АсосийJamiyat

Ўзбекистонда 1200 нафарга яқин офтальмолог фаолият юритмоқда

Миллий матбуот марказида офтальмология соҳасида эришилаётган натижалар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари олимлари, шифокорлар, ёш тадқиқотчилар, журналистлар иштирок этди.

Кўз касалликларини даволашга ихтисослашган офтальмология ва унинг замонавий йўналиши – кўз микрохирургияси соҳаси шундай тармоқлардан бири. Бугунги кунда пойтахтимиз ва вилоятларда мазкур соҳага ихтисослашган олтмишга яқин тиббиёт муассасаси аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Ушбу масканларда бир минг икки юз нафарга яқин офтальмолог врач фаолият юритмоқда, дея хабар бермоқда ЎзА.  

Офтальмологияда кўзни микроскоп усулида кўриш ва даволаш амалиёти яратилиши натижасида илгари даволаш имкони бўлмаган кўплаб беморларни мутлақо соғломлаштиришга эришилмоқда. Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси марказида аҳолига юксак технологиялар воситасида тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Замонавий андозалар даражасида барпо этилган марказда кунига 150 қатновга мўлжалланган маслаҳат-ташхис поликлиникаси, эллик ўринли стационар, жарроҳлик, замонавий лаборатория ва марказлашган стерилизация бўлимлари мавжуд.

Марказда кўз касалликларини эрта аниқлаш ва самарали даволаш борасида тараққий этган мамлакатларда қўлланилаётган юксак технологиялар амалиётга кенг татбиқ этилмоқда. Жумладан, катаракта, миопия касаллигини даволашда қўлланилаётган лазер жарроҳлиги усули, глаукома ва неоваскуляр глаукомани даволашда қўлланилаётган ксеноколлаген дренаж имплантацияси, шишасимон тана ва тўр парданинг оғир хасталикларини даволашда қўлланилаётган витреоретинал жарроҳлик амалиётлари бунга мисолдир.

Олимлар ва шифокорлар бу йўналишдаги илмий-амалий ишларни ривожлантириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада юксалтириш  мақсадида жаҳон тиббиётининг долзарб масалалари бўйича кенг кўламли илмий изланишларни олиб бормоқда. Тиббий-профилактика тадбирларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир. Шу мақсадда қишлоқ врачлик пунктларида ташкил этилаётган саломатлик кунларида офтальмолог ва кўз микрожарроҳлиги соҳаси шифокорлари фаол иштирок этаётир.

Диагностика ва даволашнинг янги усулларини кенг ёйиш, замонавий тиббий ёрдамни аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида жойларда етук олимлар, малакали шифокорлар иштирокида мунтазам равишда маҳорат  дарслари ташкил этилмоқда. Бундай чора-тадбирлар касалликларни камайтириш, халқимизнинг саломатлик кўрсаткичини оширишда ўз самараларини бераётир.

Матбуот анжуманида офтальмология ва кўз микрожарроҳлиги соҳасида тиббиётимиз ва илм-фанимиз эришаётган ютуқлар, жаҳон тиббиётининг илғор услубларини ўзлаштириш ва ундан амалиётда фойдаланиш самаралари, халқаро ҳамкорлик лойиҳалари ва истиқболдаги устувор вазифалар ҳақида сўз юритилди. Журналистларнинг  саволларига жавоб қайтарилди.

    Бошқа янгиликлар