Гандбол бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида давом этаётган Осиё чемпионатида ниҳоят илк ғалабани тантана қилди. Гуруҳдаги кетма-кет икки мағлубиятдан сўнг Гонконг терма жамоаси таслим этилди.
POPKI Sport Hall аренасида бўлиб ўтган кечаги ўйинда терма жамоамиз қизлари 35:16 ҳисобида зафар қучишди. Жамоамиз таркибида Гулмира Нажмиддинова энг кўп 6 та голга муаллифлик қилди. Гуруҳнинг иккинчи ўйинида Қозоғистон терма жамоаси Индонезиядан 68:5 ҳисобида устун келди. Таъкидлаш жоиз, терма жамоамиз Осиё чемпионатининг гуруҳ босқичида аввалига Хитой терма жамоасига 25:42, кейин эса қозоғистонлик дугоналарига 23:40 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйишганди. Энди терма жамоамиз 19 март куни Индонезия билан ҳисоб-китоб қилади.
Эслатиб ўтамиз, Осиё қитъаси учун жаҳон чемпионатига 3,5та ўрин ажратилган бўлиб, совринли учликдан жой олган терма жамоалар тўғридан-тўғри ЖЧ-2015 йўлланмасига эга бўлишади. Бронза медали учун баҳсда мағлуб бўлган терма жамоа эса плей-оффда бошқа қитъа жамоаси билан йўлланма тақдирини ҳал қилади.
Манба: olamsport.com





