Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков Ўзбекистонда айни пайтда коронавирус билан касалланганлар аҳволи бўйича расмий маълумот берди:
— Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус касаллиги билан рўйхатга олинган беморлар сони 534 нафарни ташкил этди. Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клиникасида даволанаётган 98 беморнинг 25 нафарида пневмония белгилари кузатиляпти, 7 нафарининг аҳволи оғир. Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 69 бемордан 3 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланяпти.
Мамлакатимизда карантин тадбирлари давом этяпти. Шу пайтга қадар 180 мингга яқин одам карантин муддатини ўтаб, касаллик тасдиқланмаганлиги учун уйига жавоб берилди. Ҳозирги пайтга келиб 86 мингдан кўпроқ фуқаромиз уй ва стационар шароитида карантин тадбирларини ўтаяпти. Стационар шароитда карантин тадбирларини ўтаётганлар сони 23 мингдан кўпроқни ташкил этади.