— Қизлар менда. Агар айтган манзилимга етиб келмасанг, уларни ўлдираман, — деди жаҳл билан турмуш ўртоғига қўнғироқ қилган Холбой.
— Илтимос, ундай қилманг. Мен, албатта, айтган жойингизга бораман. Фақат қизларни қўрқитманг, — дея ёлворди аёли Нодира.
— Бўпти! Бўкага келасан. Агар милицияга хабар берсанг, ўзингдан кўр!!
* * * * *
Холбой (исм-шарифлар ўзгартирилган) Бўка туманининг Қорақудуқ қишлоғида истиқомат қилади. У дастлаб Назирага уйланди. Тўрт нафар фарзандли бўлишди. Сўнгра Холбой Нодира исмли аёлни шаръий никоҳига олди. Кундошлар битта ҳовлида яшай бошлашди. Нодира бошқа турмушидан бўлган қизи Мунира ва ўғли Мавлонни Тошкент шаҳрида яшайдиган онасининг уйида қолдирди.
Нодира Холбой билан беш йил яшаб битта қизлик бўлишди. Исмини Феруза қўйишди.
Кунларнинг бирида Холбой Самарқандга юмуш билан кетди. Икки кундош ҳовлида ёлғиз қолишди. Анчадан буён Нодирага тиш қайраб юрган кундоши Назира қулай фурсат келганини унга тушунтириб қўймоқчи бўлди. Нодира ҳам бўш келмади. Иккаласи роса жанжаллашишди. Нодира кундошидан аразлаб боласини олди-да, Тошкентга кетворди. Келинойисининг Сувсоз мавзесида яшайдиган қариндоши Қундуз опанинг уйида яшай бошлади.
Орадан икки кун ўтгач, Холбой Самарқанддан қишлоғига қайтди. Уйда Нодира ва қизини йўқлигини кўриб ажабланди.
— Эркатой хотинингиз йўқ жойдан жанжал кўтариб, ўзи аразлаб кетиб қолди, — деди биринчи хотини Назира. — Кўпроқ уни эркалатинг, қош-қовоғига қаранг!
Холбой хотинининг гапидан жаҳли чиқиб, Нодиранинг онасиникига борди ва ундан қизини топиб беришини талаб қилди. Онаизор қизи уйга келмаганини, ҳозир қаердалигини билмаслигини айтди.
Шундан сўнг у Мирзо Улуғбек туманидаги 142-мактабга борди. У ерда Нодиранинг биринчи турмушидан бўлган фарзанди, яъни унинг ўгай қизи Мунирани ёнига бориб, синф раҳбари Р.Худоёровадан мактаб ошхонасидан бирор егулик олиб бериш учун рухсат сўради. Устоз уларга фақатгина беш дақиқага рухсат берди. Холбой Нодиранинг жияни - иккинчи синфда ўқийдиган Манзурани ҳам олволди.
— Манзурахонга Нодира аммасидан совға олиб келганман. Шуни бериб қўймоқчиман, — дея у қизалоқни алдади.
Улар мактаб биносидан чиқиб кетаётганида қоровул Артур уларни кўриб қолиб, Холбойдан кимлигини, болаларни дарс пайтида қаёққа олиб кетаётганлигини сўради.
— Муниранинг отаси бўламан. Буниси эса жияним, —деди Холбой қоровулга.
Қоровул Холбойдан шубҳалангани учун биринчи синф устози Р.Худоёрованинг олдига бориб бўлган воқеани айтиб берди. Бу пайтда Холбой аллақачон қизларни кўчада кутиб турган “Матиз” русумли автомашинага ўтқизиб, қаергадир олиб кетди.
Муниранинг устози уларнинг уйига бориб бувисига бўлган воқеани гапириб берди. Сўнг ИИБга мурожаат қилишди. Холбой дастлаб қизларни жияни Нуриллоникига ташлаб ўзи кетди. Кейин уларни таниши Алибекларникига олиб бориб қўйди.
Бу орада у Нодирага қўнғироқ қилиб деди:
— Сенинг ва акангнинг қизини ўғирлаб кетдим. Агар Бўкага етиб келмасанг, қизларни ўлдираман. Қизингни ҳам, жиянингни ҳам бошқа кўрмайсан!
— Ундай қилманг, жон дадаси. Айтган жойингизга бораман, — деди қўрқиб кетган Нодира йиғламсираб. Чунки у турмуш ўртоғининг қўлидан ҳар қандай қабиғлик келишини яхши биларди.
- Яна бошимга милисани етаклаб келиб ўтирма. Агар бировларга хабар берадиган бўлсанг, қизларни тирик кўрмайсан! — дея Холбой телефонини ўчирди.
Шу пайт Нодиранинг акаси синглисига қўнғироқ қилиб, Холбойнинг гапларини айтди. Аёл шоша-пиша онасиникига йўл олди. Кейин акаси, келинойиси ва ИИБ ходимлари билан биргаликда Бўкадаги "Табассум" кафесига боришди. Афсуски у ерда турмуш ўртоғи ҳам, қизлар ҳам йўқ эди. Сўнгра улар Холбойнинг уйига боришиб, жияни Нуриллога дуч келишди. Нурилло уларни Алибекларникига бошлаб борди. Шундай қилиб қизлар соғ-омон топилди.
Суд Холбой Абдуболиевни Жиноят кодексининг 126-моддаси, 137-моддаси 2-қисми "а" банди ва 112-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди.
Баҳодир ТОЖИДИНОВ, Мирзо Улуғбек туман прокуратураси терговчиси
Хонбиби ҲИММАТ қизи, журналист





