АсосийJamiyat

«Moody’s» Ўзбекистон банк тизимининг ривожланишини ижобий баҳолади

Марказий банк томонидан «Moody’s» халқаро рейтинг агентлиги билан ҳамкорликда тижорат банкларининг халқаро рейтинг баҳоларини олиш масалаларига бағишланган навбатдаги 5-халқаро йиллик конференция ўтказилди.

Анжуманда тижорат банкларининг 300 дан ошиқ раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирок этди, бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки матбуот хизмати хабар берди.

Конференция мамлакатимиз Президентининг «2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги қарори талаблари ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилди.

Мазкур ҳужжатда аниқлаб берилган вазифалар, банк тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар банкларнинг халқаро рейтинг баҳоларини олишига эришиш, тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини ошириш, банк амалиётига тижорат банклари фаолиятини баҳолаш ва таҳлил қилишнинг халқаро стандартларини жорий этиш, банкларнинг халқаро молия бозоридаги иштирокини кенгайтириш орқали инвестиция салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган.

Конференция давомида евроҳудуд иқтисодиётидаги ўзгаришлар ва уларнинг МДҲ мамлакатларига таъсири, иқтисодий нобарқарорлик оқибатларининг активлар сифати, банк тизимининг ташқи зарбаларга мойиллиги масалалари кўриб чиқилди, шунингдек ҳамдўстлик мамлакатлари банк тизимининг гирдобли ҳаракат шароитидаги обзори билан танишилди.           

Бундан ташқари, «Moody’s» агентлиги экспертлари кредит рейтингини тақдим этиш методологияси бўйича батафсил маълумот бердилар ва Ўзбекистон банк тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар натижалари бўйича ўз мулоҳазаларини билдирдилар.

Эслатмоқ жоизки, «Moody’s» агентлиги ўтган йилнинг апрелидаги “Ўзбекистон банк тизимининг ривожланиш прогнози” деб номланган ҳисоботида кетма-кет бешинчи марта банк тизимининг ривожланиш истиқболларини “барқарор” деб тасдиқлади. Активлар сифатининг барқарор динамикаси, иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръати, банкларнинг юқори даромадли кўрсаткичлари, ликвидлик даражаси ва банклар фаолиятининг самарадорлиги мана шундай хулоса қилишга асос яратди. «Moody’s» агентлиги фикрига кўра, республика иқтисодиётининг барқарор ўсиши 12-18 ой давомида банклар учун қулай операцион муҳитни таъминлайди.

Сўнгги йилларда мамлакат молия-банк тизимини барқарорлигини янада мустаҳкамлаш борасида катта ишлар амалга оширилди. Банк тизими кўрсаткичлари нафақат халқаро стандартларга жавоб беради, балки айрим меъёрлар бўйича юқори мавқега эгадир. Натижада катта учлик - «Moody’s», «Standard & Poor’s» ва «Fitch Rating’s» халқаро рейтинг агентликлари мамлакатимизнинг барча тижорат банкларига барқарор ўсишини тасдиқловчи рейтинг баҳоларини тақдим этганлар. 

Қайд этилдики, банк тизимида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ва Марказий банкнинг самарали банк назорати, жумладан, активлар сифати, кредит портфелини диверсификация қилиш, капитал етарлилиги ва ликвидлик кўрсаткичлари устидан доимий мониторинг ўрнатилиши мамлакатимиз банкларининг барқарор фаолият юритиши учун зарур шароитларни ҳозирламоқда.

Марказий банк Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва банк назорати бўйича Базель комитетининг тавсияларига мувофиқ илғор халқаро тажрибалар асосида банк назоратини мунтазам ва замон талабларига мос равишда такомиллаштириб бормоқда.

Конференция давомида билдирилган тавсия ва хулосалар республика банк тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва барқарорлигини ошириш, етакчи халқаро рейтинг агентликлари стандартлари ва баҳолаш кўрсаткичлари асосида тижорат банклари фаолиятини баҳолашдаги ёндашувларни такомиллаштириш, пировардида бу банклар фаолиятини энг яхши халқаро тажрибаларга мувофиқ ташкиллаштиришга шароит яратади.

    Бошқа янгиликлар