АсосийJamiyat

“Ташаббус-2015”: Йилнинг энг яхши тадбиркор, фермер ва ҳунарманди аниқланди

11 июнь куни “Туркистон” саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Ташаббус – 2015” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди

Жорий йилда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилган анъанавий кўрик-танловда 6,2 мингдан зиёд тадбиркор, фермер ва ҳунарманд иштирок этди. Кўрик-танловнинг туман, шаҳар ва вилоят босқичларида ғолиб бўлган 41 иштирокчи  мамлакат босқичига йўлланма олди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Фермерлар кенгаши, “Ҳунарманд”  уюшмаси томонидан тегишли вазирлик ҳамда идоралар ҳамкорлиги ва кўмагида ташкил этилди. 

Ғолиблар танловнинг “Йилнинг энг яхши тадбиркори”, “Йилнинг энг яхши фермери” ва “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” асосий йўналишлари, шунингдек, “Йилнинг энг ёш тадбиркори”, “Кекса тадбиркор – “Ташаббус” эъзозида”, “Йилнинг энг яхши тадбиркор аёли”, “Йилнинг энг яхши инновацион лойиҳаси”, “Ёшлар учун энг кўп иш ўринларини ташкил этган тадбиркор”, “Менинг Ватаним – менинг фахрим”, “Йилнинг энг яхши маҳсулоти” ва бошқа қўшимча номинациялар бўйича аниқланди.

“Йилнинг энг яхши тадбиркори” йўналиши бўйича Тошкент вилоятидаги “Takro Osiyo” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Камолиддин Ғиёсов ғолиб бўлди. У раҳбарлик қилаётган корхона мато тўқиш ва трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда экспорт қилиш билан шуғулланади.

Наманган вилоятилик Илёсжон Ботиров “Йилнинг энг яхши фермери” деб топилди. “Раис-Санг” кўп тармоқли фермер хўжалигида пахта ва ғалла, иссиқхона маҳсулотлари етиштирилади, чорвачилик билан шуғулланилади.

Хоразм вилоятилик Аллазар Саъдуллаев “Йилнинг энг яхши ҳунарманди”, деб эълон қилинди. Халқ ҳунарманди тарихий ёдгорликлар ва зиёратгоҳларни таъмирлаш бўйича ишлари билан машҳур.

“Ташаббус – 2015” кўрик-танлови ғолибларига Президентимиз соврини – “Spark” автомобиллари калити, иккинчи ва учинчи ўрин соҳибларига пул мукофотлари, махсус номинациялар совриндорларига қимматбаҳо совғалар  топширилди. 

    Бошқа янгиликлар