Коронавирус қандай касб вакилларига кўпроқ хавф туғдирмоқда? Бу саволга тиббиёт ходимлари ва полициячилар деб жавоб бериш мумкин. Буни кейинги вақтларда интернет тармоғида бериб борилаётган хабарлардан кўриш мумкин. Шундай ҳолатлардан бири АҚШнинг йирик шаҳарларидан бирида содир бўлди. Нью-Йоркда 98 нафар полициячи коронавирусни юқтириб олди, дея маълум қилди Нью-Йорк полиция шефи Дермот Ши.
Ҳозир Нью-Йорк полицияси ўзларининг одатий вазифаларидан ташқари вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида шаҳар кўчаларида одамлар кўп тўпланмаслигини ҳам назорат қиляпти.
Коронавирусни юқтирган полициячилардан 95 нафари уйда даволанмоқда, деб ёзади «РИА Новости».
Нью-Йоркда жами 9045 та коронавирусни юқтириш ҳолати қайд этилган бўлиб, шундан 63 нафари ҳаётдан кўз юмган. Шаҳар мэри Билл де Блазионинг сўзларига кўра, шаҳарда касалланганлар сони бутун мамлакат бўйича барча ҳолатларнинг учдан бир қисмини ташкил этади.
АҚШ янги вирус билан касалланганлар сони бўйича дунёда ХХР ва Италиядан сўнг учинчи ўринда турибди.