АсосийJamiyat

Сўнгги қўнғироқда нима мумкин-у, нима тақиқланган?

Мана, яна саноқли кунлардан сўнг юртимиздаги умумий ўрта таълим мактабларида 2014-2015 ўқув йили ҳам ниҳоясига етиб, сўнгги қўнғироқ чалинади. Айни пайтда ўқувчилар фанлардан босқичли назорат имтиҳонларига, битирувчи синфлар эса якуний давлат аттестацияси синовларига пухта ҳозирлик кўра бошлашди.    Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги ва Кадрлар тайёрлаш Миллий Дастури” тўғрисида”ги Қонунларига мувофиқ  12 (9+3) йиллик мажбурий бепул таълимга тўлиқ ўтилиши муносабати билан, 2012-йилдан бошлаб умумтаълим мактабларида ўқув йилининг охирги кунида «Хайр мактаб - салом коллеж» тадбирларини ўтказиш яхши анъанага айланди...

Бу тадбирлар 3 йилдан буён вазирликнинг тегишли буйруғи асосида тартиб билан ўтказилиши белгилаб қўйилган бўлса-да, ҳали ҳануз ота-оналар ва ўқувчилар ўртасида давлат имтиҳонларига ёки совға-саломлар учун пул йиғиш ҳолатлари учраб туради. Хўш, аслида “Хайр мактаб - салом коллеж” тадбирлари қай тарзда ўтказилиши керак? Ўқувчилар бу кунни мактабдан бошқа жойларда, яъни ресторан ёки хонадонларда нишонлашлари мумкинми? Фарзандлари мактабни битириш арафасида турган аксарият ота-оналарни қизиқтирган шу каби саволларга Халқ таълими вазири ўринбосари У.Абруев жавоб беради.

ТАДБИРЛАР ТАРТИБ АСОСИДА ЎТСИН!

У.Абруев, Халқ таълими вазири ўринбосари:

— “Кексаларни эъзозлаш йили”да  ва Мустақиллигимизнинг 24 йиллиги арафасида ушбу тадбирларни янада эсда қоларли қилиб ташкил этиш мақсадида 2015 йил 27 апрель куни вазирликнинг тегишли буйруғи қабул қилинди. Унга кўра, 25 май куни бўлиб ўтадиган «Хайр мактаб - салом коллеж» тадбирларини “Замонавий билимлар билан замонавий касб-ҳунарга эга бўламиз” шиори остида ўтказиш белгиланди. Тадбирлар шу йилнинг 25 май куни эрталабки салқинда, дарснинг биринчи соатида ўтказилади. Энг аввало, тадбир ўтказиладиган жойларни талаб даражасида жиҳозлаш, гигиена ва тозалик талабларига мувофиқ ҳолда техник ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ жавоб берадиган бўлиши талаб этилади.  Шунингдек, йил давомида  касб-ҳунар тўгаракларида ўқувчилар яратган буюмлар, деворий газета, туман(шаҳар) вилоят ҳамда Республика миқёсидаги  кўрик танлов, фан ва спорт мусобақаларида мактаб жамоаси, ўқувчилар эгаллаган совринлар, 9-синф битирувчиларини касбга йўналтириш учун “Замонавий мутахасислик-сенинг келажагинг!” кўргазмаларини ташкил этиш ва “Фахрийлар хонадонимиз фаришталари”, “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!”, “Илм билан умрин ўтказади ким,эшикларин очар жамики тилсим!” каби шиорлар билан безатиш тавсия этилади. Бу тадбир иштирокчиларига янада кўтаринки кайфият бахш этиб, келажакка ишонч, устозларга ҳурмат-эҳтиром, Ватанга муҳаббат, миллий ғояларга садоқат ва ватанпарварлик каби туйғуларни шакллантиради ва албатта шу куни барча ўқувчилар мактаб формасида бўлиши мақсадга мувофиқ.

