АсосийJamiyat

Ислом Каримов 90,39 фоиз овоз билан Ўзбекистон Президенти этиб сайланди

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси 29 март, якшанба куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Президенти сайлови дастлабки натижаларини эълон қилди. Унга кўра, амалдаги Президенти Ислом Каримов 90,39 фоиз овоз (17,127 миллиондан ортиқ сайловчи овоз берган) билан кейинги беш йил муддатга Ўзбекистон Президенти этиб сайланди.

МСК раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломовнинг маълум қилишичА, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, сайловда номзодлар Акмал Саидов 3,08 фоиз, Ҳотамжон Кетмонов 2,92 фоиз, Наримон Умаров эса 2,05 фоиз овоз тўплади.

Сайлов бюллетенларининг 1,5 фоизи ҳақиқий эмас деб топилган.

Сайлов-2015: факт ва рақамларда

2015 йилнинг 29 март санаси Ўзбекистонда муҳим сиёсий жараён билан тарихга муҳрланди. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бўйича мамлакатимиз ва хорижий давлатлардаги ваколатхоналаримиз ҳузуридаги сайлов участкаларида овоз бериш жараёни ниҳоясига етди. Айтиш жоизки, мамлакатимиз фуқаролари сайловда юксак сиёсий ва фуқаролик фаоллигини намойиш этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови 14 сайлов округида 9015 сайлов участкасида, шунингдек, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида яна 44 сайлов участкасида ўтказилди.

29 март куни соат 6.00 дан 20.00 гача давом этган сайловда 18 миллион 928 минг нафар фуқаро иштирок этди. Бу рўйхатга киритилган сайловчилар умумий сонининг 91,01 фоизини ташкил этади.

ҲАММАСИ ОЧИҚ ВА ОШКОРА ЎТДИ

Овоз бериш жараёни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги ва “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар билан мустаҳкамлаб қўйилган халқаро демократик нормалар ва принципларга риоя қилинган ҳолда очиқ, ошкора ўтди.

ҚОНУНЧИЛИК ТАЛАБЛАРИ БУЗИЛМАДИ

Сайловни ўтказиш жараёнида Марказий сайлов комиссиясига жойлардан сайловга доир қонунчилик талаблари бузилиши юзасидан хабар ва маълумотлар келиб тушмади.

ИККИ МИЛЛИОНГА ЯҚИН ЁШ ИЛК БОР ОВОЗ БЕРДИ

Мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, 18 ёшга тўлган Ўзбекистон фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эга. Бу меъёр ёшларнинг сайлаш ҳуқуқини белгилайди. Сайлов куни 2 миллион нафарга яқин ёшлар ўз ҳуқуқидан фойдаланиб, илк маротаба сайловда овоз берди.

ОВОЗЛАРНИ САНАШДА 35 МИНГ КИШИ ҚАТНАШДИ

Овозларни санаб чиқишда сайлов участкаларида сиёсий партиялардан 35 минг нафардан зиёд кузатувчи, халқаро кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этди.

Марказий сайлов комиссияси томонидан 43 давлат ва 5 халқаро ташкилот – ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотидан 300 га яқин кузатувчи рўйхатга олинди. Улар орасида миллий парламентлар ҳамда сайлов органлари раҳбарлари ва аъзолари, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, олимлар, сиёсатшунослар бор.

Сайлов жараёнини маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 1000 га яқин вакили ёритди.

НОМЗОДЛАР ОВОЗ БЕРДИ

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов Тошкент шаҳридаги 260-сайлов участкасида овоз берди. 

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Акмал Саидов Тошкент шаҳридаги 93-сайлов участкасида овоз берди. 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов Тошкент шаҳридаги 644-сайлов участкасига ташриф буюрди. 

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров овоз бериш учун Тошкент шаҳридаги 505-сайлов участкасига келди. 

92 ЁШЛИ ОНАХОН САЙЛОВ УЧАСТКАСИГА КЕЛИБ ОВОЗ БЕРДИ

Наманган туманидаги 232-сайлов участкасига биринчилардан бўлиб маҳалланинг энг кекса онахони — тўқсон икки баҳорни қаршилаётган Турсун момо Эгамбердиева набира келинлари ҳамроҳлигида кириб келди.

Турсун момо сайлов бюллетенини қутига ташлар экан, шундай кунларга етказганига шукр, юртимиздан тинчлик-осойишталик, файзу барака аримасин, хайрли ишларнинг бошида турганлар омон бўлсин, деб дуо қилди.  

“Комиссия аъзолари уйингизга сайлов қутисини олиб борамиз, ўша ерда овоз бераверасиз, дейди. Кўнмадим, ҳали оёғимда куч, кўзимда нур бор, участкага бораман, деб келавердим. Шукур, юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон, фарзандларим келажагидан кўнглим тўқ. Бундай замонда кексалигингни ҳам унутиб, ғайратингга ғайрат қўшилар экан”.

