1

Ўзбекистон олимлари томонидан аллергияга қарши миллий маҳсулот ишлаб чиқарилди

САЛОМАТЛИК 07.04.2015, 11:25
Ўзбекистон олимлари томонидан аллергияга қарши миллий маҳсулот ишлаб чиқарилди

Ўзбекистонда маҳаллий хомашёдан аллергияни даволовчи биринчи табиий антигистамин дори воситаси яратилмоқда, дея хабар беради telegraf.uz нашри.

“Аллергодаф” номли ушбу янги препарат уч бўлакли қорақиз ўти ўсимлиги таркибидаги биологик фаол моддалар асосида тайёрланган, ножўя таъсири мутлақо йўқ. Келгусида у ҳатто аллергиянинг ўткир, сурункали турлари билан оғриган беморларни касалликдан халос этиши мумкин. “Аллергодаф” Ўзбекистон Фанлар академияси Иммунология ҳамда Ўсимлик моддалари кимёси институтлари олимларининг кўп йиллик ҳамкорликдаги илмий изланишлари маҳсули экани диққатга сазовор.

Тадқиқот ишлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг грант ло­йиҳаси доирасида олиб борилди. Дастлаб олимлар қорақиз ўти таркибидаги биологик фаол модда (флавоноид)ларнинг хусусиятларини ўрганиб, улар аллергияга қарши самарали таъсирга эга эканини аниқлади. Қорақиз ўти халқ табобатида қадимдан маълум. Хусусан, бу ўсимлик дамламаси болаларда учрайдиган аллергик касаллик — диатезни даволашда кенг қўлланиб келинган.

— Янги мингйилликда аллергик касалликлар ниҳоятда кўпайди, — дейди  “Аллергодаф” муаллифларидан бири, Иммунология институтининг клиник иммунология ва аллергология лабораторияси мудири Акрам Суяров. — Ўтган асрда улар Ер юзи аҳолисининг бор-йўғи 1-2 фоизида учраган бўлса, бугунги кунга келиб ривожланган мамлакатлар, айниқса, йирик шаҳарларда бу кўрсаткич 35 фоизгача етмоқда. Аллергиянинг келиб чиқиш сабаблари ва ривожланиш механизми яхши ўрганилган. Инсон кундалик фаолияти давомида аллергияни қўзғатувчи турли моддалар — аллергенлар таъсирига учрайди. Улар ичимизга озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳаводаги чанг, айрим дори препаратлари орқали, баъзан ҳашаротлар чаққанда кириши мумкин. Иммунитети мустаҳкам, соғлом одамни аллергенлар “ишғол” қила олмайди. Лекин иммун тизими издан чиқса аллергенлар фаоллашади. Натижада организмдаги махсус ҳужайралар гистамин моддасини меъёридан ортиқ ишлаб чиқара бошлайди. Бу    ҳолат аллергик реакцияни юзага келтиради. Шунинг учун аллергия белгилари намоён бўлганда беморларга антигистамин дориларни буюрамиз.

Ҳозирги кунгача фармакологияда ихтиро қилинган антигис­тамин гуруҳига мансуб препаратларнинг барчаси синтетик усулда олинмоқда. Улар кимёвий бирикмалардан ташкил топгани боис организмга ножўя таъсир кўрсатиши ва ҳатто аллергияни даволаш ўрнига, аксинча, қўзғатиб юбориши мумкин. Бундай дорилар юртимизга хориждан келтирилаётгани туфайли нархи қиммат. Борлари ҳам аҳоли эҳтиёжини етарли даражада қондиролмайди.

“Аллергодаф” аллергияга қарши дори-дармонлар таснифига ўсимлик асосида олинган биринчи антигистамин препарат сифатида киритилишига шубҳа йўқ! Ихтирога патент олиш учун ҳужжат топширилган. Дастлаб препарат лаборатория ҳайвонларида синовдан ўтказилди. Унинг таъсирини амалдаги синтетик антигистаминлар билан солиштириб ўрганилди. Натижа кутилгандек ижобий. Эътиборлиси шундаки, тажриба-синов жараёнида “Аллергодаф” таблеткаларининг токсик таъсири умуман кузатилмади. Демак, улар кимёвий усулда тайёрланадиган дорилардан фарқли ўлароқ, организмни заҳарламайди ва бирорта ҳам органга зиён етказмайди. Ўсимлик моддалари кимёси институтида янги препаратнинг даст­лабки тажриба намуналари ишлаб чиқарилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Фармакология қўмитаси дорини клиник синовдан ўтказишга рухсат берди. Клиник синовларни 2016 йилдан бошлашни режалаштирилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1