ФАОЛ ЎҚУВЧИЛАР РАҒБАТЛАНТИРИЛАДИ

  • Шунингдек, йил давомида  аъло баҳоларга ўқиган иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантириш ҳам тадбирнинг муҳим қисми ҳисобланади.  Хусусан, “Энг аълочи ўқувчи”, “Инглиз тили билимдони” “Спорт устаси” каби номинацияларни таъсис этиб, ғолибларни бюджетдан ташқари ишлаб топилган ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан янада пухта билим эгаллашга, касб-ҳунар эгаллашга ундайдиган совға билан тақдирлаш мумкин. Бунда кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, жисмоний имкониятлари чекланган болаларга алоҳида эътибор кўрсатиш тавсия этилади.  

 «Хайр, мактаб - салом, коллеж» тантаналарини кўтаринки кайфиятда ўтказиш ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида тадбирни туман(шаҳар) ҳокимликлари, халқ таълими бўлими, маҳалла фаоллари, посбонлар, “Камолот” ЁИҲ маҳалла жам­ғармаси, хотин-қизлар қўмитаси, ота-оналар, мактаб оталиқ ташкилотлари, ҳомийлар, шу мактабни битирган собиқ ўқувчилар, давлат мукофотлари билан тақдирланган юртдошларимиз, олимлар ва ички ишлар ходимлари ҳамкорилигида амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

ҚАТЪИЯН МАН ЭТИЛАДИ!

Қизим бу йил 9-синфни битиради. Унинг айтишича, мактабдаги тадбирдан сўнг синфдошлар йиғилиб, шаҳар айланиб суратларга тушишармиш. Шунинг учун қизим “янги кийим олиб беринг”, “Сочимни гўзаллик салонида турмаклатишга пул беринг” каби талаблар қўйяпти. Бундай ҳолатларга рухсат бериладими?

Н.Сафарова, Самарқанд вилояти  

  • Вазирликнинг тегишли буйруғига асосан, таълим муассасаларида “Хайр мактаб - салом коллеж!” тадбирини, босқичли назорат имтиҳонлари ва якуний Давлат аттестацияларини ўтказишда ўқувчи ва битирувчилар ҳамда уларнинг ота-оналаридан пул маблағларини йиғиш, мактаб раҳбарлари ҳамда ўқитувчиларга турли қимматбаҳо совғалар тақдим қилиш, турли тантаналарни, “битирув кечалари”ни (хонадонлар, ресторан ёки қаҳвахоналар ва ҳ.к.да) ўтказиш қатъиян тақиқланади.

ОТА-ОНАЛАР ДИҚҚАТИГА!

Агар фарзандингиз таълим олган таълим муассасасида юқорида қайд этилган тартибларга зид ҳолатлар кузатилса, тақиқланган тадбирларнинг ўтишига йўл қўйилса, Халқ таълими бошқарув идораларининг қисқа рақамли 1006 ишонч телефонига мурожаат қилишингиз мумкин.

МАЪЛУМОТ УЧУН:

Жорий 2014-2015-ўқув йилида мактабларнинг 9-синфини 483 мингдан ортиқ ўқувчи тамомлайди, бу ўтган йилга нисбатан 18234 тага кам.

ИМТИҲОНЛАРНИНГ ЎТИШ КУНЛАРИ ҲАҚИДА ҚИСҚАЧА

9-синф битирувчилари учун 4-8 май кунлари жисмоний тарбия фанидан имтиҳонлар бўлиб ўтди. 26 май куни она тили ва адабиёти, 29 май куни эса математика фанидан якуний давлат аттестацияси имтиҳонлари ўтказилади. Шунингдек, тарих, кимё, чет тили ва физика фанларидан ҳам давлат имтиҳонлари ўтказилади. Мазкур фанлар юзасидан имтиҳонлар санасини мактаб маъмурияти белгилайди.

ХУЛОСА ЎРНИДА

Кечагина жажжи қадамлари билан отаси ёки онаси ҳамроҳлигида мактаб остонасига кириб келган, бугун эса шахдам қадамлар, юксак орзулар билан катта ҳаётга учирма бўлаётган жамики қалдирғочларга “Оқ йўл, сизга азиз битирувчилар”, деб қоламиз.

Севара НИШОНОВА тайёрлади

    Бошқа янгиликлар