Тошкент вилояти Ўрта-Чирчиқ туманида “Туркистон юлдузи – 2015” Марказий Осиё очиқ чемпионати ташкил этилди.
Ўн олтинчи марта ўтказилаётган мазкур мусобақа Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон от спорти федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Ахалтеке зотли юз бошга яқин от намойиш этилди.
Ўзининг ташқи кўриниши, куч-қуввати, чаққонлиги ва абжирлиги билан ажралиб турадиган бу отларнинг ватани – ҳозирги Туркманистоннинг Орол-Каспий пасттекислигида жойлашган Ахалтеке воҳаси ҳисобланади. Ахалтеке отлари ҳақидаги илк ёзма маълумотлар Геродот асарларида учрайди. Ўтмишда ҳам бу отларга талаб жуда юқори бўлган.
Отларнинг бу зотини етиштиришга юртимизда алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда республикамизда 250 бошдан зиёд ана шундай зотли от парваришланади. Чавандозлар ушбу отларни кенг майдонга олиб чиқиб, уларни томошабинлар кўригидан ўтказишди. Отлар орасидан ғолибларни белгилашда томошабинларнинг ҳам овозлари эътиборга олинди.
Танловда айғирлар орасида “Ўзбегим” от заводида етиштирилган “Олмос” лақабли от энг юқори балл тўплаб, “Туркистон юлдузи – 2015” ғолиби деб топилди. Биялар орасида “Гримхон” лақабли от ғолиб чиқди.
Эслатиб ўтамиз, “Ўзбегим” от заводи ташкил этилганига 20 йилдан ошди. Завод очилганида бу ерда бор-йўғи 5 бош от бор эди. Ҳозир заводда 200 га яқин от парваришланмоқда. Улар орасида араб, инглиз, немис зотли ҳамда Ахалтеке отлари бор.





