Бош прокуратурада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиянинг йиғилиши бўлиб ўтди.
Комиссия йиғилишида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ижроси, ўқув жараёнининг давлат таълим стандартлари асосида ташкил этилиши, ўқувчиларнинг дарсликлар билан таъминланиши ҳамда моддий-техника базасидан самарали фойдаланилиши, шунингдек, бу борада Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида амалга оширилган ишларнинг аҳволини ўрганиш натижалари муҳокама этилди.
Йиғилишда мамлакатда умумий ўрта, шунингдек, ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг мажбурийлиги, узлуксизлиги ҳамда изчиллигини таъминлаш, таълим жараёнини давлат стандартларига мос равишда ташкил қилиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, баркамол авлодни тарбиялаш борасида таълим муассасалари, маҳалла, ички ишлар органлари ва бошқа мутасадди идоралар ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорликда муайян ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ва унинг қуйи тизимлари фаолиятида йўл қўйилаётган нуқсонлар танқид қилинди.
Йиғилишда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, инновацион усулларини жорий қилиш орқали таълим сифатини ошириш, таълим муассасаларида давоматни мониторинг қилиш, ўқув адабиётлари билан таъминлаш, шунингдек ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасида жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда мутасадди идоралар масъулиятини ошириш ва ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Шу билан бирга, мазкур соҳадаги қонунчилик ижросини сўзсиз таъминлаш мақсадида Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия таркибига кирувчи мутасадди идора ва ташкилотларнинг фойдаланилмаётган имкониятларини тўлиқ сафарбар қилиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Кун тартибидаги масала юзасидан олий ва ўрта махсус таълим вазири, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимлари ҳамда прокурорларининг ҳисоботлари эшитилди.
Кўриб чиқилган масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия тегишли қарор қабул қилди.





