1

Юртбошимиз ташаббуси билан узунлиги қарийб 500 метр бўлган замонавий кўприк бунёд этилди

ЖАМИЯТ 14.05.2015, 22:33
Юртбошимиз ташаббуси билан узунлиги қарийб 500 метр бўлган замонавий кўприк бунёд этилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишди, дея хабар беради ЎзА.

Хадра майдонида 2013 йили улкан қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган эди. Аҳоли ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун қулай имконият яратиш мақсадида Фурқат кўчасини Зарқайнар ва Себзор кўчалари билан боғлайдиган ер ости автомобиль йўли реконструкция қилинганди. Бунинг узвий давоми сифатида Себзор кўчаси бўйлаб Абдулла Қодирий кўчаси устидан ўтадиган янги кўприк қурилди. 

Президентимиз Ислом Каримов ушбу кўприкни бориб кўрди.  

Илгари бу чорраҳада иккита катта кўча кесишар, оқибатда тирбандлик юзага келиб, ҳайдовчи ва йўловчиларнинг ортиқча вақт йўқотишига, ёқилғи сарфи ошиб, атроф-муҳит ифлосланишига сабаб бўларди. 

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу ерда эни 26, узунлиги қарийб 500 метр бўлган замонавий кўприк бунёд этилди. Абдулла Қодирий кўчасининг ҳар бир йўналиши тўрт полосали қилиб кенгайтирилди. 

Шу пайтгача Себзор кўчасининг ўтказувчанлик имконияти соатига 3200 автомобилни ташкил этган бўлса, 6 қаторли кўприк қурилиши самарасида бу кўрсаткич 9800 тага етади. Абдулла Қодирий кўчасида ҳам энди автомобиллар қатнови 2400 тадан 5600 тага ортади. Бу нафақат ушбу чорраҳадаги тирбандликни бартараф этади, балки Нурафшон, Абай, Олмазор, Зулфияхоним, Қорасарой, Сағбон, Зарқайнар, Навоий, Сақичмон кўчаларидаги қатновга ҳам ижобий таъсир қилади. 

Эътиборлиси, шундай катта чорраҳада биронта ҳам светофор йўқ. Йўловчилар ҳам, автомобиллар ҳам бу ерда тўхтовсиз ва хавфсиз ҳаракатлана олади. 

Ушбу янги иншоот “ТошкентбошпланЛИТИ” давлат унитар корхонаси ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик компаниясига қарашли “Кўприкқурилиш” трести томонидан бунёд этилган. Хорижнинг энг замонавий технологиялари ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган қурилиш материалларидан фойдаланилган. 

Президентимиз бу ерда амалга оширилган ишлар билан танишар экан, йўлсоз ва қурувчиларнинг меҳнатига юксак баҳо берди. 
 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1