Леди Гага 28 ёшда

ШОУ-БИЗНЕС 28.03.2015, 15:44
Леди Гага 28 ёшда

Леди Гага номини эшитганларнинг кўз ўнгида ғайриоддий, баъзан кулгули, баъзида эса кўрқинчли либослари билан барчани ҳайратга соладиган АҚШлик хонанда гавдаланиши табиий.

Асл исми Стефани Жоанн Анжелина Жерманотта бўлган бу қўшиқчи 1986 йилнинг 28 мартида Нью-Йоркда, итальян оиласида тўнғич фарзанд сифатида дунёга келган.

Унинг исми вафот этган ҳоласи Жоанн Анжелина Жерманотта хотирасига бағишлаб қўйилган. Стефанининг ўзидан 6 ёш кичик бўлган Натали исмли синглиси бор.

У болалигидан пианино чалишни севарди ва Майкл Жексон, Синди Лоперларнинг қўшиқларини чалиб уларни магнитафон тасмасига ёзарди. 11 ёшга кирганида у Манхэттен Guilliard School мактабига ўқишга кирмоқчи бўлади, бироқ кутилмаганда Convent of The Sacred Heart мактабига ўқишга киради ва у ерда опа-сингил Хилтонлар, Кэролайн Кеннедилар билан бирга ўқиган.

- “Мен мактабни гарчи ўша вақтлар оғриқли ўтган бўлса-да, ширин хотира каби эслайман. Сабаби, мактабдаги ҳамма менинг устимдан куларди. Мен бошқалардек кийинишни, бошқалардек оддий бўлишни истамасдим. Ўтказиладиган тадбирларда, кечаларда қўшиқ айтардим. Улар мени тушунишмасди. Мен эса жону-дилим билан мусиқа оламига кириб кетгандим” дейди омаавий ахборот воситаларига берган интервьюларидан бирида Стефани.

Мактабни тамомлагач, Стефани Нью-Йорк университети қошидаги Санъат мактабига ўқишга киради. 14 ёшида у мактабнинг Bitter End кулиби саҳнасида қўшиқ айтарди. Ўшанда ҳам унинг либослари атрофдагиларни ё қўрқитарди ёки ҳайратга соларди...

Айни дамда у хонандалик билан бирга, продюсер, қўшиқлар муаллифи, филантроп, дизайнер ва актриса ҳамдир.

У ўз фаолиятини 2007 йили бошлаган. Дастлаб Interscope Records овоз ёзиш студиясида ишлай бошлаган Стефанининг овози Рэпер Эйконни ўзига жалб қилади ва у бўлажак кўшиқчи билан альбом яратиш учун шартнома тузади.

Шу тарзда 2008 йили у илк The Fame номли альбомини омма эътиборига ҳавола этади.

Альбомдан ўрин олган “Just Dance”, “Poker Face”, “Paparazzi” каби қўшиқлар хитга айланган.

2009 йили Стефани навбатдаги The Fame Monster  номли мини-альбомини ёзади. Учинчи Artpop альбоми эса 2013 йилда ёзилган. 

Бўлажак хонанда болалигидан ҳеч кимга ўхшамасликка ҳаракат қиларди. Хонандалик фаолияти бошлангач у машхур қўшиқчилар Дэвид Боуи, Майкл Жексон, Мадонна ва Queenларга тақлид қилган ҳолда ўзининг ягона ва қайарилмас имиджини яратишга аҳд қилди ва айтиш керакки, бунинг уддасидан чиқа олди.

Айни дамда унинг ҳар бир чиқиши алоҳида бир воқеага айланади. Унинг ноодатий либослари, сочининг ранги ва турмаги, юзидаги бўёқлар, бош кийими, оёқ кийими барча-барчаси кишини ҳайратлантирмай қолмайди.

2011 йилнинг октябрь ойидаги маълумотларга кўра, Леди Гаганинг альбомлари 23 миллион нусҳада сотилган, синглларининг эса дунёда 64 миллион нусҳаси мавжуд.

Гарчи ижодини бошлаганига кўп бўлмаган бўлса-да, у 6 та “Грэмми”, 13 та MTV Video Music Awards,8 та MTV Europe Music Awards каби мукофотларни қўлга киритган.

Бундан ташқари VH1 тузган дунёнинг энг йирик аёл қўшиқчилари орасида 4 ўринни эгаллайди.

Юқорида филантроп сўзини тилга олар эканмиз, Леди Гаганинг айнан бу билан боғлиқ фаолияти ҳақида тўхталиб ўтмай илож йўқ. Филантроп атамаси доимий равишда атрофдагиларга яхшилик қилувчи кишиларга нисбатан ишлатилади.

Айтиш керакки, Леди Гага бу борада бошқаларга ўрнак бўла олиши мумкин. У турли ҳайрия тадбирлари, акцияларда узлуксиз иштирок этади. 2010 йили Гаитида содир бўлган зилзиладан сўнг у Нью-Йоркда Radio City Music Hall концерт дастуридан тушган маблағлар ва шахсий онлайн-дўконидаги ўша кунги маблағларни ушбу табиий офатда жабрланган инсонлар учун ҳайрия қилди. Маълумотларга кўра, маблағ 500 минг АҚШ долларини ташкил этган.

Шунингдек, Леди Гага ОИТС, ОИВ касалликларига қарши курашувчи компанияларга ҳам аъзо. Леди Гага Синди Лопер  ва MAC Cosmetics билан биргаликда Viva Glam номли лаб бўёқларини ишлаб чиқаради. Ушбу косметик восита савдосидан тушган маблағлар ОИВ билан кураш учун сарфланади.

“Мен Viva Glam оддий, ҳаммабоп лаб бўёғи бўлишини ва уни ҳар бир одам атрофдагиларга ёрдам бериш учун сотиб олишини истайман” дейди Гага.

2015 йилнинг 14 февраль санасида у 33 ёшли актёр Тейлор Киннининг унга турмушга чиқиши борасидаги саволига “ҳа” деб жавоб берди.

Улар 2011 йили “You and I” клипини суратга олиш жараёнида танишишган. Яқин ойлар ичида жуфтлик турмуш қуриш истагида.

Леди Гага бугун ўзининг тавалллуд айёмини нишонлар экан, биз унинг чиқишларидаги ғайриоддий либосларидан сизларга намуналарни намойиш этамиз. Ҳақиқатдан ҳам ғайриоддий!

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1