Қашқадарё вилоят Мактабгача таълим бошқармаси сохта буйруқ тайёрлаш билан шуғулланадими? Вазирликнинг мурожаатчи С.Нодировага юборган хатида бу очиқ-ойдин айтилган. Хатда сохта бўйруқ тайёрлангани айтилган-у, аммо кимга жазо берилгани изоҳланмаган.
Навбатдаги мурожаат Қашқадарё вилояти, Қамаши тумани “Узун” МФЙда яшовчи айни дамда на собиқ, на амалдаги боғча мудираси Соҳиба Нодирова томонидан келиб тушди. Мурожаатчи ўз мурожаатида унга нисбатан ноҳақлик, адолатсизликка йўл қўйилаётгани ва энг асосийси иш фаолияти давомида турли тазйиқлар, туҳмат-бўҳтонлар саломатлигига жиддий таъсир кўрсатганини билдирган. Ва бу воқеаларнинг бош “айбдор”и сифатида Қашқадарё вилоят Мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи А. Алимардоновни кўрсатган. Хўш, бу айблов қанчалик ҳақиқатга яқин? Бундан ташқари, бошқарма бошлиғи бир кунда бир хил бўйруқ орқали икки нафар ходимни мудира вазифасига тайинлагани ва бўйруқлардан бирини вазирликка юборгани ҳам ростми?
НАЖОТ ИСТАБ…
Мурожаатчининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрациясидан тортиб, бир қатор юқори турувчи вазирликлар, ташкилотларга ёзган аризаси айнан шундай деб номланади.
2018 йилнинг 1 августь санасида Қашқадарё вилоят бандлик бош 661бошқармаси давлат ҳуқуқ инспекцияси томонидан С.Нодирова раҳ233барлиги остидаги Қамаши туманидаги 14-сонли МТМда “ўрганиш ишлари” ўтказилади. Бунга сабаб эса ўша вақтда тарбиячи бўлиб ишлаб келган Д.Қулмурадованинг ишга қабул қилиш тўғрисидаги бўйруғининг бор ёки йўқлиги асос сифатида кўрсатиб ўтилган. Ходимнинг меҳнат ҳуқуқларини амалга оширишга қаршилик қил6ганлиги юзасидан С.Нодировага нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилиб, уни жавобгарликка тортиш бўйича иш судга оширилган.
“…Ҳаммаси ана шундан сўнг бошланди -, дейди С. Нодирова. Аслида эса мен бу ходимни ишга қабул қилиш ёки уни вазифасидан озод этишда иштирок этмаганман. Аниқроғи, бу менга қадар ушбу боғчада мудира лавозимида ишлаб келган С.Аллаева томонидан чиқарилган бўйруқ бўлиб, бу ишга менинг умуман алоқам йўқ эди. Энг қизиғи, нураб деярли фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиб қолган бу боғчани қабул қилиб олгунимга қадар мен таълим тизимида узоқ йиллар давомида ишлаган педагог эдим. Бундан ташқари, ушбу боғчада иш бошлаган илк кезларимда (собиқ )ДСЭНМ ходимлари томонидан муассаса тарбиячиларининг тиббий маълумотнома дафтарчалари кўздан кечирилганда Г.Сатторова исмли тарбиячининг сохта тиббий дафтарчаси борлиги ҳамда ушбу боғча тарбияланувчи бўлган унинг қизи юқумли касалликка чалинганлигини яширганлигини аниқлашгани ва тегишли тартибда далолатнома тузишганини билдириб ўтишади. Шундан сўнг, унга нисбатан огоҳлантириш жазоси тайинладим. Аммо, кутилмаганда ота-оналардан болаларнинг бадал пуллари нақд пулда тўланганлиги ва бу пулларнинг айрим қисмларини Г.Сатторова ўзлаштириб келаётгани ҳам аниқланди. (Кейинроқ эса бу каби ҳолатлар мазкур боғча ходимлари орасида тарқалган “урф” эканлиги ҳақида ҳам эшитдим.) Энг қизиғи, бу ҳолат бир эмас, бир неча марта такрорланганлиги (афсуски тарбиячининг ўз қўли билан ёзиб берган тушунтириш хатлари ҳам бор) сабабли Г.Сатторовага хайфсан эълон қилишга мажбур бўлдим. Ғавғолар, ғалвалар шу билан тинчиса қани эди? Қайтанга авж олди. Сурункали иш қолдиришни одат қилган Г.Сатторовага бир неча бор ёзма ва оғзаки огоҳлантириш беришимга қарамасдан у ишга келмай қўйди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Меҳнат қонунчилиги асосида сабабсиз ишга келмаган ходимни ишдан бўшатиш ҳақида бўйруқ чиқардим.
