АсосийДУНË

Хоманаий билан видолашув маросимида Трампни ўлдиришга чақириқлар янгради

Маълум қилинишича, видолашув маросими Теҳрон шаҳридаги "Имом Хумайний ал-Мусалла" мажмуасида бўлиб ўтган.

'Хоманаий билан видолашув маросимида Трампни ўлдиришга чақириқлар янгради'ning rasmi

Эроннинг марҳум Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий билан видолашув маросимида АҚШ Президенти Дональд Трампга қарши ўлимга чақириқлар янгради. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, видолашув маросими Теҳрон шаҳридаги "Имом Хумайний ал-Мусалла" мажмуасида бўлиб ўтган. Унда Хоманаийнинг ўғиллари Мустафо, Мейсам ва Масъуд отасининг тобути ортидан жаноза намозида иштирок этган. Айни пайтда амалдаги Олий раҳнамо сифатида кўрилаётган унинг ўғли Мужтабо Хоманаий маросимда иштирок этмаган.

Нашрга кўра, Хоманаий билан бир қаторда унинг оила аъзолари — қизи, куёви, келини ҳамда 14 ойлик набираси ҳам дафн этилган.

Жаноза маросими бошланишидан аввал шоир Муҳаммад Расули нутқ сўзлаб, Дональд Трампни ўлдиришни «мажбурият» деб атаган. У йиғилганларга мурожаат қилиб, нима учун «дунёдаги энг ёмон одам» ҳалигача тирик эканини сўраган. The Guardian журналистлари қайд этишича, мазкур чиқиш олдиндан режалаштирилган бўлиб, майдонга йиғилганлар уни асосан қарсаклар билан қарши олган.

"Бундан буён кафан бизнинг либосимиздир. Трампнинг қатли бизнинг зиммамизда. Нега биз имомимизни ўлдирган одамни ўлдирмаслигимиз керак? Агар шундай қилмасак, бу шармандалик бўлади», деган Муҳаммад Расули.

Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Муҳаммад Боқир Зулқадр ҳам маросим давомида йиғилганлар икки асосий шиорни илгари сураётганини айтган.

«Одамлар ўз раҳнамолари билан хайрлашаётган бир пайтда икки шиор янграмоқда: душманларга қарши қаршилик ва шаҳид бўлган Эрон раҳнамосининг қони учун интиқом», деган у.

Асосий жаноза намозини Қум шаҳрилик 97 ёшли оятуллоҳ Жаъфар Субҳоний бошқарган. Намоз ва тиловатлар нафақат Али Хоманаий, балки унинг оиласининг яна бир неча аъзоси, жумладан, келини Заҳро Ҳаддод Одил ҳамда 14 ойлик набираси Заҳро Муҳаммадий Гулпайгоний руҳига ҳам бағишланган.

Шунингдек, The Guardian манбаларига кўра, АҚШ Президенти Дональд Трамп маросим иштирокчиларининг кўз ёшларига муносабат билдириб, уларнинг қайғусига ишонмаган.

"Мен уни ёмон кўришади, деб ўйлагандим», деган Трамп ҳамда маросимдаги кўз ёшлари "сохта" бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.

Бироқ воқеа жойида ишлаган журналистлар маросим иштирокчиларининг қайғуси самимий бўлганини таъкидлаган.

    Бошқа янгиликлар

    Хоманаий билан видолашув маросимида Трампни ўлдиришга чақириқлар янгради - Darakchi.uz