Хорижда яшайдиган ватандошларимизнинг ҳаёти ва фаолияти кўпчилик учун қизиқ. Суҳбатдошимиз, ўз соҳасида муваффақиятларга эришган, асли фарғоналик бўлган Жон Тошматов бугунги кунда АҚШда яшайди. Ватандошимизнинг IT соҳасидаги муваффақият сирларини билиш учун журналист Дилфуза Собирова у билан боғланиб, интервью олди.
– Аввало ўзингиз ҳақингизда маълумот берсангиз,ITсоҳасини ўрганиш учун қайси даргоҳларда таълим олгансиз?
– Мактабни битирганимдан сўнг, Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университетига ҳужжат топширганман, лекин афсуски, балларим етмади ва ўқишга кира олмадим. Кейинги йил Фарғона Политехника университетига ўқишга кириш насиб этди.У ерда 1998 йилгача ўқиб, сўнг АҚШнинг ўқиш ва малака ошириш дастури бўйича “KaliforniyaPolitexnikaUniversiteti”га кирдим. Дастурни муваффақиятли якунлаганимдан сўнг Айова штатидаги Кларк университети КompyuterTexnologiyalariйўналишида бакалавр тизимини битирганман ва сўнгра Флорида штатининг Seynt-Liyoуниверситетида магистр тизимида ҳам ўқидим.
–Ҳозирда кўпчилик ҳавас қиладиган натижаларга эришдингиз, муваффақиятингиз сири нимада деб ўйлайсиз?
– АҚШга ўқиш ва тажриба орттириш ниятида келганман. Билмадим, ҳамма ҳавас қиладиган даражага етдимми ёки йўқ, лекин АҚШда мен нуфузли университет ва ўқув марказларида таҳсил олишга муваффақ бўлдим. Катта-катта компанияларда ишлаб, тажриба орттирдим, ҳозирда эса Нью-Йорк шаҳрида ўз ватандошларимга информацион технологиялар бўйича таълим бериб келмоқдаман. Америка имкониятларга бой давлат бўлиши билан бирга, ўзига хос рақобат кучига ҳам эга. Ўз тажрибамдан келиб чиққан ҳолда ҳозирда иш юритиш бўйича ўзига хос услубга эгаман.
Феълимда таслим бўлмаслик бор. Ҳар бир қилаётган ишингизда албатта, тўсиқлар учрайди, бошида ўхшамаслиги мумкин, лекин одам таслим бўлмасдан йўлида давом этса, менимча ҳамма нарсага эришса бўлади. Кейинчалик ўз тажрибангизга эга бўлганиздан сўнг, оғир меҳнат ақлий меҳнатга ўтади, ўшанда сиз ўз ишингиз устасига айланиб бораётганингизни тушунасиз.
– Бугунги бизнес фаолиятингиз ҳақида сўзлаб берсангиз. У нималардан иборат?
– Бугунги кунда АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ватандошларимиз сони кўпайиб бормоқда. Барчамизга маълум, АҚШда ватандошларимиз ўзлари танлаган касбларини давом эттиришлари жуда қийин. Бунинг учун тилни мукаммал билиш ва 4-5 йиллик бакалавр тизимида ўқиш лозим. Шунинг учун мен қисқа муддатли, яъни 6-9 ой оралиғида ўқиш мумкин бўлган IT-курсларини очганман. Ватандошларимга IT соҳасида керакли бўладиган билимларни ўргатаман. IT соҳаси жуда кенг қамровли, тиббиёт, журналистика, спорт, ҳайдовчилик, бизнес юритиш ва яна кўплаб касбларни ўз ичига олади. Кўплаб ватандошларимиз тиббиёт соҳасига қизиққан ҳолда ўзлари танлаган йўналиш бўйича IT-технологияларни ўрганиб, ишлаб келишмоқда. Ўзбекистонда ҳам IT-ўқув марказини очмоқчиман. Унда малакали дастурчиларни тайёрлаб, дунёнинг барча ривожланган малакатларидан мижозлар топиб, Ўзбекистон дастурчиларини иш билан таъминлаш ва Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришга ўз ҳиссамни қўшиш ниятидаман.
