АсосийJamiyat

Тошкентда яна шакар хавотири бошланди

Шакар баҳоси қимматлашишидан хавотирланиб, шаҳар аҳолиси айрим дўконларда навбат ҳосил қилиб, ғамлашга тушган. “Жамоатчилик назорати” гуруҳи иштирокчиларининг ёзишича, шакарнинг нархи ҳам кўтарилиб қолган. Жумладан, “Авиасозлар” бозорида 3 минг 900 сўмдан сотилмоқда. Ваҳоланки, аввалроқ 2 минг 900 сўмга сотилаётган эди, деб хабар беради uz24.uz нашри.

Сир эмас, ҳар йили баҳор-ёз мавсумида истеъмолчилар орасида шакар билан боғлиқ хавотирлар бошланади. Ўтган йили бозорларимизда ушбу маҳсулотнинг сунъий танқислиги юзага келган, нархи эса икки баробар кўтарилган эди. Тошкентдаги йирик супермаркетларда шакарнинг ўртача нарх-навоси сақланиб қолган бўлса-да, бир оилага ёки бир киши бошига 2 килограммдан ортиқ шакар берилмаган эди.

Истеъмолчилар орасида, шунингдек, Ўзбекистонда шакар “танқислиги” ушбу маҳсулотни ишлаб чиқарувчи завод ёпилиши билан боғлиқ, деган асоссиз гаплар ҳам тарқалган эди.

Ҳозирда республикамизда иккита – “Хоразм шакар” ҳамда “Ангрен шакар” заводлари ишлаб турибди.

    Бошқа янгиликлар