Аввал вилоят Мактабгача таълим бошқармаси, сўнгра Президент виртуал қабулхонаси ва Республика Мактабгача таълим вазирлигига тинимсиз ноҳақ ёзилган аризалар Г.Сатторовани айбсиз ишдан бўшатилган, мени эса ноҳақликка йўл қўйган мудира сифатида “кўрсатиб берди”. Ходимлар ўртасидаги масъулиятсизлик, раҳбарларнинг беқўнимлиги, бола тарбиясидек нозик ва машаққатли касбга бўлган совуққонликка жиддий қаршилик қилишга бўлган уринишларим акс таъсир этишини ўйлаб ҳам кўрмабман.
(Аслида тинчгина иш жойим мактабдан қўярда-қўймай чақириб олиб, сўнгра мени бу ғалваларга аралаштирган ҳам айнан мактабгача таълим бошқармаси мутасаддиларининг ўзи эди.) Аммо, буни кўра била туриб, ҳатто ўрганиш ишларидан кейин ёлғон даъво ўз исботини топган бўлса-да, Қамаши туман маъмурий суди раиси Б.Ўролов мени айбдор деб маъмурий ҳуқуқбузар сифатида баҳолаганини қандай тушуниш мумкин? Ахир мен собиқ мудиранинг ишлари учун жавоб бермайман-ку. Айнан мана шу ҳолатдан кейин асабийлашиб соғлигимдан айрилганиман етмаганидек, йиллаб йиққан обрўйимнинг бир пул бўлгани жуда алам қилди. Туманимиздаги боғча мудиралари орасида мактабгача тарбиячи мутахассислиги бўича институтни имтиёзли қизил диплом билан тамомлаганлар бор-йўғи 2-3 кишидан иборат холос”.
Энг ачинарлиси эса С.Нодирова шу кунга қадар бир неча бора ушбу боғчага мудира вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимига тайинланган ва ундан озод қилинган. Унга ҳатто вилоят Мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи имзоси билан қайтадан собиқ иш жойи бўлган мактабга ўқитувчи сифатида фаолият юритиши учун буйруқ ҳам чиқарилганини эшитиб ҳайратимизни яшира олмадик. Наҳотки, мактабгача таълим вазирлиги тизими ва Халқ таълими тизими мутлақо бошқа-бошқа вазирликларга бўйсуниши ҳақида А.Алимардонов бехабар бўлса?! Ёки бошқарма ҳар бир ишдан озод этилган ўз ходимини исталган ташкилотга ўз имзоси ва бўйруғи билан вазифага тайинлаш ваколатига эга бўлса?
“КУТИШ” ҲАҚИДА БЕРИЛГАН БУЙРУҚ
Масалага ойдинлик киритиш ва изоҳ олиш мақсадида, табиийки вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи ҳузурида бўлдик.
-Аввало, сиз билан бу масала ҳақида гаплашишга мажбур эмасман. Саломлашишдан кейин суҳбатимиз диктофонга ёзиб олинишига қаттиқ қаршилик қилган бошқарма бошлиғи А.Алимардонов саволларимизга қуйидагича жавоб берди.
-Сиз тилга олган ходим туман ҳокими (собиқ Қамаши туман ҳокими Ф.Дўстмуродовни назарда тутаяпти. таҳр.) нинг тавсиясидан ўтмаган. Бундан ташқари, С.Нодированинг устидан ота-оналар ва ходимлар шикоят аризаси билан мурожаат қилишган. Бундан хабарингиз борми? Тағин ҳам мен у кишига кутиб туришни тайинлаган эдим. Бошқармани судга берган. Марҳамат, суднинг жавобини ҳам кутиб турибмиз. Юқоридаги сўзларимга ходимлар бўлими бошлиғи Ж.Баратов сизга керакли ҳужжатларни тақдим этади. Бундан ташқари, С.Нодирова ҳақида ижобий фикрда эмасман. Бу менинг шахсий қарашларим ва уни сиз билан бўлишишим шарт эмас, деб ҳисоблайман. Шундан сўнг раҳбар С.Нодировага қўнғироқ қилиб, унга кутиб туриши ҳақида буйруқ берганини “ёдига солиб қўйди”.
ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ЎРИНБОСАРИДАН ОЛИНМАГАН РУХСАТ
Қисқагина суҳбат шу тарзда якунига етиши мумкин эди. Аммо, бошқарма бошлиғи вилоят ҳокимлигининг матбуот котибига боғланиб, ҳузурида мухбир борлигини ҳамда у интервью олишга келишдан олдин ҳокимлик матбуот котибини огоҳлантирганми! ёки йўқлиги билан қизиқди. Энг қизиғи шундан сўнг рўй берди. Масаланинг асл моҳиятидан бехабар ҳокимликнинг матбуот котиби ҳам телефон гўшаги орқали мухбирга:
“…ҳозирда боғчаларни текшириш қатъиян ман этилганини, бунинг устига бошқарма бошлиғини безовта қилишдан олдин вилоят ҳокимининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосаридан рухсат олиши кераклигини таъкидлаб ўтади.”
