АсосийJamiyat

Томорқадан самарасиз фойдаланган томорқа ер эгаларига кўмаклашувчи ташаббускор фермер хўжаликлари бириктирилади

'Томорқадан самарасиз фойдаланган томорқа ер эгаларига кўмаклашувчи ташаббускор фермер хўжаликлари бириктирилади'ning rasmi

Мамлакатимизда бугунги кунда барча соҳалар қаторида деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерлардан фойдаланиш бўйича ҳам кенг ислоҳотлар амалга оширилиб келинаётганлиги барчамизни қувонтиради. Барча чора-тадбирлар ушбу соҳани янада ривожлантириш ҳамда аҳолининг ушбу фаолият билан шуғулланиб келаётган шахсларни меҳнат унумдолигини ошириш, олинган ҳосилдан ёки меҳнати маҳсулидан юқори даромад олишини таъминлаш, шунингдек, уларнинг илғор фаолиятни амалга оширганликлари учун тақдирлаш ишларини ташкил этиш мақсадида амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 24 январь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида давлат раҳбаримиз “Қишлоқ хўжалиги соҳасини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасидаги илғор технологияларни жорий этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш энг муҳим вазифамиздир” -дея таъкидлади. Ҳақиқатан ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасига илғор технологияларни жорий қилиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бугунги кунда энг долзарб масала ҳисобланди.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқалари ер участкаларидан фойдаланишда юзага келаётган муаммоларни бартараф этмас эканмиз, ушбу соҳани янада ривожланишига эриша олмаймиз. Мавжуд муаммо ва камчиликларни йўқотиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 205-сон қарори 2018 йил 18 март куни қабул қилинган. Лекин жамиятда ижтимоий муносабатлар юқори даражада ўзгариб бормоқда. Шунингдек, ушбу фаолиятда муаммолар юзага келмоқда ҳамда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан фойдаланишни янада самарали бўлишини тақазо этмоқда. Биринчидан,деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларида серҳосил ва юқори даромад берадиган қишлоқ хўжалиги экинлари жойлаштирилиши етарли даражада эмас. Иккинчидан, моддий-техник ресурсларини тизимли етказиб берилмаяпти. Учинчидан, қишлоқ хўжалиги экинларини суғорилишида сув билан тўлиқ таъминланмаслиги ҳамда сув лимитлари доирасида сувга бўлган талабдан келиб чиқмасдан берилааётганлиги асосий муаммолардан бири бўлмоқда. Ушбу ҳолатларни бартараф этиш, ички истеъмол ва экспорт учун қишлоқ хўжалиги махсулотлари етиштириш ҳажмларини кўпайтириш ҳамда қишлоқ аҳолисининг моддий манфаатдорлигини ошириш мақсадида 2020 йил 
30 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқалари ер участкаларидан янада самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 53-сон қарори қабул қилинди. 

Ушбу қарор билан, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқалари ер участкаларида 2020 йил ҳосили учун тўқсонбости усулида, экиладиган баҳорги ва такрорий қишлоқ хўжалиги экинларини мавсум давомида ажратиладиган сув лимитлари доирасида сувга бўлган талабидан келиб чиқиб, ўз вақтида сув билан тўлиқ таъминлаш белгилаб қўйилди. Бизнинг меҳнаткаш халқимиз “Тўқсонда суғорсанг, тўқсон ботмон ҳосил оласан” деган мақолни кўп такрорлашлари ҳам бежизга эмас. Мазкур усулда қишнинг тўқсон куни назарда тутилган бўлиб, куз фаслида экилади ҳамда қор остида қолдирилади. Шунда сабзавот экинлари уруғлари эрта кўкламда ердан жуда барвақт униб чиқиб, тез ривожланиши ҳисобига эрта ҳосил беради. Бундан ташқари тўқсонбости экинларига таъриф Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 
18 мартдаги 205-сон қарорида кўрсатиб ўтилган. Унга кўра тўқсонбости экинлари деганда навбатдаги йилда эрта ҳосил етиштириш учун кеч кузда, яъни ноябрь ойининг учинчи ва декабрь ойининг биринчи ўн кунлиги оралиғида совуқ ва намгарчилик бошланмасдан олдин экиладиган совуққа чидамли сабзавот экинлари тушунилади.

Мазкур Вазирлар Маҳкамасининг 53-сон қарорига кўра ташқи бозор талаблари асосида маҳаллалар экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштирилади. “Томорқа хизмати” МЧЖлар маҳаллаларга бириктирилган ҳолда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига шартнома асосида уруғлар, кўчатлар ва бошқа зарур моддий ресурслар етказиб берилади. 

Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари “Томорқа хизмати” МЧЖлар томонидан белгиланган тартибда сотиб олинади, уларнинг экспорт қилиниши ташкил этилади. Шунингдек, ушбу маҳсулотларнинг реализация ва экспорт қилинишида Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан амалий ёрдам кўрсатилади. 2020 йил ҳосили учун баҳорги (эртаки) ва такрорий (ўртаки) экинлар экилиши даврида деҳқон хўжаликлари ерларидан фойдаланиш ҳолатининг учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар) орқали танланма мониторинги ташкил этилади.

Ушбу қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2020 йилда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларида баҳорги (эртаки) қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш кўрсаткичлари тасдиқланди. 

 

Шунингдек, ушбу экинларни экиш, моддий-техника ресурсларини етказиб бериш ва етиштирилган маҳсулотларни сотиб олишни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Унга кўра, имконияти чекланган ва кам таъминланган томорқа ер эгалари, шунингдек иш билан банд бўлмаган аҳолининг рўйхати шакллантирилади, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича манзилли чоралар белгиланади. Томорқадан самарасиз фойдаланган томорқа ер эгаларига кўмаклашувчи ташаббускор фермер хўжаликлари бириктирилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 53-сон қарорига илова қилинган “2020 йилда ҳар бир деҳқон хўжалигида ва томорқа ер участасида юқори даромад берадиган экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, моддий-техника ресурсларини етказиб бериш ва етиштирилган маҳсулотларни сотиб олишни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастурига кўра 2020 йил 1 мартдан томорқа еридан самарасиз фойдаланганлиги учун хонадон эгасига жорий йил учун ҳисобланган ер солиғининг уч баробари миқдорини қўллаш амалиётини қўллаш амалга оширилиши белгиланган.

Бундан ташқари мазкур қарор билан “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятларининг реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби белгиланди. “Томорқа хизмати” МЧЖлари фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига қишлоқ хўжалиги барча фаолият турларини ривожлантириш учун моддий ресурларни етказиб бериш, шунингдек, иссиқхоналар қуриб бериш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан бирга қайта ишлаш, сақлаш, реализация қилиш ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъект ҳисобланади.

Аграр соҳани ривожлантириш бугунги кунинг энг муҳим ва долзарб масаласи бўлиб келмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев  2020 йил 4 февраль куни қишлоқ хўжалигида кластерлар фаолиятини янада ривожлантириш масалалари бўйича ҳам йиғилиш ўтказди. Аграр соҳани ислоҳ қилиш, унга бозор механизмлари ва замонавий технологияларни жорий этиш борасида изчил чора-тадбирлардан бири кластер усули йўлга қўйилганлигидир, шунингдек, экин турлари замон талабидан келиб чиқиб ўзгартирилди. 

Юртимизда етиштирилаётган 80 турдан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 66 та мамлакатга экспорт қилинмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 23 октябрдаги Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси қабул қилинди. Унга мувофиқ, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсадида мева-сабзавот кластерлари ташкил этилмоқда. 2019 йил 11 декабрда бу борада Президент қарори қабул қилиниб, барча ташкилий-ҳуқуқий асослар яратиб берилди. Ўтган қисқа вақтда ҳокимликлар томонидан 86 та шундай кластер ташкил этиш бўйича таклифлар шакллантирилди. Давлатимиз раҳбари бу ҳақда жорий йил 24 январдаги Мурожаатномасида ҳам таъкидлаган. “Пахта ва ғалла етиштиришга давлат буюртмасини бекор қилиб, ушбу маҳсулотларни бозор тамойиллари асосида харид қилиш тизимига босқичма-босқич ўтамиз. Агар бу йўлдан бормасак, фермер ва деҳқонларимиз маҳсулот етиштиришда эркин бўлмайди, улар ўзлари кутганларидек манфаат кўрмайди, ҳокимларнинг эса иш услуби ўзгармайди”, - деган эди Шавкат Мирзиёев. 

Деҳқон хўаликлари ва томорқа ерларидан самарали фойдаланиш тизимини йўлга қўйилса, малакатимизда қишлоқ хўжалиги махсулотларига бўлган эҳтиёж ҳар бир мавсумда қондирилади. Шунингдек, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари ўзларининг етиштирган маҳсулотларидан юқори даромад олишлари ҳамда экспортбоп маҳсулотларнинг ҳажми ошишига, маҳсулотларининг сифати янада яхшиланишига олиб келади. 

Адлия вазирлиги масъул ходими

Фаррух Жураев

    Бошқа янгиликлар