Украина Олий Радаси депутатлари мамлакат ҳукумати раҳбари лавозимига Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт вазири вазифасини бажарувчи Юлия Анатольевна Свириденконинг тайинланишини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда РБК хабар берди.
Свириденконинг тайинланишини Раданинг 262 халқ депутати қўллаб-қувватлади, 22 нафари қарши чиқди.
Бир кун аввал украиналик депутатлар 2020 йилнинг мартидан бери бу лавозимда ишлаб келаётган бош вазир Денис Шмигалнинг истеъфосини қабул қилган эди. У билан бирга бутун ҳукумат истеъфога чиқди.
“Украинская правда” манбаларига кўра, улар Свириденконинг ўрнига Иқтисодиёт вазирлигига амалдаги биринчи ўринбосар Олексий Соболевни тайинлашни режалаштирмоқда.
Украина Президенти Владимир Зеленский бир неча кун олдин ҳукуматдаги катта ўзгаришларни эълон қилганди. У Юлия Свириденкога Бош вазир лавозимини таклиф қилган, Денис Шмигаль эса янги Мудофаа вазири бўлиши кутилмоқда.
Олдинроқ Украина Мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Рустам Умаровга Украинанинг АҚШдаги элчиси лавозими таклиф қилингани хабар қилинганди. РБК-Украина хабарига кўра, улар Бош вазир ўринбосари – Адлия вазири вазифасини бажарувчи Ольга Стефанишинани Украинанинг АҚШдаги элчиси этиб тайинлашни режалаштирмоқда. Нашр манбаларига кўра, Умаров асосий эътиборни Россия билан музокараларга қаратади.
Свириденко таклифи билан ҳукуматни тайинлаш бироз кечроқ бўлиб ўтади. “Халқ хизматчиси” фракцияси раҳбари Давид Арахамия эълон қилган рўйхатга асосланиб, ҳукуматда туб ўзгаришлар бўлмайди – баъзи вазирлар ўз ўрнини сақлаб қолади, баъзилари ўрин алмашади, айрим вазирликлар бир-бири билан бирлаштирилади. Хусусан, Стратегик саноат вазирлиги Мудофаа вазирлиги билан бирлаштирилади ва унинг раҳбари Герман Сметанин “Укроборонпром”ни бошқариши мумкин.
Маълумот учун, Юлия Свириденко 1985 йил 25 декабрда Чернигов шаҳрида туғилган. Унинг отаси Украина Монополияга қарши қўмитасининг Чернигов ҳудудий бошқармаси бошлиғи бўлган, онаси вилоят маъмуриятида ишлаган. Свириденко Киев Миллий савдо-иқтисодиёт университетининг иқтисодиёт, менежмент ва ҳуқуқ факультетини, 2008 йилда университетнинг монополияга қарши менежмент йўналиши бўйича магистратурасини, шундан сўнг иқтисодиёт ва халқ хўжалигини бошқариш ихтисослиги бўйича аспирантурасини тамомлаган.
Эслатиб ўтамиз, Владимир Зеленский Юлия Свириденкога Украина бош вазири лавозимини эгаллашни таклиф қилгани ҳақида хабар берилганди.