1

Абдулазиз Камилов Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири билан учрашди

СИЁСАТ 14.01.2020, 22:10
Абдулазиз Камилов Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири билан учрашди

2020 йилнинг 14 январь куни Деҳли шаҳрига амалий ташриф билан келган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Ҳиндистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Субраҳманям Жаишанкар билан учрашди.

Суҳбат бошида Ўзбекистон ТИВ раҳбари Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги шафелигида ўтказилаётган «Раисина Диалогуэ» бешинчи халқаро конференциясига таклиф учун миннатдорлик изҳор этди.

Учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Нарендра Моди ўртасидаги муҳим келишувларга асосланган Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳамкорлигининг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Вазирлар 2020 йилда бўлиб ўтадиган олий ва бошқа даражалардаги учрашувлар жадвали, қўшма тадбирлар ўтказиш муддатлари бўйича таклифларни кўриб чиқдилар.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни кенгайтиришга устувор аҳамият бериши таъкидланди.

Афғонистон масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг Афғонистондаги вазиятни тезроқ барқарорлаштиришдан манфаатдорлиги тасдиқланди, бу эса минтақадаги ҳамкорликни фаоллаштириш ва кенгайтириш учун кенг имкониятларни очиб бериши қайд этилди. Ушбу мақсадларга эришишга 2019 йил январь ойида Самарқанд шаҳрида илк бор ўтказилган ташқи ишлар вазирлари даражасида Афғонистон иштирокидаги «Ҳиндистон – Марказий Осиё» мулоқоти мажлисларининг мунтазам ўтказилиши ҳам кўмаклашади.

Учрашувда маданий-гуманитар, айниқса, таълим ва фан соҳаларидаги алоқаларни мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1