Кексаларнинг уйлари бепул таъмирланади

ЖАМИЯТ 18.05.2015, 12:01
Кексаларнинг уйлари бепул таъмирланади

“Мен 1936 йилда туғилганман, I гуруҳ ногирониман. Юртбошимиз ташаббуслари билан бу йил “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилинди. Ўғлим йўқ. 1960 йилда солинган иморатларим ёмғирда ёмон аҳволга келиб йиқилиб қолган. Мен каби кексаларга уйимни таъмирлашга бирор имтиёзлар борми?”

Чинни Ражабова,

Бухоро вилояти Ғиждувон тумани

Янгиобод  ҚФЙ

Жорий йил Президентимиз томонидан мамлакатимизда “Кексаларни эъзозлаш йили” дея номланиши билан ёши улуғларга янада ҳурмат кўрсатиш, эътибор қаратиш учун бир қатор чора-тадбирлар белгиланди. Ўтган сонларимизда уларнинг айримлари ҳақида маълумот бергандик. Бугунги саҳифамизда эса муштарий мурожаатини инобатга олган ҳолда ёши улуғларнинг турар жой шароитларини яхшилаш, таъмирталабларига ҳашар ёки ҳомийлик асосида ёрдам кўрсатиш қай тартибда амалга оширилишига тўхталиб ўтамиз. Саволларимизга “Махалла” ҳайрия жамоат Фонди Республика бошқаруви бош мутахассиси Элмурод Қаршиевдан жавоб олдик.

— Элмурод Аҳмедович, айтинг-чи, муштарийни қизиқтирган имтиёзлар қай тартибда амалга оширилади? Уйи таъмирга муҳтож ана шундай кексалар қаерга мурожаат қилишлари мумкин?

— Дарҳақиқат дастурда 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, шунингдек, ёлғиз ва ижтимоий мададга муҳтож кекса кишиларнинг 2015-2017 йилларда уй-жой шароитларини яхшилашнинг ҳудудий дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасида қуйидагилар назарда тутилади:

“Маҳалла” фонди ва “Нуроний” жамғармаси, маҳалла аҳолиси, айниқса ёшлар, ҳомийлар ва саҳоватпешаларнинг фаол иштирокида ҳар бир маҳаллада камида бир нафар фахрийни (ҳаммаси бўлиб бир йилда 10 минг кишига яқин) қамраб олган ҳолда 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронларининг, шунингдек, ёлғиз ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож кексаларнинг квартиралари ва уйларини республика бўйича ҳашар йўли билан жорий таъмирлаш, зарур ҳолларда эса мукаммал таъмирлашни, ҳовлиларни ободонлаштиришни назарда тутган ҳолда уларнинг турар-жой шароитларини яхшилаш кўзда тутилган.

Шу сабабли уйлари таъмирга муҳтож кексаларимиз ўзлари яшаб турган Маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилишлари лозим. Маҳалла фуқаролар йиғини кенгаши бир ойда бир маротаба мана шундай масалаларни кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади.

— Кексаларимизни уйларини таъмирлаш шартлари билан таништириб ўтсангиз?

— Бунинг ҳеч қандай алоҳида шартлари йўқ, сабаби бу Давлат дастурида аниқ белгилаб берилган. Байрамларда кексаларнинг ҳолидан хабар олгани борган маҳалла фаоллари уларнинг яшаш аҳволи ва шароити билан танишиб, зарур хулосага келиши ва албатта унга ёрдамини бериши лозим.

— Таъмирлаш ишлари қандай маблағлар ҳисобида амалга оширилади?

— Таъмирлаш ишлари “Маҳалла” жамоат фонди маблағлари, хусусан ҳомийлар ва саховатпеша инсонларни жалб қилиш йўли билан амалга оширилади.

— Йил охиригача қанча кексаларнинг уйларини таъмирлаш кўзда тутилган?

— Уйларни таъмирлаш юзасидан аниқ рақам белгиланмаган, сабаби айни пайтда қанча кексанинг уйлари таъмирталаб эканлигини аниқ айтиб бўлмайди. Буларнинг ҳаммаси босқичма-босқич, улар уйининг аҳволига қараб навбатма-навбат амалга оширилади.

— Маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилган кексаларга рад жавоби берилган ёки уларнинг талаби қаноатлантирилмаган ҳолларда қаерга мурожаат қилиш мумкин?

— Юқорида таъкидланганидек, агар уйи таъмирга муҳтож ёши улуғлар ўзи яшаб турган маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилса-ю, мурожаатлар бефарқ қолдирилган тақдирдаМаҳалла” хайрия жамоат фондининг туман бўлинмаларига мурожаат қилиши мумкин.

  • МАВЗУГА ОИД

“БОБОМГА ҚАЧОН ТЕЛЕВИЗОР БЕРИШАДИ?”

Газетанинг ўтган сонларида “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида 1941-1945-йиллардаги урушнинг ҳар бир қатнашчиси мамлакатимизда ишлаб чиқарилган аналогли ва рақамли телевидение сигналларини қабул қиладиган телевизорлар, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган мобиль телефон аппарати билан бепул таъминланиши ҳақида ўқигандим. Менинг бобом иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, I гуруҳ ногирони, уларга ҳозирча телевизор ва телефон каби совғалар олиб келишгани йўқ. Ушбу масалада қаерга мурожаат қилса бўлади?

Одина Акмалова, Самарқанд вилояти

Пахтачи тумани “Тараққиёт” маҳалласи

Эслатма: Ушбу мурожаат 9 май – Хотира ва қадрлаш кунидан илгари қабул қилинган.

  • Бугунги кунда “Кексаларни эъзозлаш йили” давлат дастури доирасида 1941-1945-йиллардаги урушнинг ҳар бир қатнашчисини юртимизда ишлаб чиқарилган телевизорлар ва мобиль телефон аппаратлари билан бепул таъминлаш кўзда тутилган. Ҳар бир уруш қатнашчиси рўйҳатга киритилган бўлиб, ушбу совғалар байрам арафасида фаҳрийларга етказилиши  белгиланган. Агар мабодо у ёки бу сабабга кўра, ушбу совғалар белгиланган муддатда сизга  етиб бормаган бўлса, ўз ҳудудингиздаги “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бўлимларига мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.

РАҚАМЛАР ТИЛГА КИРГАНДА

  • «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурини амалга ошириш доирасида жорий йилнинг биринчи чорагида барча манбалар ҳисобидан қарийб 593 миллиард сўм йўналтирилди.
  • Жумладан, 178 нафар ёлғиз кексаларнинг уй-жойини таъмирлаш учун 108,8 миллион сўм сарфланди, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди томонидан «Мурувват» ва «Саховат» уйларида яшаётган кекса ёшли кишилар ва ногиронларга умумий қиймати 57,8 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак ва пойабзал, дори-дармонлар ажратилди.
  • Йил бошидан буён 63 минг нафардан зиёд уруш ва меҳнат фронти фахрийси терапия, неврология, кардиология, урология, хирургия, офтальмология, оториноларингология каби етти муҳим йўналишда чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
  • “Саховат” ва “Мурувват” уйларида яшовчи кекса ва ногиронларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида 147 млн. сўм миқдоридаги мавсумий кийим кечак, кўрпа-тўшак жилдлари жамламаси ва шахсий гигиена воситалари билан таъминланди.
  • 11 мингдан ортиқ уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларнинг 299 минг 560 м2 уй-жойлари таъмирлаб берилди.
  • Байрам ва шонли саналарда 9135 нафар кекса ва ногиронларга 14 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
  • «Кексалар дуосини олайлик» шиори остида маҳаллаларда ўтказилган тадбирлар давомида 3460 нафардан ортиқ ижтимоий ёрдамга муҳтож кексалар ҳолидан хабар олиниб, совға-саломлар берилди.
  • Дастур доирасида “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида 1230 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, пенcионерлар ва ногиронларга уй-рўзғор буюмлари ва кийим-кечаклар маҳсулотлари тарқатилди.
  • “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ҳамда “Маҳалла” фонди Иш режасида белгиланган тадбирлар ижросини таъминлаш мақсадида 2 млрд. 515 млн. сўмдан ортиқ Фонд маблағлари ҳисобига амалга оширилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1