ХАЛҚАРО КУЗАТУВЧИЛАР: “ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАРИГА ҲАВАСИМИЗ КЕЛДИ”

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш учун мамлакатимизга келган халқаро кузатувчилар сайлов халқаро нормалар ва демократик тамойиллар асосида ўтаётганини таъкидламоқда.

“САЙЛОВЧИЛАРНИНГ ФАОЛЛИГИ КАТТА ТААССУРОТ ҚОЛДИРДИ”

Иван Котлобай, МДҲ ижроия қўмитаси бўлим бошлиғи:

Жиззах вилоятидаги сайлов участкаларида бўлиб, сайловлар демократик талаблар даражасида ҳар томонлама пухта тайёргарлик билан ўтганига гувоҳ бўлдим. Айниқса, сайловчиларнинг фаоллиги менда катта таассурот колдирди. Ҳар бир сайловчи ўз овози мамлакатнинг эртанги кунига дахлдор эканини билади. Мен суҳбатда бўлган сайловчилар ўзи танлаган, маъқул келган номзодларга овоз бераётганини айтди. Демак, улар Ватани тақдири, ўзининг келажагини кимга ишонишни ўзлари ҳал этмоқда.

“ЎЗБЕКИСТОН — ЖАДАЛ ТАРАҚҚИЙ ЭТАЁТГАН МАМЛАКАТ”

Владимир Месамед, Қуддус университетининг Осиё ва Африка мамлакатлари институти профессори, сиёсатшунос (Исроил):

Ўзбекистонни яхши биламан. Шу юртда ўқиганман. Ўзбекистон демократик йўлдан бораётганига ишонч ҳосил қилганман. Бўлиб ўтган сайлов миллий қонунчилик ва халқаро демократик меъёрлар асосида ўтаётганига гувоҳ бўлдим. Ўзбекистонда фуқароларнинг сайловда эркин қатнашиши учун барча шароит яратилди. Бу фуқаролик жамияти қуриш йўлини танлаган мамлакат учун жуда катта ютуқдир. Ўзбекистон – жадал тараққий этаётган мамлакат. 

Игорь Борковский, МДҲ кузатувчилари миссияси аъзоси:

Қорақалпоғистон Республикасига биринчи марта келишим. Бу ерда ҳам сайловга қизғин тайёргарлик кўрилган. Қайси участкада бўлмайин, сайловчиларнинг фаоллигини кўрдим. Айниқса, овоз бераётганлар орасида ёшлар кўпчилик экани уларнинг мамлакатда кечаётган сиёсий жараёнларга бефарқ эмаслигидан далолат беради. 

Евгения Махмутова, халқаро кузатувчи (Россия):

Навоий вилоятида эрта тонгдан бошланган сиёсий жараёнларни кузатиб, участка сайлов комиссияларининг тайёргарлиги, сайловчиларнинг кайфияти кўтаринкилиги, айниқса, биринчи марта овоз бераётган ёшлардаги ўзгача қизиқиш ва ҳаяжонни кўрдим. Энг муҳими, сайлов очиқ-ошкора, яширин овоз бериш йўли билан ўтди. Ҳар ким ўзи муносиб деб билган номзодни сайлади.

“ҲАР БИР САЙЛОВЧИ ЮЗИДА КЎТАРИНКИ РУҲ КЎРДИМ”

Леонид Попович Львович, халқаро кузатувчи (Россия):

Юртингизда бўлиб ўтган сайловларни катта эътибор ва қизиқиш билан кузатдим. Сайлов участкаларидаги жараёнлар билан танишдим. Шуни алоҳида таъкидлашим лозимки, Ўзбекистонда мазкур сайловларга катта тайёргарлик кўрилган. Ҳар бир сайловчининг юзида кулгу ва кўтаринкиликни кўрдим. Энг асосийси сайловнинг очиқ ва ошкора ўтганлигини гувоҳи бўлдим.

Муштарий Асророва (талаба):

—  Ҳаётимда илк бора президентлик сайловида ўз конституциявий ҳуқуқимдан фойдаландим. Ўйлайманки, келажагимизнинг пойдевори бўлиб хизмат қиладиган, юртимизнинг фаровонлиги ва осудалиги бардавомийлигини таъминлайдиган номзодга овоз бердим.

Шоҳжаҳон Қаюмов (талаба):

Мана, биз тарихий кунда — сайловда ўз овозимиз билан иштирок этдик. Мазкур кунда менинг ҳам овозим аҳамиятга эгалиги кўнглимда фахр уйғотди.

ЎзА ва Еlections.uz маълумотлари асосида Лайло Рустамова тайёрлади

    Бошқа янгиликлар