1

Европача кўча цирк санъати Ўзбекистонда

ЖАМИЯТ 18.05.2015, 09:46
Европача кўча цирк санъати Ўзбекистонда

Германия Федератив Республикаси ва Франция Республикасининг Ўзбекистондаги элчихоналари ҳамда Тошкентдаги Гёте институти “Ўзбекцирк” Республика бирлашмаси билан ҳамкорликда ва “Елисей” шартномаси фонди дастурлари доирасида Тошкент, Фарғона ва Андижон шаҳарларида очиқ осмон остидаги цирк санъати томошалари лойиҳасини ташкиллаштиришмоқда.

Лойиҳада Франциядан уч нафар дорбоз (Хлое Мура, Марио Колле и Матье Ибон) ва Германиядан икки нафар акробат (Кира Паас и Андерс Йенсен), шунингдек, Тошкент циркидан бир нечта артистлар иштирок этишади. Очиқ осмон остида акробатлар, дорбозлар ва бошқа артистлар иштирокида турли-туман цирк томошалари тақдим этилади.

Беш кун давомида ўтказиладиган биргаликдаги машғулотлар натижаси ўлароқ яратиладиган «SIRK.UZ» номли цирк томошасида артистлар ўз маҳоратларини томошабинлар эътиборига ҳавола қилишади.

Ушбу томоша илк бор 21 май куни соат 18:00 да Ўзбекистон Давлат цирки олдидаги майдонда бўлиб ўтади. Шундан кейин мазкур дастур 23 май куни соат 18:00 да Фарғона шаҳри Қиргули мавзесидаги “Кимёгар” номли маданият ва истироҳат боғида, шунингдек, 24 май куни соат 18:00 да Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида намойиш этилади.

Бундан ташқари, лойиҳа доирасида германиялик ва франциялик артистлар Тошкент шаҳридаги Республика эстрада ва цирк коллежи ўқувчиларига цирк санъати борасида маҳорат дарслари ўтишади.

Мазкур лойиҳада турлича эпчил ҳаракатлар, оҳанглар, кайфиятлар, бадиий ва миллий шакллар орқали кўча цирки санъатининг ажойиб намуналари ўзбекистонлик томошабинларга тақдим этилади.

Маълумот ўрнида: 2003 йилда Елисей шартномаси имзоланганининг 40 йиллиги муносабати билан Франция ва Германия ўртасида дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида Учинчи давлатларда маданий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш фондига асос солинди. Мазкур дастур Франция ва Германиянинг ўзаро муносабатлари қай даражада мустаҳкамлигини амалда кўрсатишга қаратилган. Фонд иккала давлат маблағлари асосида молиялаштирилади. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1