1

Банкларнинг фонд биржаси савдо битимларидаги улуши 52,3 млрд сўмни ташкил этди

ЖАМИЯТ 27.04.2015, 12:06
Банкларнинг фонд биржаси савдо битимларидаги улуши 52,3 млрд сўмни ташкил этди

Банклар бугунги кунда фонд биржасининг энг фаол ва энг асосий иштирокчиси бўлиб қолмоқда. Фонд биржаси умумий савдо айланмасида тижорат банклари улушининг юқорилиги банк қимматли қоғозларининг ишончлилиги, улар тўғрисидаги ахборотларнинг очиқлиги ва инвестицион жозибадорлигидан далолат беради.

Бу борада “Тошкент” республика фонд биржаси Ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи Ўктам Очилов ахборот берди.

“Жорий йилнинг биринчи чорак якунларига кўра, тижорат банкларининг “Тошкент” республика фонд биржасидаги умумий савдо битимларидаги улуши 95,6 фоизни, ёки 52,3 млрд сўмни ташкил этди, - деди у. – Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврида 80,7 фоизни, яъни 10,1 млрд сўмни ташкил этган эди. Агар биз ушбу рақамларни 2010 йил билан солиштирадиган бўлсак (49%), банк акциялари савдоси биржа битимларининг умумий ҳажмида сўнгги беш йил ичида деярли икки баравар ортганлигини кўрамиз”.

Республика фонд биржаси тижорат банкларининг биржа савдоларида фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитларни яратиб келмоқда. Биргина 2014 йилда фонд биржасида савдо ҳажми юқори бўлган йирик 10 та эмитентнинг 9 тасини тижорат банклари ташкил этгани бунга мисол бўла олади.

“Бизнинг таҳлилларимиз фонд биржаси савдоларида инвестор сифатида жисмоний ва юридик шахсларнинг тижорат банклари қимматли қоғозларига бўлган қизиқиши ва ишончи йилдан-йилга изчил ошиб бораётганини кўрсатмоқда, - деб давом этади Ў.Очилов. – Хусусан, 2014 йил давомида биржа савдолари орқали жисмоний шахслар инвестицияларининг 93,4 фоизи, юридик шахслар инвестицияларининг 86,3 фоизи айнан тижорат банклари қимматли қоғозларига йўналтирилган”.

Унинг сўзларига кўра, тижорат банклари қимматли қоғозлар бозорида бир вақтнинг ўзида бир қанча вазифаларни бажариши мумкин. Маълумки, банкларнинг акциядорлик жамияти шаклида фаолият юритиши уларга қимматли қоғозларни чиқарувчи эмитент сифатида фонд бозорида фаол иштирок этишига имконият беради. Шу сабабли, тижорат банкларининг биржа савдоларига қўйилаётган қимматли қоғозлари мамлакатимизда пул айланишини жадаллаштириш, юридик ва жисмоний шахсларнинг вақтинча турган бўш пул маблағларини жалб этиб, уларни иқтисодиётнинг асосий тармоқларига инвестиция қилишда қўл келмоқда.

Бундан ташқари, тижорат банклари репо битимларини амалга оширишда инвестор сифатида иштирок этишлари мумкин. Маълумки, репо битимлари қимматли қоғозларни гаровга қўйиш йўли билан пул маблағларини қарзга олишнинг оммабоп усули бўлиб, инвестиция киритишнинг бошқа усулларига қараганда хавфсиз ҳисобланади ва инвесторларнинг зарар кўриш даражасини пасайтиради.

“Репо битимларини тузишда ҳам тижорат банклари ва суғурта компаниялари улуши юқорилигича қолмоқда, - деб таъкидлади Ў.Очилов. - Ҳозирга қадар фонд биржасида 48 та эмитентнинг акциялари иштирокида 84,1 млрд сўмлик 335 та репо битими амалга оширилган бўлса, унинг 60 фоизга яқини ушбу молия муассасалари улушига тўғри келади”.

Шу билан бирга, тижорат банклари қимматли қоғозлар бозорида профессионал иштирокчи сифатида қатнашиш имкониятига эга. Улар фонд бозорида инвестиция воситачиси ва маслаҳатчиси, активларни ишончли бошқарувчи, трансфер-агент ва депозитарий сифатида намоён бўлмоқда. Бунинг учун банклардан қимматли қоғозлар бозорида профессионал равишда иштирок этиши учун алоҳида лицензия талаб этилмайди.

Бугунги кунда бир қатор тижорат банклари қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш учун брокерлик идораларини ташкил этган ҳолда фонд бозорида самарали фаолият юритиб келмоқда. Бу эса банкларга акциядорлик жамиятларининг акцияларини сотиш ва сотиб олиш орқали қўшимча даромадга эга бўлишини таъминламоқда.

“Бугунги кунда 20 та тижорат банкининг қимматли қоғозлари биржа савдоларига қўйилган бўлиб, уларнинг аксарияти биржа листингининг юқори “А” тоифасига киритилган. Мазкур банкларнинг қимматли қоғозлари биржада мунтазам котировка қилинади ва оммавий ахборот воситаларида ёритиб борилади”, дея қўшимча ахборот берди фонд биржаси мутахассиси.

Қимматли қоғозлар бозорининг асосий савдо майдони ҳисобланган “Тошкент” республика фонд биржаси тижорат банкларининг биржа савдоларидаги иштирокини кенгайтириш учун уларнинг хорижий инвесторлар ва молиявий институтлар билан ўзаро самарали ҳамкорлигини ривожлантириш, тажрибаларини ўрганиш бўйича тадбирларни ташкил этишда ҳар томонлама қулайлик яратиб боради, деб ишонч билдирди “Тошкент” РФБ мутахассиси Ўктам Очилов.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1