Бутун бошли Қашқадарё вилоят ҳокимлигининг матбуот котибики, масаланинг асл моҳиятини, унинг қай даражада жиддий эканлиги билан қизиқишдан кўра, вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғини “безовта қилмаслик”ни сўраётган экан, демак, “айрим раҳбарларда” ОАВ ларга фуқароларнинг эркин мурожаат йўллашлари билан боғлиқ муаммолар ҳали ҳам бор. Ҳайриятки, матбуот котибига масаланинг моҳияти бир амаллаб тушунтирилгач, (аслида бунга ҳожат ҳам, эҳтиёж ҳам бўлмаса-да) тушунарсиз мулоқот шу ерда якунланади.
БОШҚАРМАНИНГ БЎЙРУҒИ АДОЛАТДАН (МИ?)
Вилоят мактабгача таълим бошқармасининг ходимлар билан ишлаш бўйича мутахассиси Ж.Баратов С.Нодирова адолатли тарзда мудираликдан озод қилинганлиги ва унинг устидан бир қатор шикоятлар келиб тушганлигини исботловчи ҳужжатлар тақдим этишини билдириб ўтди. Аммо, афсуски бошқарма мутахассиси томонидан тақдим этилган мурожаатчининг айбларини исботловчи далиллар унчалик ишонарли эмас. Масалан, ходимлар ва ота-оналарнинг С.Нодирова устидан қилган шикоятлари икки хил. Яъни, мудиранинг ишларидан камчилик топиб ёзиб, имзоланган шикоят аризасининг бизга тақдим этилган нусхасидан аввал уни олқишлаб, ундан миннатдор бўлиб ёзилган ташаккурномасини қандай тушуниш мумкин? Бундан ташқари, Ж.Баратов бошқарма раҳбариятига келиб тушган шикоят аризасига кўра, 14-МТМдаги дарахтлар ноқонуний тарзда кесилган ва бу ишда С.Нодирова “бош-қош” бўлган деб бир нечта дарахтларнинг суратини юборган. Аммо суратлардаги дарахтлар айнан қаерда ва қайси ташкилотда кесиб йиқитилганлигини аниқлашнинг имкони йўқ. С.Нодирова эса буни мутлақо рад этиб, бу дарахтлар бундан бир неча ой илгари кесилганлигини, аммо дарахтлар нотўғри ўсиб, боғча биносига ҳалал берганлиги учун махсус далолатнома орқали уни кесиб, ўрнига янги ниҳоллар экканлигини, ҳозирда бу ниҳоллар ҳам бўй чўзиб анча катта бўлиб қолганлигини, бунинг устига кесилган ва қуриб қолган дарахтлар муассаса ошхонаси ҳамда ўтинхонасида қишда фойдаланиш учун ўтин ҳолида тахтланганлигини билдириб ўтди. Ким рост сўзлаяпти, ким ёлғон? Буни аниқлаш бизнинг вазифамизга кирмайди. Аммо журналистикада далиллар, изоҳлар ўз сўзини айтиши рост. Холис бўлишга уринамиз. Агар адолат юзасидан ёндошиб қарайдиган бўлсак бошқарманинг “унчалик ҳам ёпишмаган айблов” юзасидан чиқарган қарори адолатданмикин?
АСЛИЯТДАН ЙИРОҚ АЙБЛОВ
С.Абирова: (Собиқ) Қамаши туман мактабгача таълим бўлими бошлиғи: Очиғи мен бу гапларга ишонмайман. Мазкур вазифани тарк этгунимга қадар С.Нодирова билан бир муддат ишлаганман. Бу аёл менда мард, танти, меҳнатсевар, ишбилармон ходим сифатида таассурот қолдирган. Чунки, туманимиздаги 14-МТМ энг абгор, оғир аҳволдаги ва деярли бошқарув тизими издан чиққан муассаса эди. Бундай дейишимга сабаб боғча айтарли билими ҳам, дунёқараши ҳам, “кўзи ҳам тўқ” мудирага йўлиқмаган. Рости. С.Нодирова бу боғчага келгунига қадар мактабда ўқитувчилик қиларди. Уни ўзим тавсия қилганман. Иш ҳужжатларини, тартибсиз ва масъулиятсиз ҳодимларни йўлга солишига ишонар эдим. Афсус, унга нисбатан ноҳақлик бўлганини тан оламан. Бундан ташқари, С.Нодировани вақтинчалик мудира вазифасига тайинлаш бўйруғи чиққач, собиқ 14-МТМ мудираси С.Аллаева томонидан кўплаб ноҳақликлар, адолатсизликлар бўлди. Масалан, ички бўйруқлар дафтарининг кутилмаганда йўқолиб қолиши ва ўрнига бир неча кун ўтгач оҳори тўкилмаган янги дафтар тутилиши, муҳр ва штампнинг ойлаб бермай юрилиши ва ҳоказолар туфайли шахсан ўзим ҳам кўп жабр чекканман.
