Кузбасс жамоат саломатлиги ва тиббий профилактика маркази шифокори Лилия Егорованинг қайд этишича, SPF даражаси ультрабинафша нурлардан ҳимояланиш даражасини кўрсатади. У қанча баланд бўлса, шунча яхши. Агар сиз денгизга саёҳат қилсангиз, болаларга камида 50 даражани танлаш тавсия этилади. Кундалик сайрлар учун 30 индексли ҳимоя мос келади.
Крем таркибидаги рух, авобензон, мексорил, титан диоксиди, тиносорб ультрабинафша нурлар таъсиридан яхши ҳимоя қилиши ва терига қўллаш учун хавфсизлиги исботланган.
Баъзи қуёшдан ҳимояловчи воситалар таркибида терини намловчи ва таъсирланишни йўқотувчи тинчлантирувчи қўшимчалар бўлиши мумкин, масалан, мойчечак (унинг фаол таркибий қисмлари азулен ва бисаболол), алое вера, Е витамини (УФ-нурланиш таъсирида ҳосил бўлган ва терига ҳалокатли таъсир кўрсатадиган эркин радикалларни зарарсизлантиради), облепиха ва жожоба мойлари. Улар қайтарувчи, намлантирувчи, антиоксидант таъсирга эга.
Крем ёки спрей сув юқтирмаслик хусусиятига эга бўлгани маъқул.
Таркибида спирт, бўёқлар, хушбўй моддалар, шунингдек, оксибензон бўлмаслиги керак. Бу элемент қуёшдан ҳимояловчи фильтр вазифасини бажаради, шу билан бирга терининг чуқур қатламларига кириб боради ва организмнинг гормонал фонига таъсир кўрсатиш қобилиятига эга.
Қандай суртиш, қанча суртиш, қандай сақлаш керак?
Агар сиз бир нечта терини парвариш қилиш воситаларини қўлласангиз, қуёшдан ҳимояловчи воситани охирги бўлиб суртинг.
Иссиқда ва қуёшда косметикадан минимал даражада фойдаланинг, чунки баъзи моддалар ҳужайраларнинг шикастланиш жараёнини тезлаштириши мумкин.
Крем воситасини кўчага чиқишдан 30 дақиқа олдин суртиш, шунингдек, муолажани ҳар икки соатда (ёки ҳар сафар чўмилгандан кейин) такрорлаш керак. Булутли бўлса ҳам. Ҳамма вақт сувда бўлса ҳам. Намлик УБ нурлар интенсивлигини 50% га кучайтиради.
Умумий яроқлилик муддати тугаганидан кейин воситани қўллаш мумкин эмас. Аммо очиқ восита умумий яроқлилик муддати тугамаган бўлса ҳам, тахминан 6 ой сақланади. Ёрлиқдаги белгига ва унинг ёнидаги рақамга эътибор беринг. Крем қачон очилганини унутмаслик учун қадоққа очилган санаси кўрсатилган стикерни ёпиштиринг.