Айрим шифокорларнинг ойлик маоши 20 фоизга оширилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, тажриба-синов лойиҳаси доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббиёт ходимларига базавий тариф ставкаларига қуйидаги миқдорларда қўшимча устамалар тўланади:
Сайёр тиббий хизмат кўрсатувчи тиббиёт ходимларига ойлик лавозим маоши ёки базавий тариф ставкасининг 50 фоизи миқдорида;
Тиббиёт бригадасига белгиланган меъёрлардан 10 фоиз ортиқча қўшимча бириктирилган аҳолининг ҳар бири учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 0,3 фоизи миқдорида – шаҳарларда, 0,5 фоизи миқдорида – туманларда;
Оила саломатлиги бўйича махсус ўқув дастури асосида ташкил этиладиган курсларнинг барча босқичларини муваффақиятли тугатган тиббиёт ходимлари учун сертификатга мувофиқ базавий тариф ставкасининг 100 фоизи миқдорида.
Шунингдек, тажриба-синов лойиҳаси доирасида туман (шаҳар) марказий шифохоналарида шифокорларнинг ойлик лавозим маошлари – 20 фоиз, ўрта тиббиёт ходимларининг ойлик лавозим маошлари – 10 фоиз миқдорида оширилади.
Тажриба-синов лойиҳаси доирасида оилавий поликлиникалар ва туман (шаҳар) марказий шифохоналарининг тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (КПИ) асосида ойлик лавозим маошининг 100 фоизигача миқдорда устама жорий этилади.