1

Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликка қатъий қарши бўлган "Миллий тикланиш" партиясининг ушбу масалада баёноти эълон қилинди

СИЁСАТ 29.04.2020, 06:51
Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликка қатъий қарши бўлган "Миллий тикланиш" партиясининг ушбу масалада баёноти эълон қилинди

Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик масаласида “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг баёноти эълон қилинди.

"Халқимизнинг минг йиллик миллий ва тарихий қадриятлари қўшнилар билан доимо ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлишга чақирган.  

Айнан шу принципга таянган Янги Ўзбекистоннинг янги ташқи сиёсати мамлакатимизни яқин қўшнилар билан алоқаларда янги даврни бошлаб берди. Бу нафақат сиёсий, балки иқтисодий муносабатларни ҳам яхшилади ва минтақада барқарор ўсиш учун мутлақо янги геосиёсий муҳитга сабаб бўлди.

Дунёда ҳеч қайси давлат ўз миллий қобиғига ўраниб олиб ривожланолмайди. Биз бу йўлни ҳам синаб кўрдик, натижани ҳаммамиз жуда яхши биламиз.  

Шуни алоҳида таъкидлашни истаймизки, биз миллий манфаатларимиз ва халқимизнинг хоҳиш-иродасига мос келадиган ҳар қандай ҳамкорликка тарафдормиз.

Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик масаласи “Миллий тикланиш” демократик партиясининг фракциясида партиямизнинг Дастури ва сайловолди платформасидан келиб чиқиб батафсил таҳлил қилинди.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган информацион таҳлилий материалларни ҳам ўрганиб чиқдик.  

“Ҳукумат соати” ва “Парламент эшитуви” орқали масалага алоқадор вазирлик ва идораларга бизни ўйлантираётган саволларни бердик. Жавоблар хавотирларимизни камайтиргани йўқ.  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери биринчи ўринбосари Акмал Саидов бошчилигида фаолият олиб борган Ишчи гуруҳининг ўрганиш натижаларини диққат билан ўргандик ва тегишли хулосаларга келишда фойдаланилди.

Фракциядаги узоқ муҳокамалар ва батафсил таҳлиллардан кейин якуний хулосага келинди.

Партия фракция аъзолари ҳозирги шароитда Ўзбекистонни Евроосиё иқтисодий иттифоқига нафақат аъзо, балки кузатувчи бўлишга ҳам тайёр эмас деб ҳисоблайдилар.

Бу хулосага келишимизга сабаб бўлган айрим жиҳатларни айтиб ўтаман.

Биринчидан, бу хамкорлик хорижда ишлаётган ватандошларимиз даромадини ошириши мумкин, лекин иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларида малакали миллий кадрларни йўқотишга олиб келади. Бу ўрта ва узоқ истиқболда миллий иқтисодиётимизга жиддий зарар беради.

Иккинчидан, ягона бож тарифи 6 мингга яқин товарларда бож ставкаларини ўзгартиришни талаб қилади. Бу силкиниш босқичма-босқич, имтиёзлар билан амалга оширилган тақдирда ҳам миллий иқтисодиётимизга жиддий зарар беради. Шу билан бирга, муҳим инвестицион лойиҳаларни амалга ошмаслигига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Учинчидан, иттифоқда амалда бўлган 48 та техник регламентнинг 5 тасидан хабардормиз, 14 тасида жиддий тавофутлар бор, 29 та регламент бизда умуман мавжуд эмас.

Тўртинчидан, биз дунё иқтисодиётига жиддий зарба бўлиши кутилаётган пандемиядан кейинги даврни қандай тус олиши ҳақида аниқ тасаввурга эга эмасмиз. Кўпгина халқаро экспертлар постпандемик давр давлатлараро тузилмалар учун жуда оғир бўлади деган фикрни илгари суришмоқда.

Бу масалада Россия Федерацияси ташқи ишлар вазирининг йирик 20 талик ва Европа иттифоқи билан бир қаторда ЕОИИ ва МДҲни ҳам қайта тафаккур қилиш (!) хақидаги фикрини эътиборсиз қолдириб бўлмайди.

Шунингидек, фракция азолари Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги мамлакат ижтимоий-сиёсий тараққиётининг асосий кўрсаткичларига, давлат суверенитетига ва давлатчиликнинг бошқа асосларига таъсир қилишининг салбий эҳтимолларини инобатга олиш лозим деб ҳисоблайдилар.

Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб “Миллий тикланиш” демократик партияси бугунги шароитда Ўзбекистонни ЕОИИга аъзо мамлакатлар билан амалдаги икки томонлама ҳамкорлик муносабатларини ривожлантирган шаклда давом эттиришни энг тўғри йўл деб ҳисоблаймиз", дейилади расмий баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, кеча, Ўзбекистоннинг Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи билан ҳамкорлиги юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг якуний қарори қабул қилинди.

Бу масалада "Миллий тикланиш" партияси Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига кузатувчи сифтида ҳам қатнашишга норозилигини билдирган эди. 

Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев ҳам ўз муносабатини эълон қилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1