Ёз мавсумида юртимизда мавжуд санаторийларда оилавий дам олишни режалаштираётгандик. Онамнинг оёқлари оғрийди. Ана шу сабаб юртимиздаги мавжуд санаторийлар ихтисослашуви ва даволаниш нархлари ҳақида маълумот берсангиз.
Р.Шуҳратова, Тошкент вилояти
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши қошидаги Санатор-курортлар бошқармаси тасарруфидаги санаторийларнинг нархлари, манзили ва қайси касалликларга ихтисослашганлиги ҳақида маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Соғломлаштириш муддати 12 кун бўлган санаторийлар
"Абу Али Ибн Сино санаторияси" – Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида жойлашган. Санаторий кардиология, ҳаракат-таянч, неврология касалликлари билан оғриган беморларни қабул қилишади. Санаторийда даволаниш нархи - 752 100* сўмни ташкил қилади.
"Ботаника" санаторияси- иқлимли ва балнеологик курорт курорт, Тошкент шаҳридан 30 км масофада, Тян-Шан тоғи этакларида, денгиз сатҳидан 570 метр баландликда жойлашган. Иқлими континентал. Хлорид-натрийли сувлар юрак-қон томирлари, асаб тизимлари, ошқозон-ичак йўллари фаолиятини яхшилашга кўмаклашади ва артериал қон босими кўтарилишини олдини олади. Санаторийда даволаниш - 1 175 760 сўмни ташкил қилади.
"Бўстон" санаторияси - Тошкент шаҳридан 30 км узоқликда "Зах" канали соҳилларида, денгиз сатҳидан 450 км баландликда жойлашган. Санаторий юрак-қон томир касалликлари, ҳаракат-таянч аъзолари, неврологик, гинекологик ва урологик касалликларни даволаш учун етарли манбаларга эга. Санаторийда нафас йўлларини даволаш учун галокамералар очилган, уларни жиҳозлаш учун Сурхондарё вилоятининг туз ғорлари кристаллари ишлатилган. Бу ерда 1 ўрин учун 867 215 сўм тўланади.
“Косонсой” санаторийси- ҳаракат-таянч, юрак-қон томир, ошқозон-ичак аъзолари ва асаб тизими касалликларини даволаш учун мўлжалланган ушбу маскан Намангандан 30 км узоқликда, Чотқол тизмаси тоғи ёнбағриларида, Косонсой дарёси ҳудадларида жойлашган. Санаторийда дам олиш 696 900 сўмни ташкил қилади.
"Қашқадарё соҳили" санаторияси– иқлимий, бальнеологик курорт Қашқадарё соҳилларида, денгиз сатҳидан 600 метр баландликда жойлашган. Континентал иқлим, иссиқ қиш, ёз, тоза ҳаво сурункали касалликларни, овқат ҳазм қилиш органлари, неврология, кардиология, гинекология касалликларини даволашга ёрдам беради. Қўшимча даволаш омили сифатида органик моддаларни ўз ичига олган хлорид-сульфат-кальцийли минерал сув саналади. Санаторийда даволаниш нархи 826 620 сўмни ташкил қилади.
“Олтинсой” санаторияси– Навоий вилоятида, Навоий шаҳридан 80 км узоқликда жойлашган. Маҳаллий ҳудуднинг баландлиги денгиз сатҳидан 400 м баландликда жойлашган. Беморларни даволашда 160 дан 250 метргача чуқурликдан олинган маъданли сув ишлатилади. 1982-1984 йилларда бу ерда 7 та қудуқ мавжуд. Сув таркибида қуйидаги микроэлементлар: радон, фтор, маргимуш, селен, марганец, мис, цинк ва бошқа моддалар мавжуд. Санаторийда даволаниш нархи 603 175 сўмни ташкил қилади.
"Ситораи Мохи Хоса" санаторияси– иқлимий ва бальнеологик курорт, Зарафшон дарёси водийсида, денгиз сатҳидан 500 метр баландликда жойлашган, Бухоронинг шимолида, ўтган асрда қурилган Бухоро амирининг ёзги саройи ҳудудида жойлашган.
Санаториянинг табиий даво омиллари – иқлими ва термал сульфат –хлоридли натрийли минерал сув буйрак, асаб тизими, ҳаракат-таянч ва ошқозон органлари учун даво. Санаторийда даволаниш нархи 845 710 сўмни ташкил қилади.
“Турон” санаторияси- Тошкент шаҳрида жойлашган юрак-қон-томир аъзолари, асаб тизими, андрологик ва гинекологик касалликлари бўлган беморларни даволашга ва согъломлаштиришга ихтисослаштирилган маскан. Миокард инфаркти бўлиб ўтган беморлар учун саломатликни тиклаш бўлими ишлаб турипти.
Даволаш омилларига: иқлим билан даволаш, кам минераллашган хлорид-гидрокарбонат-сулфат-натрийли ва радионли маъданли ванналар, балчиқ билан даволаш киради. Бу ерда даволаниш нархи 981 985 сўмни ташкил қилади.
