1

Ўзбекистонда иккита йирик кўргазма иш бошлади

ЖАМИЯТ 13.05.2015, 17:17
Ўзбекистонда иккита йирик кўргазма иш бошлади

“Ўзэкспомарказ”да “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU-2015” XIX халқаро кўргазмаси ва “Энергетика – Power Uzbekistan – 2015” X халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаси очилди. 

Кўргазмалар “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, “Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси, Савдо-саноат палатаси, “ITE Uzbekistan” халқаро кўргазмалар компанияси томонидан “ITE” компаниялар гуруҳи билан ҳамкорликда ташкил этилди, дея хабар беради ЎзА. 

Анъанавий ўтказиб келинаётган “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU – 2015” ва “Энергетика – Power Uzbekistan – 2015” халқаро кўргазмалари мамлакатимиз ёқилғи-энергетика комплексида янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда соҳага чет эл инвестицияларини жалб этишга хизмат қилмоқда. 

Жорий йилда “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU” халқаро кўргазмаси иштирокчилари сони кенгайди. Кўргазмада Хитой, Жанубий Корея, Франция, Буюк Британия, Германия, Австрия, Бельгия, Польша, Нидерландия, Италия, Чехия, Словения, Украина, Жанубий Африка Республикаси, Туркия каби давлатлардан 200 дан ортиқ компания иштирок этмоқда. 

“Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси жаҳон углеводородлар бозорида эгаллаб турган мавқеини йил сайин мустаҳкамлаб бораётир. Айни пайтда импорт ўрнини босадиган ва экспортга мўлжалланган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Нуфузли халқаро компаниялар ва соҳанинг етакчи экспертлари “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси билан музокаралар ўтказиш ва тажриба алмашиш мақсадида юртимизга ташриф буюрмоқда. Бу йирик ва истиқболли лойиҳаларнинг ҳаётга мунтазам татбиқ этилаётгани, ишлаб чиқариш жараёнига замонавий ва юқори технологияли ёндашувларнинг жорий қилинаётгани самарасидир. 

Жорий йилда кўргазмага ўттизга яқин компания ва қўшма корхона таклиф этилди. Улар хорижлик ҳамкасбларига ўз ишланма ва инновацияларини намойиш этмоқда. 

Кўргазма доирасида халқаро конференция ҳам бўлиб ўтди. Унда соҳага оид жаҳон миқёсидаги янги тенденциялар, мамлакатимиз нефть-газ саноатини ривожлантириш масалалари, халқаро ҳамкорликнинг муваффақиятли тажрибаси ва янги имкониятлари, юртимиз нефть-газ саноатидаги лойиҳаларни молиялаштириш ва бошқа долзарб мавзулар муҳокама этилди. Ушбу тадбирнинг жаҳон углеводородлар бозоридаги аҳамияти ва юқори самарадорлиги инобатга олинган ҳолда унга “Global Oil&Gas Uzbekistan” деб ном берилди. Бу эса, ўз навбатида, конференция юксак халқаро мақомга эга бўлаётгани ва унинг иштирокчилари сони кенгайиб бораётганидан далолат беради.

“Ўзбекистон нефть ва гази – OGU – 2015” халқаро кўргазмаси билан бир майдонда энергетика, энергияни тежаш, муқобил энергия манбалари соҳасидаги энг сўнгги ютуқлар намойиш этилаётган “Энергетика – Power Uzbekistan – 2015” халқаро кўргазмаси ҳам бўлиб ўтмоқда. Айни пайтда мамлакатимиз энергетика тизимларини модернизация қилиш борасидаги лойиҳаларни амалга ошириш давом эттирилаётгани, чет эл инвестициялари кенг жалб этилаётгани ушбу тадбирнинг долзарблигини тасдиқлайди. Ўтган ўн йил мобайнида Марказий Осиё минтақасида энергетика тармоғининг ушбу нуфузли кўргазмаси самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш учун қулай майдонга айланди. Бу ерда мутахассислар мамлакатимиз ва дунёда энергетика тармоғини ривожлантиришга оид сўнгги маълумотлар билан танишиши, тажриба алмашиши, шунингдек, учрашув ва музокаралар давомида янги алоқалар ўрнатиши мумкин. 

Жорий йилда кўргазмада Хитой, Германия, Франция, Бельгия, Ҳиндистон, Швеция, Туркия ва бошқа мамлакатлардан 40 дан ортиқ компания иштирок этаётир. 

“Ўзбекистон нефть ва гази – OGU – 2015” ва “Энергетика – Power Uzbekistan – 2015” халқаро кўргазмалари мамлакатимиз нефть-газ ва энергетика салоҳиятини намойиш этиш учун қулай майдон, шунингдек, энг замонавий ишланма ва технологияларни жорий қилиш, халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, янги инвестицияларни жалб этиш учун самарали воситадир. 

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1