Б.Ўролов: Қамаши туман Маъмурий суди раиси: Ҳақиқатдан ҳам мен раислик қилган судда С.Нодирова маъмурий ҳуқуқбузар сифатида баҳоланган. Аммо, фурсат ўтиб С.Нодирова хукмдан норози бўлиб Олий судга аппелляция шикояти киритган ва ўз навбатида ишни ўрганиб чиққан Олий суд чиқарилган хукмни бекор қилиб берган. Аслида бу иш Қашқадарё вилоят Мактабгача таълим бошқармаси томонидан судга тақдим этилмаслиги, аксинча ички бўйруқ ва теширувлар натижасида ходимга раҳбарият томонидан жазо тайинлаши шарт бўлган. Лекин, бошқарма ходимни судга беришга қарор қилган. Ҳозирда бу иш билан вилоят бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси шуғулланаяпти.
ВАЗИРЛИККА ЮБОРИЛГАН ИККИ ХИЛ БЎЙРУҚ
Энг қизиғи, бошқарма бошлиғи бир вақтнинг ўзида икки нафар ходимга бир кунда бир хил рақам ва имзо билан бир хил лавозимга тайинлаш бўйича бўйруқ чиқарган. 17.02.18 йил 10/-К сонли бўйруқ С.Нодирова билан бирга Н.Рустамовага бир кунда чиқарилган ва ҳар иккиси ҳам битта боғчага мудира лавозимига тайинланган. Бироқ, Н.Рустамова ақалли бир кун ҳам бу вазифада ишламаганини ҳисобга олсак, унинг тақдири ҳам ноъмалумлигича қолган. Мазкур бўйруқлардан бири ўз навбатида Мактабгача таълим вазирлигига жўнатилган. Кўринишидан вазият бу тахлит тус олинишини кутмаган бошқарма раҳбариятининг олдида фақат шу йўл билан қутилиб қолиш имкони бўлган шекилли. Яъни, С.Нодировани айблаш ва уни “тасодифий хато” орқали чиқарилган бўйруқдаги вазифадан озод этиш керак эди. Аммо, бу хатолик уни шунча пайт ўз ёнидан муассасанинг оғир аҳволини тиклаш учун сарф-ҳаражат қилишга, бир неча ой давомида сарсон-саргардон бўлишга, қолаверса саломатлиги билан боғлиқ йўқотишларга олиб келишга арзирмикин?
ВАЗИРЛИКДАН БЕРИЛГАН “ХАЙФСАН” КИМГА ЭДИ?
Деярли бир йилдан буён аёллик шаъни, ғурури, обрў-эътибори топталганидан турли ташкилотларга шикоят аризаси билан мурожаат қилиб келган С.Нодировага ва ниҳоят Мактабгача таълим вазирлиги эътибор қаратди. Лекин, қаратилган эътибор фақатгина қоғозда қолиб кетгандек. Чунки унга юборилган жавоб хатида … “Мактабгача таълим вазирлиги Сизнинг 2019 йил 11-декабрдаги мурожаатингизни ўрганиб чиқиб қуйидагиларни маълум қилади. 2019 йил 14-январ куни бир хил рақамли бўйруқ билан икки хил мазмундаги бўйруқ тайёрлаб аслига тўғри деб чиқарилган ҳамда 2018 йил 17-февралдаги 10/1-к-сонли бўйруқдан кўчирма қилинган бўйруқларда қўпол хато ва камчиликларга йўл қўйганлиги, лавозим йўриқномасида белгиланган ўз хизмат вазифаларини бажаришда масъулиятсизлик билан ёндошганлиги ҳамда меъёрий ҳужжатларда бир қатор камчиликларга йўл қўйганлиги сабабли “Хайфсан” интизомий жазоси қўлланилди”…
Бироқ, кимга? Ким томонидан? Ва яна бир ҳақли савол. С.Нодировага қилинган бу ноҳақликлар нима билан тугайди? Унинг келгуси ҳаёти, фаолияти тақдири нима бўлади? Булар ҳақида ким бош қотиради? Мавҳумлик шу ва бошқа саволларнинг туғилишига сабаб бўлмоқда.