АсосийЖамият

Президент Администрациясидаги штат қисқартиришлар ҳақидаги хабарларга изоҳ берилди

Ижтимоий тармоқларда Президент Администрациясидага штат бирликлари камида 50 фоизга, бошқа давлат ташкилотларида ҳам қисқартиришлар амалга оширилиши ҳақида хабарлар тарқалган эди.

'Президент Администрациясидаги штат қисқартиришлар ҳақидаги хабарларга изоҳ берилди'ning rasmi

Ҳолат юзасидан изоҳ берган Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълумотлар расман тасдиқланмаганлигини қайд этди. 

Таъкидланишича, барча даражалардаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида, шу жумладан Президент Администрациясидан тортиб қуйи ташкилотларгача бўлган барча идораларда штат бирликларини мақбуллаштириб бориш ишлари бу — доимий жараён ҳисобланади. 

Бундан кўзланган асосий мақсад – бир-бирини такрорловчи функцияларни қисқартириш, давлат бошқаруви тизими ва давлат хизматчиларининг фаолияти самарадорлигини ошириш, барча идораларда бюджет маблағларидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланишни таъминлаш.

“Бу жараённинг ҳажми ва кўлами қай даражада бўлиши, мазкур йўналишда тегишли ўрганиш ва таҳлиллар ўтказилганидан кейингина маълум бўлади. 

Шу сабабли, оммавий ахборот воситалари, блогерлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бу мавзуга доир хабарларни тарқатишда фақат расмий манбаларга таянишни сўраймиз”, — дейилади хабарда.

    Бошқа янгиликлар