1

Яссиоёқлик ҳақида ҳамма нарса

САЛОМАТЛИК 26.02.2015, 12:37
Яссиоёқлик ҳақида ҳамма нарса

Ўғлимга яссиоёқлик ташхисини қўйишди. Бу касаллик ҳақида батафсил маълумот берсангиз.

Ш.Сойипова. Самарқанд

Саволга ортопед-травматолог Одилбек Тўрабоев жавоб беради.

Тана амортизатори

Соғлом товон тана ҳаракатланишида асосий таянч маркази бўлиб у танани зарб ва силкинишлардан сақлаб, юришга енгиллик ва майинлик бағишлайди. Ясситовонлик эса аксинча товоннинг ўзига хос амортизация вазифасини бузади ва таянч фаолиятини сусайтиради. Ясситовонлик таянч-ҳаракат аъзоларида энг кўп учрайдиган касалликлардан бири бўлиб, унда товон таги узунасига ерга тегиб туради. Юриш вақтида ҳамма куч, силкииш болдир, чаноқ-сон бўғимига, бел умуртқа поғонасига тушади ва бунинг оқибатида бўғим касалликлари —артрозлар, умуртқалар поғонаси қийшайиши – сколиоз касаллигини келиб чиқади. Ясситовонлик касаллиги қанча тез аниқланса ва унинг даволаниши қанча барвақт бошланса, юқорида айтилган касалликларнинг олдини олиш мумкин бўлади.

Сабаблари

Одатда ясситовонлик болаликдан ривожланади. Бундан ташқари семизлик, рахит касаллиги асорати ва нотўғри танланган оёқ кийимлар ҳам бу касалликка сабаб бўлиши мумкин. Болаларга сиқиб турадиган оёқ кийим кийдириш ҳам кейинчалик бу касалликка олиб келади. Бунда  товон осон деформацияланади, таянч мускуллари зўриқиб, касаллик ривожланишига шароит яратилади. Бу касаллик насл суриши ҳам мумкин.

Эътибор беринг

Касалликни қандай аниқлаш мумкин? Агар болангиз сайр пайти тез чарчаса, оёқ кийимининг ички томони қийшайган бўлса,  ортопед шифокорга мурожаат қилишга шошилинг. Катталарда эса оғир меҳнат, кам ҳаракатланиш, товон, тизза буғими, тўпиқ суягининг шикастланиши, ноқулай оёқ кийим кийиш  ясситовонликка олиб келиши мумкин. Асосийси, вақтни ўтказмасдан касалликни аниқлаш ва ривожланишига йўл қўймаслик. Агарда касаллик вақтида даволанмаса, унда кишининг юриши ўзгариб, танаси букчайиб бораверади. Натижада эса юқорида айтилган артроз, остеохондроз,сколиоз касалликларига чалиниб қолиш ҳеч гап эмас..

Касалликнинг белгилари:

  • Товонда, тизза бўғими ва белда  оғриқ;
  • Кечга бориб товон шишиши.
  • Қандай муолажалар самара беради?

Ясситовонлик хасталигини даволашда кўпроқ физиотерапевтик муолажалар – парафин, ионофорез, дарсенваль, даволаш гимнастикаси, массаж (махсус уқалаш) яхши натижа беради.

Касалликнинг бошланиш даврида энг фойдали муолажа уқалаш бўлиб, у қон айланишини нормал ҳолатга келтиришга, товон бўғимлари ва пайлари ривожига яхши таъсир ўтказади,

Уй шароитида

Касаллик аниқлангач, ёққа доимий равишда коррекцияловчи ортопедик оёқ кийим  кийиб юриш лозим. Ҳар куни эрталаб бадантарбия машқларини бажариш, оёқлар учун  илиқ ванна қабул қилиб, оёқ ва товонни уқалаш, оёқ чигилини ёзиш учун сайр қилиш фойдали.

Иложи борича кўпроқ сузиш машғулотларига қатнаш ва ёзда  майда тош, қум ва майсалар устида ялангоёқ юриш ҳам наф беради.  

Пойафзални тўғри танланг!

Биринчидан пойафзал оёққа мос келиши керак, сиқмаслиги, тор бўлмаслиги, катта ҳам бўлмаслиги лозим.

Аёлларга иложи борича 4 см.дан ошмаган пошнадаги оёқ кийимларда юриш тавсия этилади.Шунда тана вазни оёқ товонига бир хил тақсимланади, оёқ  мускуллари зўриқмайди, қон айланиши бузилмайди. Пойафзал сотиб олаётганда унинг таг қисми осон букилишига эътибор беринг.

Эсда тутинг!

Пойафзалнинг уч қисми қанчалик тор ва пошнаси баланд бўлса,  у шунчалик товоннинг ҳаракатланишига тўсқинлик қилади ва қон айланишини бузади, Тана доимий равишда олдинга интилиб ҳаракатланиши натижасида умуртқа поғонаси қийшаяди, мускулларнинг зўриқишига ва  чарчашига, асаб системасининг бузилишига ва кўпгина таянч харакат аппарати касалликларига олиб келади ва бутун танага оғриқ беради.

Доимий равишда баланд пошнада юрадиган аёлларда бош бармоқнинг қийшайиши ва ясситовонлик кўпроқ кузатилади.  Шундай экан ўзингизга қулай ва мос оёқ кийимлар танланг.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1