"Умид Гулшани" санаторийси- Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган бўлиб, ушбу шифо масканида экстрагенитал, андрологик, эндокрин, асаб тизими, терапевтик касалликлар, шунингдек, эркак ва аёллар бепуштлиги самарали даволаниб келинади.
Фаолияти юзасидан санатория Марказий Осиёда ягона ҳисобланиб, унда мамлакатимиз аҳолисидан ташқари бошқа давлатлардан ҳам фуқаролар келиб даволанишади. Санаторийда даволаниш нархи 798 100 сўмни ташкил қилади.
“Хонқа” санаторияси– замонавий архитектура лойиҳаси асосида қурилган янги бальнеологик курорт. Бу ерда асаб, юрак-қон томир тизими, гинекологик, таянч-ҳаракат аппаратини даволаш юқори даражада йўлга қўйилган. Даволаш хоналари замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Йод, бром ва бошқа микроэлементлар билан бойитилган минерал чашма беморлар учун табиий шифокор вазифасини ўтайди. Бу ерда даволаниш нархи 811 210 сўмни ташкил қилади.
“Чинобод” санаторияси- Тошкент шаҳридаги балнеологик балчиқли курорт. Даволаниш учун кўрсатмалар: овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликлари ремиссия босқичида, гинекологик касалликлар, қандли диабет.
Асосий тиббий даво омилларидан: Тошкент артезиан ҳовузининг термал (+51 C) маданли суви, хлорид-гидрокарбонатли натрийли сувлари, Балиқли кўлининг балчигъини кўрсатиб ўтиш мумкин. Ушбу масканда даволаниш нархи 952 200 сўмни ташкил қилади.
“Чортоқ” санаторийси– бальнеологик ва иқлимий курорт, Чортоқ-сой денгизи бўйида Намангандан 25 км узоқликда, денгиз сатҳидан 650 м баландликда жойлашган.
Даволаш омиллари сифатида – йод-бром ва бошқа микроэлементлар билан тўйинган термал минерал сувлар, балчиқлар ишлатилади. Ҳаракат-таянч, кардиология, терапевтик, неврология, гинекология касалликлари учун мўлжалланган. Бу ерда даволанишнинг минимал нархи 816 500 сўмни ташкил қилади.
“Чимён” санаторияси- Помир-Олой тоғларининг бир қисми бўлган Қатрон тоғ этакларида Фарғона вилоят Фарғона туман Чимён қишлоғида жойлашган санаторийнинг даволаш усули, асосан, олтингугурт-водородли маъданли сув билан ванна қабул қилишдир. Чимён табиий сувининг ҳар бир литрида 330 мг олтингугуртводород мавжуд бўлиб, у инсон танасидаги юрак ва қон томир тизими, ҳаракат ва таянч аъзолари, асаб тизими, ошқозон-ичак тизими ва бошқа касалликларни даволайди. Бундай ноёб сув фақат Сочи санаторийларида учрайди, холос. Бу ерда бир ўринли бир хона нархи 722 775 сўмни ташкил қилади.
Соғломлаштириш муддати 10 кун бўлган санаторийлар
“Зомин” санторияси- Санаторий туман марказидан 50 км узоқликда, Жиззах вилоятидаги иқлимий курорт, Туркистон тоғ-тизмасининг шимолий этакларида, денгиз сатҳидан 2000 м баландликда, қўриқхона ҳудудида арчазорлар орасида жойлашган. Шу туфайли ҳавода атмосфера босими нисбатан паст, кислород ва қуёшдан келаётган ультрабинафша нурга бойлиги айнан юқори нафас йўллари ва асаб тизими касалликларига боғлиқ бўлган беморлар учун жуда фойдали бўлганлиги сабабли юқоридаги қайд қилинган беморларни даволашга мослашган. Бу ерда 1 киши учун даволаниш нархи 750 950 сўмни ташкил қилади.
“Оқ-тош” санаторияси- Тошкент шаҳридан 65 км масофада жойлашган тоғ- иқлимий курорт. Худуди кенг баргли ўрмонзорлар билан ўралган бўлиб, ундан Оқ-тош ва Аюбсой тоғ дарёлари оқиб ўтади.
Даволаш омили – мусаффо тоғ ҳавоси, дарёлардан келадиган табиий гидроионланиш нафас аъзоларининг туберкулёзга алоқадор бўлмаган носпецифик касалликларини соғломлаштиришда самарали таъсир қилади. Санаторийда даволаниш нархи бир киши учун 615 710 сўмни ташкил қилади.
*Нархлар хоналарнинг қулайлигига, нечта ўринлигига қараб фарқланади. Юқорида кўрсатилган нархлар бир киши учун тўловни ўз ичига олади.
Лайло РУСТАМОВА тайёрлади