АсосийDunyo

Нью-Йоркда коронавирусдан ҳар 17 дақиқада бир киши вафот этмоқда. Трамп шаҳарда карантин киритишга шошмаяпти

'Нью-Йоркда коронавирусдан ҳар 17 дақиқада бир киши вафот этмоқда. Трамп шаҳарда карантин киритишга шошмаяпти'ning rasmi

Охирги икки кун ичида АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ҳар 17 дақиқада коронавирусдан бир киши вафот этмоқда. Бироқ АҚШ президенти Дональд Трамп бундай аянчли ҳолатга қарамай шаҳар жойлашган Нью-Йорк штатида карантин киритилмаслигини эълон қилган. 

Бу ҳақда The New York Post нашрига таяниб Кун хабар бермоқда.

Умумий ҳисобда Нью-Йоркда коронавирус қурбонлари сони 450 кишини ташкил қилмоқда.  

Маълум қилинишича, шаҳарда тиббий ходимларнинг чақиртирилиши сони 40 фоизга ошган. Шошилинч ёрдам бўлимларига ҳар куни 6,5 мингтагача қўнғироқ келиб тушмоқда. Бу орада Нью-Йорк ўт ўчириш департаменти вакиллари тез ёрдамга фавқулодда ҳолатларда, мисол учун юрак ва ўпка билан муаммолар бўлгандагина қўнғироқ қилишга чақирган. 

Нью-Йорк шифохоналаридан бирининг шифокори Стив Кассапидис шаҳарда юз бераётган вазиятни оғир деб атаган. Унинг таъкидлашича, шифокорлар касалланганларни қабул қилишга улгуришмаяпти. 

Бу орада АҚШ президенти Дональд Трамп Нью-Йорк штати ва унга қўшни Нью-Жерси ва Коннектикут штатларида карантин киритилмаслигини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, бунга ҳожат йўқ.

Трампнинг таъкидлашича, федерал ҳукумат карантин ўрнига бу ҳудудларда расмий тақиқ киритишсиз аҳоли ҳаракатланишини чеклашга чақиради. АҚШ президенти бундай қарорни Оқ уйнинг коронавирусга қарши кураш бўйича мутахассислари жамоаси ва юқорида номи тилга олинган штатлар губернаторлари билан маслаҳатлашувлардан кейин қабул қилган. Трамп касалликлар назорати ва профилактикаси марказига ҳаракатланишни қатъий чеклашга чақириқларни эълон қилиш вазифасини топширган.

Охирги маълумотларга кўра, АҚШ коронавирусдан касалланиш ҳолатлари бўйича дунёда 1-ўринга чиқди. Мамлакатда касалланганлар сони 124 мингга яқинроқни, вафот этганлар сони 2227 нафарни ташкил қилмоқда.    

Бошқа янгиликлар