Бугун, 19 март куни пляж футболи бўйича Ўзбекистон терма жамоаси БААнинг Дубай шаҳрида ўтказаётган ўқув-машғулот йиғини доирасидаги илк ўртоқлик учрашувида қумга тушади. Аҳаджон Юсупов шогирдлари маҳаллий “Ал Аҳли” клуби билан ҳисоб-китоб қилишади.
Учрашув “Ал Аҳли” клубига тегишли соҳил футболи майдонида бўлиб ўтади. Айни дақиқаларда эса терма жамоамиз машғулот ўтказяпти. Ўзбекистон – “Ал Аҳли” учрашуви куннинг иккинчи ярмида бўлиб ўтади. Эртага эса Озарбайжон терма жамоаси билан ҳам ўртоқлик ўйини ўтказилади. Терма жамоамиз делегацияси Time Grand Plaza Hotel меҳмонхонасида жойлашган.
Ушбу йиғин терма жамоамиз учун Осиё чемпионатига тайёргарлик вазифасини ўтаб беради. Йиғин 21 мартга қадар давом этади. Аслида Аҳад Юсупов шогирдлари Қувайт терма жамоаси билан ўртоқлик ўйини ўтказиши керак эди. Лекин қувайтликлар бош мураббийи таркибда жароҳат олган ўйинчилар кўпайиб кетгани учун ўйин ўтказмаслигини маълум қилган.
Йиғинни якунлаб, терма жамоа делегацияси 22 март куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрига йўл олади. Доҳа шаҳри 23-28 март кунлари бўлиб ўтадиган пляж футболи бўйича Осиё чемпионатига мезбонлик қилади. Минтақанинг 15 та энг яхши жамоаси Осиё чемпионатида иштирок этиш орқали шу йили 9-19 июль кунлари Португалияда бўлиб ўтадиган пляж футболи бўйича Жаҳон чемпионатига ажратилган 3 та йўлланма учун курашади.
Ўзбекистон терма жамоаси “C” гуруҳида БАА, Фаластин ҳамда Ироқ терма жамоаларига қарши қумга тушади. Юсупов шогирдлари 23 март куни Фаластин, 24 мартда БАА, 25 март санасида Ироқ терма жамоаси билан муносабатларига ойдиндик киритиб олишади
Манба: olamsport.com