12-16 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида 1999-2000 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида велошоссе бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионати ўтказилади. Тўрт кун давом этадиган мазкур мусобақаларда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм, Навоий, Сурхондарё, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Тошкент, Сирдарё ва Бухоро вилоятларидан келган жами 100 нафарга яқин спортчи турли масофаларга ўтказиладиган баҳсларда ғолиблик учун кураш олиб борадилар. Бу ҳақда olamsport.com хабар беради.
Ўзбекистон очиқ чемпионати доирасида мураббийлар Кенгашининг навбатдаги йиғилиши ҳам ўтказилиши режалаштирилган. Йиғилиш кун тартибида велоспорт турини мамлакатимизда оммавийлигини ошириш, ҳудудий федерациялар фаолиятини яхшилаш, моддий техника базасини янада мустаҳкамлаш, ўқув-машғулот йиғинлари узлуксизлигини таъминлаш ва сифатини ошириш, иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ва селекция ишларини тизимли олиб бориш, захира спортчиларни шакллантириш ва улар билан ишлашни йўлга қўйиш, тиббий-биологик таъминотдан самарали фойдаланиш ва спорт шифокорларини жалб этиш, республикадаги олимпия захиралари коллежлари ҳамда болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида босқичма-босқич велоспорт бўлимларини очиш бўйича ташкилий-услубий ишларни амалга ошириш каби масалалар муҳокама этилади.
Ўзбекистон очиқ чемпионатининг тантанали очилиш маросими шу йил 13 апрель куни соат 900 да Самарқанд олимпия захиралари коллежида бўлиб ўтади.
Маълумот учун: 2013-2014 йиллар давомида велоспорт тури моддий техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси томонидан терма жамоа учун 100 тадан ортиқ халқаро стандартларга жавоб берадиган велосипедлар ҳамда 4 та “Дамас” русумли автомашиналари олиб берилди. Жорий йилнинг май ойида қўшимча равишда яна 100 га яқин велосипед ва 4 та мотоцикл берилиши режалаштирилган.





