1

Гиёҳвандликка қарши курашиш мавзуида халқаро конференция ўтди

ЖАМИЯТ 14.05.2015, 22:14
Гиёҳвандликка қарши курашиш мавзуида халқаро конференция ўтди

Пойтахтимизда «Наркотиклар тарқалишига қарши курашиш ва профилактика чоралари: миллий ва хорижий тажриба» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Анжуман Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази ва Германиянинг К.Аденауэр номидаги жамғармасининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси томонидан ташкил этилди, дея хабар беради ЎзА.

Мамлакатимизда  гиёҳвандликнинг олдини олиш бўйича замонавий услубларни жорий этиш ва улардан фойдаланиш, гиёҳвандлик балосига чалинган одамларни даволаш ҳамда реабилитация қилиш тизими яратилиб, мунтазам такомиллаштирилаётир.

Бундай кенг кўламли ишлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, даволаш муассасалари, жамоат ташкилотлари, ёшлар бирлашмалари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамкорлигида бажарилмоқда.

Хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш соҳасида муҳим йўналишлардан биридир. Бу борада ўзаро англашув тўғрисида ўттиздан зиёд тегишли битим ва меморандум имзоланган.

Халқаро ҳамкорлик самарасида наркотик моддалар контрабандасининг олди олинмоқда. Чегара-божхона постлари замонавий стационар ва кўчма сканер қурилмалари, бошқа назорат ускуналари билан жиҳозланган. Мамлакатимиз мутахассислари касб малакасини мунтазам оширмоқда.

Конференцияда Германиянинг аҳолига наркологик ёрдам кўрсатиш, замонавий профилактика технологияларини жорий этиш ва улардан фойдаланиш, гиёҳвандликка мубтало бўлган беморларни даволаш ҳамда реабилитация қилиш, маърифий, даволаш-реабилитация ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тадбирларини мувофиқлаштирилган ҳолда ўтказиш тизимини ривожлантириш борасидаги тажрибаси ҳақида сўз юритилди. 

Конференция доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази ва К.Аденауэр номидаги жамғарманинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1