АсосийJinoyat

Алимент сабаб яна бир шахс 5 суткага қамалди

'Алимент сабаб яна бир шахс 5 суткага қамалди'ning rasmi

                                           БУ ГАЛ ВОҚЕА “ҚАҲРАМОН"И ОТА ЭМАС, БАЛКИ...

Одатда фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент тўлашдан бўйин товлаб келаётган “қаҳрамон”лар оталар бўлишига кўп гувоҳ бўлганмиз. Қуйида келтирилаётган суд иши тафсилотидаги вазият эса бу ҳолатнинг акси, яъни алимент тўлашдан бўйин товлаб келаётган шахс она...

32 ёшли ишсиз, икки нафар фарзанднинг онасига нисбатан ФИБ Фарғона туманлараро судининг ундирувчи эрнинг фойдасига ҳал қилув қарори чиққан. Ҳал қилув қарорида икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар қандай иш ҳақи ва бошқа топган даромадларидан ҳар ойда 1/3 қисми миқдорида жавобгар онадан алимент ундириш белгиланган. Мазкур ҳолат бўйи­ча ФИБ Фарғона туманлараро судининг ижро варақасига асосан ундириш ҳақидаги суд буйруғи ижроси 2 ойдан ортиқ муддат мобайнида жавобгар она томонидан таъминланмаган. Аниқроғи, аёл жами 4.074.000 сўм алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаган. Натижада Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (МЖтК)нинг 474-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган.

                                                                     "ТЎЛАШГА ИМКОНИМ ЙЎҚ"

Аёл судда ўз ҳуқуқбузарлик ҳаракатларига тўлиқ иқрор бўлган...

— 2005 йил қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қурганман. Икки нафар фарзандли бўлдик. 2018 йил оилавий келишмовчилик туфайли эрим билан бирга яшамай қўйдик. Шундан сўнг ФИБ Фарғона туманлараро судининг суд буйруғига асосан эрим фойдасига ойлик иш ҳақимнинг 1/3 қисми миқдорида алимент тўлаб бориш белгиланди. Ҳеч қаерда ишламаганим сабабли вақтида тўлолмадим. 102.000 сўмга баҳоланган телефон аппаратимни ва суд мажлиси давомида 300.000 сўмни тўладим. Ҳозирда 3.672.000 сўмни тўлашга имконим йўқ. 

 

Аброр АКРАМОВ, Тошлоқ туман маъмурий суди раиси: 

— Алиментни 2 ойдан ортиқ тўлашдан бўйин товлаш учун дастлаб маъмурий жавобгарлик бор. МЖтКнинг 474-моддасига кўра, 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини ўтайди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 22, 30, 33-моддалари мазмунига кўра, маъмурий жазо жавобгарликка тортиш чораси бўлиб, у маъмурий ҳуқуқ­бузарлик содир этган шахсни қонунларга риоя этиш ва уларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, шунингдек ана шу ҳуқуқбузарнинг ўзи томонидан ҳам, бошқа шахс томонидан ҳам янги ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади. Ана шу нормадан келиб чиқиб, мазкур аёлга МЖтКнинг 474-моддаси билан МЖтКнинг 33-моддасини қўллаб 
5 сутка маъмурий қамоқ жазоси та­йинланди. МИБ Тошлоқ туман бўлими томонидан аёлдан 3.672.000 сўм алимент пулларини ундириш бўйича ижро ҳаракатлари олиб борилаётгани инобатга олинди.

— Шу ўринда бир савол: болаларига моддий таъминот беришдан бўйин товлаш ота ёки оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишга ҳам сабаб бўладими?

— Ота ёки оналик ҳуқуқидан маҳ­рум қилишнинг 5 та асоси бор:

1. Фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товласа, шу жумладан алимент тўлашдан.

2. Фарзандларига шафқатсиз, ғайриинсоний муносабатда бўлса, яъни уриш, қийнаш, ишлатиш ва ҳоказо.

3. Болани тиббий муассасалар ёки шунга ўхшаш ижтимоий ёрдам муассасаларидан олишдан бўйин товлаши. Масалан, дунёга келтирган чақалоғини олмаслик.

4. Ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка ружу қўйганда.

5. Фарзандларининг ҳаёти ва соғлигига қарши жиноятлар содир этганида.

— Алимент тўлашдан такрор-так­рор бош тортиш қандай оқибатларга олиб келади?

— Маъмурий жазо тайинлангандан сўнг 1 йил давомида такрор 2 ойдан ортиқ алимент тўламаслик ­жиноий­ жавобгарликка олиб келади. Жиноят кодекси­(ЖК)нинг 122-моддасига кўра, 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади.

МЖтКнинг 29-моддасида эса маъмурий қамоққа олиш чораси ҳомиладор аёлларга, 3 ёшгача боласи бўлган аёлларга, 14 ёшгача бўлган боласини якка ўзи тарбиялаётган шахсларга, 18 ёшга тўлмаган шахсларга, I ва II гуруҳ ногиронларига нисбатан қўлланилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.

Хулоса ўрнида...

Ҳатто чумчуқнинг ҳам ини бузилмасин, дейди доно халқимиз. Шундай экан, аввало оилалар мустаҳкам бўлсин, ўртада фарзандлар дунё­га келгач, эр-хотин “бир-биримизни тушунмадик”, дея оила қўрғонига путур етказмасин. Алалоқибат, вояга етмаган фарзандлар тирик етим бўлиб қолмасин.

 

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА, журналист

    Бошқа янгиликлар