Ижтимоий тармоқларда Қозоғистоннинг Остона шаҳрида телефон ўйини учун ўз оиласида қотиллик содир этган 21 ёшли шахс ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Остона шаҳри полиция департаменти матбуот хизмати муносабат билдирди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, жорий йил 17 январь куни соат тахминан 04:00 да Остона шаҳрининг 21 ёшли фуқароси “Free Fire” ўйинини ўйнаётган бўлган ва оила аъзолари унинг телефонини олиб қўйган. Шундан сўнг у ҳис-туйғуларини бошқара олмаган ва ғазабланиб, барча қариндошларининг бўйнини кесган. Фожиа оиланинг барча аъзолари уйқуда бўлганида юз берган. Оқибатда 1997 йилда туғилган ака воқеа жойида ҳалок бўлган, яна уч нафар оила аъзоси оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.
Остона шаҳри полиция департаменти мазкур фактни тасдиқлади.
“Гумонланувчи – 21 ёшли фуқаро қўлга олиниб, вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилди. Қотиллик бўйича жиноий иш қўзғатилган. Дастлабки маълумотларга кўра, келишмовчиликка унинг қариндошлари томонидан берилган танбеҳ сабаб бўлган. Ҳозирда ҳодисанинг тафсилотлари ўрганилмоқда”, деб изоҳ берган полиция.