– Ўзбекистонлик ёшлар жуда ҳаракатчан, бу интервью уларни илҳомлантириши, шубҳасиз. Сиз каби муваффақиятга эришган инсонлар маслаҳати уларга жуда асқатади ва мотивация беради. Уларга қандай тавсиялар берган бўлардингиз?
– Ўзим ҳам ёшлигимдан жуда интилувчан ва ҳаракатчан бўлганман, айнан шу хислатим эришган муваффақиятларимга сабаб бўлган дея оламан. Ёшларимизга ҳар доим илм йўлида ҳаракат қилинг ва замонавий билимлари ўрганинг, деган бўлардим. Ҳеч қачон хато қилишдан қўрқманг. Кўплаб ютуқлар хатолар эвазига келади. Ўзим доим риоя қиладиган бир шиор бор: “Ақлли одам ўз хатолардан сабоқ олади, ақллироқ одам эса бошқаларнинг хатосидан сабоқ олади, аммо доно одам бошқаларнинг муваффақиятидан ўрганади”. Ҳеч қачон эришган даражангизда тўхтаб қолманг, ҳар доим янада баландроққа кўтарилишга интилинг. Келажакка қандайдир мерос қолдиришга интилиб яшаш керак.
– “My IT Education” компаниясининг келажагини қандай кўряпсиз? Ҳақиқатдан ҳам тўрт йиллик ўқиш давомида олинадиган билим ва кўникмаларни олти ойда ўрганиш мумкунми? Ўзбекистондан туриб ҳам ўқув марказингизда онлайн таълим олса бўладими?
– “My IT Education”нинг олдига қўйган асосий мақсади, бу АҚШдаги ватандошларга IT соҳасининг фундаментал билимини ўргатиш ва уларга шу соҳа бўйича иш топиш малакасини тушунтириш. Ҳозирги “My IT Education” марказида таълим олганлардан бештаси Zend Sertifikat Muhandisi унвонига эга бўлди ва бир нечтаси шу соҳада ишлаб келмоқда. Фаолиятимизни яқинда бошлаганимиз сабабли, ҳали натижаларимиз у даражада катта эмас. Агар тўрт йиллик бакалавр тизимини ўқиб битириш учун ўртача 120 та кредит керак бўлса, ўшанинг ярмидан кўпи таълимнинг умумий дарслари ҳисобланади, яъни тарих, инглиз тили ва шу каби гуманитар фанлар киритилади. “My IT Education” да биз фақат компьютер соҳасига керакли бўлган фанларга эътиборимизни қаратамиз ва кўпроқ ҳақиқий лойиҳалар устида ишлаш бўйича тажриба оширамиз. Ҳозирда биз: HTML, CSS, JavaScript, JQuery, Angular, Bootstrap, PHP, SQL, AWS ва яна кўплаб дастурлаш дарсликлари билан ватандошларимизга таълим беряпмиз. Ва дастур охирида талабаларга резюмелар ёзиш ва иш суҳбатларига тайёрланишда кўмаклашамиз. Ўзбекистондагилар ҳам албатта, бизнинг курсларда онлайн равишда таълим олиши мумкин, бунгинг учун фақат компьютер ва интернет бўлса бас.
– Ҳозир бутун дунё карантинда, ёшларга карантин пайтида нималар билан машғул бўлишни тавсия этган бўлардингиз?
– COVID-19 дунёга келган бир бало бўлди деб ўйлайман. Карантин пайтида уйда ўтириш жуда ҳам муҳим чоралардан бири. Бу вируснинг тарқалишини олдини олиш билан бирга тўхтатади ҳам. Уйда ўтиргандан фойдаланиб, ёшларимиз илм олишлари мумкин. Олдин қурган режаларини амалга ошириш мақсадида ўзлари хоҳлаган лойиҳалари устида ишлари, IT-соҳалари бўйича онлайн тизимда сабоқ олишлари мумкин. Дастурлашни ўрганиб олишса, Ўзбекистондан туриб катта-катта компаниялар билан ишлашлари мумкин. Агар сиз IT-соҳасида дастур тилини билсангиз, хоҳлаган жойда ишлашиз мумкин. Қаердан бўлишингиздан қатъи назар. Чунки бу соҳа чегара танламайди. Сиз технология тилларини яхши билсангиз бўлди.