Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини ташқи бозорда тарғиб этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар доирасида “Ўзбектуризм” Миллий компанияси “Буюк Ипак йўли” реклама агентлиги билан ҳамкорликда “Ўзбекистонга сайёҳат қилишнинг 10 та сабаби” реклама-тарқатма брошюрасининг дизайнини ишлаб чиқди ва нашрдан чиқарди, бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар беради.
А5 шаклидаги брошюралар истеъмолчиларга энг янги ва долзарб маълумотларни етказиш ва улардан фойдаланиш учун жуда қулай ҳисобланади. Брошюранинг бу каби ўлчови ўқиш учун жуда қулайдир. А5 шаклидаги брошюрани олиб ҳар қандай шароитда ўқиш имкони бўлади. Жуда кичик ва қулай ушбу брошюра кўп жойни эгалламайди ва ҳаттоки ички чунтакка, ёки аёллар сумкасига ҳам жойлаша олади.
Кейинги ой ушбу ахборот брошюраси маълумотлари француз, немис, италян, испан, япон, хитой, корейс, араб тилларида чиқарилади. Брошюранинг умумий тиражи 10 та тилда 80 000 та намунани ташкил этади ва мамлакатимиз ва чет элда энг кўп аудиторияга эга маълумотнома сифатида тарқатилиши кўзда тутилмоқда.
Ушбу брошюрага Ўзбекистон Республикасига ташриф буюриш учун сайёҳлик гуруҳларини шакллантиришга қизиқаётган туризм соҳасида фаолият кўрсатаётган фирмалар, компаниялар асосий мижозлар ҳисобланади. Шунингдек брошюра Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик миссиялари учун мўлжалланган.
Брошюра Ўзбекистоннинг мутахассислари орасида тарқатилади ва Ўзбекистоннинг миллий стенди намойишлари даврида, хорижий мамлакатларда ўтказиладиган сайёҳлик кўргазмалари, туризмга бағишланган семинарлар, намойишлар вақтида фойдаланилади.





