқимиз 12 йил. Мен ҳам унинг ёшидаги давримни кўз олдимга келтириб, тўғри ва адолатли муносабатда бўлишга интилдим...Хуллас, турмушимда жуда мураккаб вазият юзага келди...Ажрашишга қарор қилдим.

– Яхши келин бўла олдингизми?

– Қайнонам учунми? Қайнонам Москвада истиқомат қилади...

– Сиз учун идеал оила борми?

– Қариндошларим орасида бор. Тўғри, келишмовчилар ҳар қандай оилада учрайди. Назаримда, муҳаббат ва ишонч асосида қурилган оила жуда мустаҳкам бўлади. Эр ва хотин ўзи учун эмас, кўпроқ оиласи учун қайғурса, у ҳар қандай тўфонга чидай олади. Ҳурмат йўқолса, муҳаббат ўз– ўзидан йўқоларкан!

– Сизда севгига бўлган ишонч ўз кучидами?

– Албатта. Севгига ишончим йўқолса, қўшиқ куйлашдан тўхтаган бўлардим. Муҳаббатнинг чеки йўқ. Аллоҳга, Ватанга, оилага, фарзандга...Севги фақат эр– хотин ўртаси билан чегараланмайди– ку, ахир! Шу қадар турфа, шу қадар ажойиб туйғу!

– Шу кунларда ёлғиз қолганингизда нималар ҳақида ўйлаяпсиз?

– (Ўйланиб). Олдин келажак ҳақида ўйлардим. Бироқ, келажак сен қандай ўйлашингдан қатъий назар, тақдирда ёзилгани каби содир бўлишини тушундим. Шунинг учун ҳозирим, бугуним билан роҳатланишни истайман. Олдинлари ачинсам, ҳозир лаҳзаларимга ошно тутинаман. Ҳаётимда, атрофимда қанчалар қийин ҳолат бўлмасин, бахтли онларимни барибир топишга уринаман. Вақт ўтган сайин яхшиликнинг қадрига етиб бораяпман.

– Муниса Ризаева ва Тоҳир Содиқовнинг “Ёшлар” каналидаги чиқиши ижтимоий тармоқларда роса муҳокама бўлмоқда. Бу икки юлдузни кулгуга қолдирган видео кўп эстрада хонандалари уялиб қолмасликлари учун ҳам миллий қўшиқларимизни ҳам куйлаб, ўрганиб туришлари кераклигини ёдга соладиган бир дарс бўлди– ёв?!

– Балки, улар тўғрироқ куйлашга уриниб кўришганидан шундай туюлгандир?! Ҳар бири ўзи ҳис қилганича куйлади. Бироқ, мен ТВда кўрмадим...Нима бўлишидан қатъий назар, ўтгани ўтган йилда ўтди. Ҳозир янги йил! Янги концертимда мен ҳам халқ қўшиқларимиздан попурри куйлайман. Устимдан кулишса, бошқа куйламайман (кулади). Мен ҳам ўз услубимда куйладим. Уйда ҳам ўзимча куйлайман: “Эрта билан тураман, наҳори нашта...(куйлай кетди).

– Санъаткор гонорарига яраша кийиниб, ўзига қараб, эл хизматларига келса, жуда мақсадга мувофиқ бўлади. Бироқ, айрим хонандаларнинг саҳнадаги чиқишларини кўриб, томошабин ҳам уялиб кетади...

– Ҳар кимнинг ўз йўли бор. Мен ҳамиша ўз ишимга масъулиятли бўлишга интиламан. Саҳна учун доим энг чиройлисини, энг яхшисини танлайман. Бу менинг ишим, ноним. Ўз Ишим учун пулни қизғонмайман.

– Тўйларда “бирров” талашиб қолишади. Сиз бундай вазиятда қандай йўл тутасиз?

– Ҳар доим дақиқама– дақиқа, ўз вақтида келаман. Бир марта 2 дақиқа кеч қолганимда, бошловчи қийналиб қолганини айтганди. Навбатимга тушмоқчи бўлган санътакорларга эса тушунтираман. Аниқ режада юрганим учун бошқа тўй эгалари олдида ноқулай вазиятга тушишни истамайман!

– Гаури Хон эри Шоҳруҳ Хоннинг “Янги йил билан” фильмига продюсерлик қилди. Анжелина Жоли ҳам эри Брэд Питтнинг янги фильми харажатларини ўз бўйнига олди. Мадонна ҳам собиқ эрига молиявий ёрдам берган. Балки сиз ҳам Йигитали ижросидаги янги фильмга пул тикарсиз?

– Йўқ!

– Бу қатъий жавобми? Балки, фикрингиз ўзгариб қолар?

– Ўзгармаслиги аниқ!

– Ўзингиз учун сизни ранжитганларнинг “қора рўйхат”ини тузганмисиз?

– Йўқ. Чунки, дилимни қаттиқ оғритганларни ҳам вақт ўтиб, чин дилдан кечирим сўраса, юрагимда унга нисбатан хафагарчиликни унутаман!

– Демак, кечиримлисиз. Ажрашиш учун судга ариза ёзган эрингизни– чи? Уни кечиришга куч топишингиз шу қадар қийинми?

– Хафа бўлган инсонларимни кечириб, юрагимдан қўйиб юбораман. Турмуш ўртоғимга келсак, мен уни кечиришим мумкин. Бироқ, бошқа муносабат тикламайман!

– Концертлар, машҳурлик, бойлик... Ҳаммасини йўқотганингизда ҳам, сиз билан нима қолишини истардингиз?

– Тоза қалбим! Бу ҳаётга меҳмонмиз. Ҳозир ёшим 36 да. Ҳануз 25 ёшда юргандекман. Қаранг, вақт югуришини?! Кўз очиб юмгунча, 40, 50, 60 га ҳам кириб қоламиз... Энг муҳими, гуноҳга ботмасдан, юрагимизни тозалашга улгурмоғимиз даркор! Ҳамма нарса вақтинчалик. Тоза юракни сақлаш эса бош мақсаддир!

Жасур ҲАМРОЕВ

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1