2015 йилнинг 9 июнь куни мобил алоқа операторларининг дилерлик тармоқлари фаолиятини тартибга солиш ҳамда лицензия келишувлар шартлари ва юридик шахслар билан дилерлик хизматларини кўрсатиш учун шартномалар тузишда ўрнатилган талабларни бажарилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мобил алоқа хизматларини кўрсатувчи операторлар учрашув ташкил этилди.
Бу ҳақда Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси хабар беради.
Ушбу тадбирда операторларнинг масъул мансабдор шахслари ва мутахассислари, шу билан бирга Инспекциянинг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вакили иштирок этдилар.
Учрашувда ҳар бир операторнинг дилерлик тармоғидаги мавжуд камчиликлар, жумладан операторлар томонидан дилерлар фаолияти устидан назорат ишлари етарлича амалга оширилмаслиги, мижозларга сифатли хизмат кўрсатиш бўйича дилерлар билан тушунтириш ишлари олиб борилмаслиги, дилерлик пунктларининг оддий эстетик талабларга жавоб бермаслиги каби камчиликлар ва уларнинг бартараф этиш йўллари муҳокама қилинди.
Тадбирда айтиб ўтилган барча камчилик ва таклифлар атрофлича муҳокама қилинди ва натижалари юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.





